"Сурхон"нинг испаниялик бош мураббийи "Навбаҳор"дан учралган мағлубиятдан сўнг: Ўйиндан қониқдим
Суперлиганинг 2-туридан ўрин олган “Сурхон” – “Навбаҳор” (1:2) учрашувидан кўнг ўтказилган матбуот анжуманида термизликлар бош мураббийи Анхель Лопез Перез қуйидагича фикр билдирди.
- Бугун ҳар икки бўлимда кўплаб имкониятларга эга бўлдик. Гарчи гол ўтказиб юборсакда, устунликни ўз томонимизга оғдиришга, рақиб ярим майдонида фаол ўйнашга интилдик. Бугунги мағлубиятга қарамай, жамоамиз ўйинидан қониқдим, йигитлар астойдил ҳаракат қилиб, максимал куч сарфлашди.
- Бугунги рақиб - “Навбаҳор”нинг ўйини ҳақида фикрингиз қандай?
- “Навбаҳор” Ўзбекистоннинг топ-жамоаларидан бири, яхшигина таркиб, маҳоратли ижрочиларга эга. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек фаол ўйнай олади. Ушбу рақиб билан ўйин ўтказиш қизиқ бўлди, шундай кучли жамоага қарши чиройли ўйнаганимиздан мамнунман. Мавсум олдидан тайёргарлик учун вақтимиз оз эди, лекин биз шу муддат ичида барчасига улгуришга ҳаракат қилдик. Танлаган йўлимиздан босқичма-босқич олдинга интилишда давом этамиз, кейинги ўйинларда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- “Сурхон” олдига қандай вазифа қўйилган?
- Биринчи галдаги мақсадимиз – рақобатбардош жамоа шакллантириш, аста-секин ўйинимизни кучайтириш. “Олимпик” билан ёмон ўйнамадик, бугун “Навбаҳор”га қарши янада кучлироқ ўйин намойиш этиб, ўзимизни кўрсатдик, фақат бироз омад етишмади.
- Дастлабки икки тур ортда қолди. Ўзбекистон чемпионатидан олган илк таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Ўзбекистон чемпионатининг савия юқори. Бунгача 8 та турли мамлакатларда ишлаганман, демакки, нима деётганимни яхши биламан. Турли даражадаги лигаларни кўрган мутахассис сифатида Ўзбекистон Суперлигаси анча кучли дея оламан, яхши клублар бор. Бошқа давлатга эмас, айнан ўзбек диёрига, “Сурхон”га келганим ҳам гапимга исбот бўлиши мумкин.
- “Сурхон”нинг уй ўйинларини Самарқандда ўтказаётгани ноқулайлик туғдирмаяптими?
- Албатта, мезбон мақомидаги баҳсларнинг Термизда ўтишини хоҳлардим. Чунки стадионимиз, мухлисларимиз, уйимиз ўша ерда. Ҳозирча эса, вазият тақозосига кўра, барча ўйинларимиз меҳмонда ўтади. Бу албатта, муайян қийинчиликларни юзага келтиради. Умид қиламанки, Термиздаги стадионда таъмирлаш ишлари яқин вақтлар ичида якунланади ва биз тезроқ уйга қайтамиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар