Таниқли футбол шарҳловчиси

 

Ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Даврон Файзиев “Қўқон-1912” футбол жамоаси ҳақида фикрларини билдирди. Унинг фикрлари клуб матбуот хизматининг Telegram'даги расмий каналида эълон қилинди. 

- Қўқон жамоасининг ўйинларини албатта кузатиб бораман.Ўтган мавсумда бу жамоанинг ўйинини кўриш жудаям ёқимли бўлди. Мавсум бошида ва кейинчалик ҳам жуда чиройли ўйин намойиш қилишди. Жамоада кўп ишлар қилингани билиниб турди. Тўғри ҳозирча чемпионлик учун даъвогарлик қилишмаган бўлса ҳам, жамоанинг ўз ўйин услуби пайдо бўлди. Бу услуб жуда кўп жамоаларни қийнаб қўйди. Умуман, Қўқон шаҳрига катта футболни қайтгани, стадионни мухлислар билан тўлиб тошганлари, миллий чемпионатимизнинг ривожига ижобий таъсир қилди, деб ўйлайман.

Энди келаётган мавсум ҳақида гапирсам. Эшитишимга қараганда, жамоа таркиби янги легионерлар ва маҳаллий футболчилар ҳисобига янада кучайган. Ўйлайманки, жамоа ўтган йилгидан ёмон ўйин кўрсатмайди. Бу борада жамоага омад тилайман. Қўқон шаҳри ўзбек футболининг ватани, футболимизнинг юзига айланган шаҳар десак хато бўлмаса керак. Шундай экан “Қўқон-1912” жамоаси ҳам шунга яраша ўйин кўрсатиб, суперлига баҳсларида муносиб иштирок этади деган умиддаман ва турнир жадвалининг юқори ўринларида бўлишини тилакдошиман.

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Бу ютуққа “Қўқон-1912” жамоасининг футболчилари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссалари қўшишди. Менимча бу футболчилар жамоада фаолиятларини давом эттиришяпти. Келаётган мавсумда бу ёш футболчилардан янада ёрқин ўйин кутяпман. Чемпион футболчиларимизнинг ўзларига бўлган ишончлари янада ортган бўлиши аниқ. Мен Жавоҳир Сидиқовнинг ўйинларини ўсмирлик пайтидан бери кузатиб бораман, у жудаям истеъдодли футболчи. Ўзбек футболига ҳали кўп фойдаси тегиши аниқ. Бу каби ёш футболчиларнинг жамоа асосий таркибида бўлиши, Қўқонликларнинг ўйинларини янаям кучайтиради менимча.

Келаётган мавсумда футбол кўриш учун Қўқонга бориб, у ердаги байрамона кайфиятни, стадиондаги ажойиб муҳитни ўз кўзим билан кўрмоқчиман. Қолаверса “Қўқон-1912” жамоаси матбуот котиби Акрамжон ака билан жудаям илиқ муносабатдамиз. У киши мени доим Қўқонга таклиф қилишади. Ўйлайманки, келаётган мавсумда Қўқонга бориш ниятим амалга ошади. “Қўқон-1912” жамоасига супер лига ўйинларида чин дилдан омад тилайман!, - деди Даврон Файзиев.