"Сурхон" бош мураббийи жамоасининг аламли мағлубияти ва сўнгги дақиқада фойдаланилмаган пенальти ҳақида

“Сурхон” – “Навбаҳор” (1:2) учрашувидан кейин термизликлар бош мураббийи Сергей Арслонов бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Дастлаб ўйин ҳақидаги фикрларингизни эшитсак.

- Ҳаммага хайрли кеч. Биз бугунги ўйинда аламли мағлубиятга учрадик. Ҳаммаси ўз қўлимизда эди. Бироқ охирги дақиқада имкониятдан фойдалана олмаслигимиз ҳисобига мағлубиятга учрадик. “Навбаҳор”ни ғалаба билан ва бу орқали олдинга қадам ташлагани билан табриклаб қоламан.

Жамшид Искандеров ва Остон Ўруновни мамлакатимиздаги энг кучли ўйинчилардан деб ҳисоблайман. Улар майдонда бир-бирларини жуда яхши тушуниб ҳаракат қилишяпти. Биламизки, иккала футболчилар жамоасининг етакчилари ҳамда вазиятни ўз қўлига оладиган кучли ижрочилар эканини барчамиз яхши биламиз. Бундай футболчиларга қарши ўйнаш жуда қийин. Қаердадир яхшироқ ҳаракат қилишингиз керак, яна қаердадир пухта ўйлаб, фикрлаб ўйнамасангиз акс ҳолда улар ўз вазиятларидан яхши фойдаланиб кетадилар. Остондаги кучли дриблинглар, Жамшиддаги майдонни яхши кўра олишлари уларни чемпионатимиздаги кучли футболчилар эканлигидан далолат беради. Уларга қарши тўп суриш ҳар қандай рақиб учун оғир. Улар миллий терма жамоага ҳам бежизга чақирилмаётганини ҳар бир учрашувда исботлашмоқда. Бугун ҳам иккаласи ўз вазифаларини аъло даражада бажаришди, деб ўйлайман.

- Бу иккаласини индивидуал ва жамоавий тарзда ўйнаганда ҳам кучли деб ҳисоблайсизми?

- Замонавий футболда бугун кўп нарсаларни талаб қилмоқда. Барибир ҳар қанча маҳоратли бўлмасин бир ўзи барчасини амалга ошириши оғир деб ҳисоблайман. Искандеров ва Ўрунов сингари маҳорат эгалари ҳар қандай вазиятдан ҳам унумли фойдалана оладилар. Бугун шундай тажрибали ижрочиларга қарши имкон қадар ҳаракат қилдик, аммо мағлубиятга учрадик.

- Бир қанча футболчиларингизнинг руҳий ҳолати яхши эмасга ўхшади. Масалан, пенальти тепилаётганда ҳам бу ҳолат сезилгандек бўлди...

- Тўғри айтяпсиз, бундай паллаларда ўйинчиларнинг руҳий ҳолати катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Учрашувни охирги сонияларда ҳамма ҳам пенальти тепишга журъат қилавермайди ва бундай пайтда ҳар кимни ҳам руҳий ҳолати тайёр бўлавермайди. Бу осон эмас. Шу боис ўйинчини ҳам тўғри тушуниш керак. Пенальти – бу лотерея. Кўп нарса руҳий ҳолатга боғлиқ. Агар сўнгги дақиқаларда руҳий жиҳатдан яхши бўлса, вазиятдан фойдаланиши мумкин. Буни ҳеч қандай хавотирли жойи йўқ. Футболда бу каби ҳолатлар бўлиб туради.

арслонов2_3

- Пенальти нега айнан Нимелига топширилди?

- Жамоамизда штатда пенальти тепадиганлар орасида Нимели ҳам бор эди. 11 метрлик белгилангач, у тўпни олди ва тепишга қарор қилди. Биз унга ҳеч қандай эътироз билдирмадик. Аммо фойдалана олмади, нима ҳам дердик. Бу вазиятда футболчимизни қоралай олмаймиз. Уни ҳам тўғри тушуниш жоиз. Гол уриш мақсадида тўп ёнига келди. Вазиятдан фойдалана олмаганлигини тўғри қабул қиламан.

- Ўша ҳолатда балки Ўткир Юсуповнинг маҳорати иш бергандир...

- Албатта, у миллий терма жамоамизнинг бежизга биринчи рақамли дарвозабони эмас. Шунинг учун ҳам у пенальтини қайтаришга эришди, деб ўйлайман. У жамоасининг ғалабасини таъминлади ва учрашув қаҳрамонига айланди.

- Бу мавсумда “Сурхон” “Навбаҳор”га қарши уч марта ўйнади ва барчасида имкониятни бой берди. Бунга нима сабаб?

- Бундан аввалги уларга қарши иккита учрашувда мағлубиятга учрагандик. Шу сабабли йигитлар бугунги ўйинни интизорлик билан кутишганди. Афсуски, бу сафар ҳам натижа ўхшамади. Жанг таклиф қилмоқчи эдик ва жанг бўлди. Аммо натижа уларнинг фойдасига ҳал бўлди. Агар пенальтидан гол урганимизда очко олган бўлардик. Барчаси руҳият билан боғлиқ. Жамоамизга бироз тажриба ҳам етишмади. Ўйинчиларимиз анча ёш. Лекин ўйлайманки, шундай учрашувлар орқали ёшлар тажрибаларини ошириб борадилар.

арслоно2_1

- Футболчиларингиз ўйин балансини ушлаб тура олмаганга ўхшади. Бу борада нима деб ўйлайсиз?

- Тўғри, ҳимоядан ҳужумга ўтишимизда бир қатор муаммолар юзага келди ва балансни йўқотгандек бўлдик. Буни тан оламан. Тўпни йўқотган пайтларимиз бўлди ва бу кейинчалик бизга анча қимматга тушди. Биз ҳам тўп билан яхши ўйнашга ҳаракат қилдик. Барибир ҳужумларда аниқлик етишмади. Рақибда индивидуал маҳорати юқори ўйинчилар кўп, масалан, Остон Ўруновнинг мана шундай маҳорати эвазига ҳам натижаларга эришишяпти.

- “Сурхон”да ҳам мана шундай ўйинчилар бўлганида натижа бошқача бўлиши мумкинмиди?

- Нафақат “Сурхон”да, балки замонавий футболда ҳар қандай жамоада индивидуал маҳоратли ўйинчилар алоҳида аҳамият касб этади. Улар ўйин тақдирини ҳал қилиб кетадилар. Бугун буни Ўрунов мисолида кўрдик. Бизда ҳам шундай футболчилар топилади, фақат уларга озгина вақт керак. Каримов каби иқтидор эгаларига эътибор қаратинг ва кейинчалик унга ўхшаганлардан шундай маҳоратни кутишимиз мумкин. Уларга имконият беряпмиз, шароит яратяпмиз. Демак, улар ҳам юқори даражага чиқа оладилар, деб ўйлайман. Биз барча мураббийлар болалар футболига ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур. Уларнинг ўсишини доимий равишда кузатиб боришимиз керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
28/10/2023 10:52
Сурхон га омад жамоа уз уйига кайтиши керак
ишбобоев жума
27/10/2023 23:24
Сурхонинг курсатган уйини учун рахмат. Барчаси олдинда. Олга Сурхон. Биз Сизларга ишонамиз. УФА судьяларни уйинга тайинлашда адашишмасин,Т.Тухтасиновлар нафакага чикишсин.