Танганинг орқа томони. Глейзерларга

Сэр Алекс Фергюсон 2013 йили «Манчестер Юнайтед»ни АПЛдаги навбатдаги ғалабага етаклаб келиб, нафақага чиқиб кетганидан бери мазкур клуб олдинги мавқеини йўқотишга тушди. Шунинг учун бўлса керак, премьер-лигадаги ўртамиёна ва аутсайдер мақомидаги иштирокчилар ҳам «Қизил иблислар»га қарши бирор-бир ҳадик, қўрқувсиз ўйнашни ўзлаштириб бўлганлар.

Албатта, сэр Алекс жамоа америкалик Глейзерлар қўли остига ўтганидан кейин ҳам улар билан анча ишлаган. Асосийси, шотландиялик афсонавий мураббий хўжайинларига гапини ўтказа оларди. Лекин ундан кейинги мураббийлар хусусида бундай деб бўлмайди. Энг ачинарлиси, Фергюсон нафақага чиққанидан бери Глейзерлар клубнинг спорт натижалари ўзларини мутлақо қизиқтирмаслигини очиқ-ойдин намойиш этиб келмоқдалар.

«Манчестер Юнайтед»нинг ашаддий ишқибозлари сэр Алекс Фергюсон мураббийликдан нафақага чиққанидан бери клуб эгалари ва керак бўлса, таркибдаги айрим етакчиларга юритилаётган бундай сиёсатдан норози эканликларини намойиш этиб келмоқдалар. Масалан, улар Уэйн Рунида ўз вақтида «Манчестер Сити»га кўчиб ўтиш имкони юзага келган маҳалда ҳужумчининг уйи олдида тўпланиб, унга ашаддий рақиб сафига кўчиб ўтган тақдирда ҳолига маймунлар йиғлаши мумкинлигини эслатиб қўйишган. Ёки бўлмаса узоққа бориб ўтирмай, жамоа ижрочи директори лавозимида ишлаб келаётган Эд Вудворднинг Чеширдаги уйи жорий йил 29 январда ультрас томонидан «ўққа» тутилганини мисол тариқасида келтирса бўлади. Эслатиш керакки, ўшанда ашаддий фанатлар файерларни уйга улоқтиришган ва шундай мазмунда ёзилган баннерларни қўлларида кўтарганча силкитишга тушгандилар: «Эд, барча кўргуликлар учун сен айбдорсан! Клубдан йўқол, Глейзерларнинг лаганбардори!» Ўша куни Эд Вудворднинг оиласидагилар билан дам олиш учун чет элга йўл олгани унга қўл келган. Акс ҳолда амалдор ва оиласидагилар даҳшатли воқеага гувоҳ бўлишарди.

эд вудворд

Бундан ташқари, маҳаллий фанатлар ўша воқеадан атиги уч кун ўтганидан сўнг «Вулверхэмптон»га қарши учрашувда хўжайинларидан норози эканликларини ўзлари жойлашган трибуналарини эртароқ тарк этиш орқали исботлашга ҳаракат қилганлар. Хуллас, юқоридагига ўхшаш турли кўринишдаги норозилик акциялари Фергюсондан сўнг жуда кўп маротаба ўтказилди. Таъкидлаш ўринлики, сэр Алекс клубни муваффақиятли тарзда бошқариш билан бирга трансфер сиёсатини ақл билан юритарди. Бу йўлда унга ижрочи директор лавозимида меҳнат қилган Дэвид Гилл беқиёс даражада ёрдам берган. Эътиборлиси, уларнинг ҳамкорлиги 16 йил давом этган ва ўз навбатида трансфер  стратегиясининг тўғри танлангани спорт натижаларига ижобий таъсир ўтказмасдан қолмаганди. Иккиси томонидан амалга оширилган қуйидаги бир иш ҳам барчасини тасдиқласа керак. 2007 йил қишки трансфер бозори очилиши олдидан клубда асосий ҳужумчи вазифасини бажариб келган Луи Саа жароҳат олиб сафдан чиққанди. Шунда Алекс Фергюсон билан Дэвид Гилл ҳужумчига эҳтиёж сезиб, якунда эркин агент мақомида юрган швециялик Хенрик Ларссонни танлашга қарор қилишган. Аҳамиятлиси, ўшанда 35 ёшдан ошган бу ҳужумчи «МЮ»да ажойиб ўйинлар намойиш этган. У туфайли клуб АПЛ чемпионлиги учун «Арсенал» ва «Челси»га қарши кечган курашда устун келган.

Анчадан бери жамоада ижрочи директор лавозимида меҳнат қилиб келаётган Эд Вудворд хусусида эса асосан танқидий оҳангдаги фикрларни билдириш мумкин. У ўзидан олдин шу лавозимда ишлаган Дэвид Гиллдан фарқли равишда ўйинчиларни танлашда нўноқ эканлигини исботлаб келмоқда. Мисол тариқасида яқинда «Шанхай Шенхуа»дан ижара асосида олиб келинган Одион Игалони келтириш мумкин. Биласиз, Хитойда тарқалган коронавирус туфайли бу футболчи икки ҳафталик карантинга юборилган. Ваҳоланки, Вудвордда таркибни кучайтириши мумкин бўлган ижрочилар борасида бошқа вариантлар ҳам йўқ эмасди. Шуни қўрқмасдан айтиш мумкинки, у худди Глейзерлар каби футболни яхши тушунмайди. Океанортилик хўжайинлар ва Эд Вудвордни спорт натижаларидан кўра, клубнинг молиявий кўрсаткичлари қизиқтиради холос.

ферги2

Буни шундан ҳам билиб олиш мумкинки, 2018 йили АҚШдаги агентликлардан бири «Манчестер Юнайтед»ни жаҳондаги энг қиммат футбол бренди сифатида эълон қилган. Ўшанда «Қизил иблислар» жамоаси 1,551 миллиард еврога баҳоланганди. Иш  бошқарувчини (албатта, Эд Вудворд назарда тутиляпти) клубнинг ЧЛ йўлланмаларидан бирига эга чиқа олмаслиги қизиқтирмайди. Ашаддий фанатларнинг дўқ-пўписаси ҳам Эдга таъсир ўтказмасдан қўйган. Тўғри, молиявий масалада унинг анча уқуви бор. Нега деганда, «Юнайтед» сэр Алекс Фергюсон мураббийликдан нафақага чиққанидан кейин ҳам пуллар билан боғлиқ масалада жаҳондаги энг сердаромад клублар топ-рейтингидан тушмасдан келяпти. Ўз ўрнида Глейзерларни Вудворд томонидан юритилаётган молиявий сиёсат тўла қониқтирмоқда. Акс ҳолда улар аллақачон иш бошқарувчидан қутулган бўлишарди.

Эд Вудворднинг трансфер сиёсати борасидаги нўноқлигини қуйидаги мисоллар ёрдамида ҳам билиб олиш мумкин. Маълумотларга қараганда, охирги беш йил ичида раҳбарият томонидан трансферлар учун 1,1 миллиард евро ажратилган. Бундан ташқари, футболчиларнинг маошлари учун бюджетдан 250 миллион евро сарфланяпти. Анхель Ди Мария, Радамель Фалькао ҳамда Алексис Санчеснинг омадсиз чиққан трансферлари ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз, АПЛда топ-6 даги  бошқа клублар трансфер сиёсатини яхши юритиш билан бирга уй ўйинлари ўтказиб  келинаётган стадионлардаги инфратузилмани замон талаблари даражасида бўлишига алоҳида аҳамият бермоқдалар. Аммо «Қизил иблислар»га тегишли «Олд Траффорд»даги ҳолат жуда ачинарли. Хабарингиз бўлса, аввалроқ афсонавий аренада Жанубий трибунадаги ҳолат ўта ёмонлиги ҳақида маълумотлар тарқатилди. Лекин Глейзерлар стадионни қайта таъмирлаш ҳақида ўйлаётганлари йўқ. Тўғри, баъзи манбаларда океанортилик хўжайинларнинг «МЮ»ни сотишга мойил бўлиб турганлари ва савдони 2,9 млрд.еврога тенг баҳо ўртага ташланганидан сўнг бошлашлари ёритилди. Бироқ потенциал харидорлар кўп эмас. Боз устига улар клубни эскириб кетган арена билан сотиб олишга рози бўлмасалар керак.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)