"Тактик томонлама АГМКдан устунлик қилган ҳолда 3 очкони қўлга киритдик" - "Истиқлол" бош мураббийи ғалабани кимга бағишлади?
Марказий Осиё дербиси сифатида катта қизиқиш билан қарши олинган АГМК ҳамда “Истиқлол” жамоалари ўртасидаги ўйин кутилганидек, ҳужумкор ва қизиқарли тарзда кечди. Бироқ вакилларимиз учун мазкур ўйин омадсиз якунланди.
Голларга бой кечган тўқнашувда тожикистонликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада, АГМК Осиё Чемпионлар лигасидаги илк мағлубиятини қабул қилган бўлса, “Истиқлол” биринчи ғалабасини тантана қилди.
Ҳолбуки, Миржалол Қосимов жамоасида уч очкони қўлга киритиш учун яхши имконият бор эди. Олдинда тўртта ўйин қолди. Демак, АГМК бор эътиборини навбатдаги баҳсларга қаратади. “Истиқлол” эса, бу мусобақага очко улашиш учун келмаганини кўрсатмоқда. АГМКга қарши ўйиндан кейин “Истиқлол” жамоаси бош мураббийи Виталий Левченко sports.uz мухбирига интервью берди.
- Виталий Григорьевич, ғалаба билан табриклаймиз. Бўлиб ўтган учрашув хусусида фикрингиз қандай? Ниманинг эвазига уч очкони қўлга киритдик, деб айта оласиз?
- Ўйин жуда мураккаб кечди. Аммо мени қувонтиргани тактик жиҳатдан рақибдан устунлик қилган ҳолда қимматли уч очкога эга чиқдик.
- Бу “Истиқлол” учун тарихий ғалаба. Чунки Осиё Чемпионлар лигасида илк бор муваффақият қозонди. Шундай экан, ушбу ғалабани кимга бағишлайсиз?
- Биз қўлга киритилган ушбу муваффақиятни Душанбеда яшаётган барча мухлисларимизга бағишлаймиз. Фурсатдан фойдаланган ҳолда, уларни шу билан бирга шаҳар куни билан ҳам қутлайман.
- Дарвоқе, учрашув давомида АГМК томонидан киритилган гол оффсайд туфайли ҳисобга олинмади. Ўша вазиятни кўрдингизми? Адолат нуқтаи назаридан қараганда нима дея оласиз?
- Ҳозирча мен буни кўрмадим. Шу боис, юзага келган ҳолатни изоҳлай олмайман.
- Нима деб ўйлайсиз, АГМК сиз кутгандек қаршилик кўрсатдими ёки?..
- Ҳа, биз шундай мураккаб ўйин бўлишини олдиндан кутгандик. Бундай оғир баҳсда ғалаба қозониш янада ёқимли. Биз АГМКнинг ўйинини ўта синчиклаб ўргангандик. Ўз навбатида бу учрашувда ғалаба қозонишимиз учун муҳим омил сифатида хизмат қилди.
- Ўйин қаҳрамони, деб кимни айтган бўлардингиз?
- Бугун жамоамиз майдонда қойилмақом кўринди. Бутун турнир давомида йўлни бир текис босиб ўтиш футболчиларга осон бўлмайди. Айниқса, оғир учрашувдан сўнг, ўйинчиларнинг ҳаммасида тикланиш силлиқ кечмайди. Кимдир ўзига келиши учун кўпроқ, яна кимдир эса озроқ вақт сарфлайди.
- Сизнингча, гуруҳдан кимлар чиқади, деб ўйлайсиз?
- Албатта, жамоамизда ҳам гуруҳдан чиқиш учун имконият сақланиб турибди. Шундай экан, қолган беллашувларни ҳам муносиб ўтказишга ҳаракат қиламиз. Қолганини вақт кўрсатади.
- Нидерландиялик Хусейн Доганни қандай топдингиз?
- Мен унинг агенти билан ишлаяпман. Табиийки, агент уни бизга тавсия қилган.
- “Истиқлол” учун янги саҳифа очиляпти. Сизнингча, жамоангизни олдинда яна нималар кутяпти?
- Олдимизга гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилган. Уни бажаришга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар