"Таклифлар ҳақида кейин кўриб чиқамиз, ҳозирги мақсадим жамоада ўз ўрнимни топиш" - "Андижон"дан "Олимпик"га ўтган мундиал иштирокчиси ҳақида
Тошкентнинг “Олимпик” клуби иккинчи давра олдидан таркибига бир қанча келажаги порлоқ ўйинчиларни қўшиб олмоқда. Уларнинг орасида “Андижон”дан таклиф қилинган Шерзод Эсанов ҳам бор. Футболчи “Олимпик” жамоасига ижарага берилди.
Билсангиз керак, Эсанов бу йил Ўзбекистон U-20 терма жамоаси таркибида Осиё чемпиони бўлди ва жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этди. Табиийки, охирги пайтларда ўйинини анча кучайтирди. “Андижон”да эса ўтган йилдан бери тўп суриб келаётганди. Эндиликда Шерзод бор эътиборини “Олимпик”га қаратади.
У жамоасини ўзгартирганидан сўнг айрим саволларга жавоб қайтарди.
- “Андижон”да ўтказган фаолиятингиз ўзингизда қандай таассурот қолдирди?
- Фаолиятимда катта футболга қадам қўйишни “Андижон”дан бошладим. Ўйлайманки, бу ердаги бир ярим йиллик мавсум мен учун ҳар томонлама яхши бўлди. “Андижон”даги атмосфера ажойиб эди ва у ердаги ҳамма нарса менга ёқди, худди ўзим ўйлагандек. Шу фурсатдан фойдаланиб, “Андижон” клуби раҳбарияти, мураббийлари, футболчилари, ошпазлари, жамоа ходимлари ҳаммага катта раҳмат айтмоқчиман.
- Энди фаолиятингизда янги саҳифа очиляпти. “Олимпик”да олдингизга қандай мақсад қўйяпсиз?
- “Олимпик” клубига ўтишимдан мақсад кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиб, ўзимни яхши томонлама кўрсатиш ва ҳар жиҳатдан ўсишга умид қиламан.
- Жаҳон чемпионатида иштирок этдингиз. Ўша мундиалдан кейин сизга четдан ҳам таклифлар бўляптими? Легионерга айланиш режангизда борми ёки ҳозирча бунга эртами?
- Қизиқишлар бор, йўқ эмас. Аммо ҳозир қаерда бўлсам ўша ерда ўзимни кўрсатиш мен учун муҳим. Мавсум тугаганидан кейин таклифлар устида ўйлаб кўрамиз. Айни пайтдаги мақсадим эса янги жамоада ўз ўрнимни топиб, ёрдам бериш. Хориж таклифлари ҳақида эса кейин кўриб чиқамиз.
- Андижонда мухлислар сизни яхши кўришарди. Клубни тарк этиш оғир бўлмадими?
- Режамда кетиш йўқ эди. “Андижон”га анча ўрганиб қолгандим. Лекин менга таклиф бўлди ва бу ҳақида уйдагилар билан маслаҳатлашдим, ўрганиб чиққанимиздан сўнг бу чақирувга рози бўлдим. Барибир қачондир шундай бўлиши керак эди. Бироқ яна қайтараман: “Андижон”га анча ўрганиб қолгандим ва бу ўзим ёқтирган жамоа эди. Мухлислари эса жуда ажойиб. Бу ердаги бир ярим йиллик фаолиятим жуда яхши ўтди, ҳар томонлама ўсишга эришдим. Тажриба орттиришга эришдим. Мураббийлардан, катта футболчилардан кўп нарса ўргандим. Хуллас, “Андижон”даги фаолиятим зўр ўтди. Ҳаммаси учун раҳмат айтмоқчиман. Иккинчи давра жамоада омад тилаб қоламан.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар