"Сурхон" бош мураббийи: "Унинг қизил карточкаси фаолиятида биринчиси"

Cоcа-Cоlа Суперлиганинг 4-тури доирасида «Бухоро»ни мағлуб этган «Сурхон» клуби бош мураббийи Сергей Арслонов жамоаси ниманинг ҳисобига ғалаба қозонгани, Силванус Нимелининг кучли жиҳатлари, унинг жамоаси ёпиқ тарзда ўйнамаслиги ва Жамолутдиновнинг қизил карточкаси борасида гапирди.

«Аввало, айтишим керакки, бугун эҳтиросларга бой ўйин бўлди. Футбол нафақат ақл ва тезлик, балки эҳтирослар орқали ўйналадиган ўйин. Бугун айнан шу жиҳатдан ютдик. Биз ўз эҳтиросларимизни бошқара олдик ва ғалаба қозондик.

Силванус Нимели жуда яхши бошланғич тезликка эга ва яхши позиция танлай олади. Биз доим унга Филиппо Инзагини мисол келтирамиз. Италиялик ҳужумчи ҳам яхши тезликка эга, майдонда қулай позиция танлай оладиган ҳужумчилардан бири бўлган. Силванусда ҳам ҳужумчи учун лозим бўлган барча жиҳатлар мавжуд.

Биз ўз услубимиз ва фалсафамизга эгамиз. Аввалги ўйинларда ҳам, бугун ҳам кўпроқ ҳужумда ўйнадик. Ёпиқ ўйин намойиш этмаймиз.

Жамолутдинов майдонда жуда совуққонлик билан ўйнайдиган ва дипломат футболчилардан биридир. Унинг қизил карточкаси фаолиятидаги биринчиси бўлди. Аввалари ҳеч қачон четлатилмаган эди. У билан гаплашиб олдик. Футбол жамоавий ўйин ва буни ҳис қилиш керак. Аммо жамоа ғалаба қозонса четлатиш унутилади дейишади. Биз ҳам буни унутамиз», - дейди мураббий.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!