Сув полочи қизларимиз тарихий натижа қайд эта олишадими?

Токио Олимпиадасига жамоавий спорт турларида ҳам йўлланма қўлга киритиш терма жамоаларимиз олдида турган улкан вазифалардан бири бўлиб турибди. Айни пайтда сув полоси бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мазкур йўлланмага курашиш учун етарли даражада шаклланган ва жамоамизда Олимпиада лицензиясини қўлга киритиш учун имконият бор. Келинг, шу ўринда мазкур спорт тури бўйича Олимпия ўйинларига йўлланма олиш тартиби билан таништириб ўтсак. Регламентга кўра, Олимпиадада 10 та терма жамоа қатнашади ва ушбу мусобақалар Токио Олимпиадаси учун йўлланма беради:

• Мезбон (Япония)
• 2019 йилги Жаҳон лигаси (ғолиб);
• 2019 йилги жаҳон чемпионати (ғолиб);
• 2019 йилги Панамерика ўйинлари (ғолиб);
• Океания/Осиё/Африка учун лицензион турнир(ғолиб);
• 2020 йилги Европа чемпионати (ғолиб);
• Жаҳон квалификацион мусобақаси (финалчилар).

Жорий йилнинг 12-16 февраль кунлари Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳрида сув полоси бўйича аёллар ўртасида Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи қитъавий мусобақа бўлиб ўтиши белгиланган, бироқ турнир коронавирус пандемияси сабаб бекор қилинган эди. Кейинчалик FINA (Халқаро сув спорти федерацияси) қарорига кўра, ушбу турнир ўрнига 2018 йилги Осиё ўйинларида қайд этилган натижага қараб Олимпиада иштирокчиси танлаб олинадиган бўлди. Бу борада байроқни Хитой жамоаси “илиб кетди”. Нур-Султондаги мусобақада Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ғолибликка асосий даъвогар сифатида қаралаётган эди.

FINA жамоаларнинг узоқ тайёргарлигини инобатга олган ҳолда жаҳон лицензион турнирида Ўзбекистон терма жамоасига wild card асосида иштирок этиш имкониятини тақдим қилди. Ушбу мусобақа 2021 йилнинг 17-24 январь кунларига белгиланган бўлиб, Италиянинг Триесте шаҳрида ўтказилади. Регламентга кўра, мусобақада худди Олимпия ўйинларида бўлгани каби 10 жамоа қатнашади. Ҳозирда турнирга қуръа ташланган бўлиб, у қуйидагича кўриниш олган:
“А” гуруҳи: Нидерландия, Франция, Италия, Словакия ва Ўзбекистон;
“В” гуруҳи: Греция, Венгрия, Исроил, Янги Зеландия ва Қозоғистон.

Ўз гуруҳларида энг яхши натижа қайд этган 4 тадан жамоа мусобақани чорак финалдан давом эттиради. Якунда финал йўлланмасини қўлга киритган жамоалар тўғридан тўғри Токио Олимпиадаси лицензиясига ҳам эга бўлишади.

Айни пайтда Токио Олимпиадасига йўлланма олиб улгурган жамоалар: Япония, АҚШ, Испания, Канада, Россия, ЖАР, Хитой, Австралия. 

Манба: olympic.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!