Супертўпурарни ярим нархига олиш имконияти пайдо бўлди. Чегирма фақат бир ой давом этади

“Штутгарт” ҳужумчиси Серу Гирасси бутун Европада мавсум кашфиёти бўлди, дейиш мумкин. Бунгача ўртамиёна ўйин намойиш қилган ва эътибордан анча четда юрган футболчи бирданига супертўпурарга айланди.

Гирасси мавсум бошидан бери саккизта учрашувда 14 та гол уриб, “Штутгарт”ни иккинчи ўринда олиб юрибди.

Германия чемпионатида ҳали бирор футболчи, ҳатто Эрлинг Холанд ва Роберт Левандовски сингари машҳур тўпурарлар ҳам Бундеслигадаги бир неча йиллик фаолияти давомида лига стартидаёқ бундай юқори кўрсаткичларни қайд эта олмаган.

Айни пайтда “кўҳна қитъа”нинг катта клублари Серуни нишонда ушлаб турибди. Таниқли журналист Флориан Плеттенбергнинг ёзишича, Гирассининг шартномасида футболчини 2024 йилнинг январь ойида 20 миллион еврога сотиб олиш мумкинлиги ҳақида банд бор.

Қайси жамоа қишки трансферлар вақтида Серу Гирассини трансферга кўндира олса, яхши ҳужумчига эга бўлади.

Transfermarkt порталида Гирассининг асл нархи 40 миллион евро экани кўрсатилган. Агар ҳужумчи тўпурарлик қобилиятини намойш этишдан тўхтамаса, мавсум охирига бориб, унинг трансфер нархи ҳам янада  кўтарилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!