Танқид иш бермади, тактикани ўзгартирамиз!

Терма жамоамизнинг сўнги ўйинларда қайд этган натижаларидан сўнг, уларни танқид қилмаган инсоннинг ўзи қолмади. Бабаянни умрида кўрмаган пистачи аёллардан тортиб, боғча боласигача бош мураббийнинг истъефосини талаб қилди. Ҳаммаси ўз йўлига: танқид ҳам бошқаси ҳам. Энг муҳими мана шу шармандали натижалардан кейин ҳам барчаси ўз қўлимизда!

Эронга учралган мағлубиятдан сўнг, интернет “портлади”. Аммо кейинроқ Қатар Кореяни ютиб берди ва тақдиримиз ўз қўлимизда қолди. Бироқ, шундан сўнг ҳам Бабаяннинг истъефосини талаб қилишдан мухлисларни тўхтатиб бўлмай қолгани бор гап лекин, ЎФФ бунга жим қараб турмади ва ишқибозлар устига “муздек сувни сепиб юборди”, Бабаянга 5 сентябрьга қадар имкон берилди, танқид иш бермади. Бундай вазиятда эса ўзбекистонлик мухлислар терма жамоамиз бош мураббийидан фарқли равишда иш бермаган тактикани ўзгартиришди. Истеъфони кутиб сабри сарғайган мухлисларнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб кетган бир вақтда, халқ орасидан “GO UZBEKISTAN!!!” дея бир инсон байроқ кўтариб чиқди ва қисқа вақт ичида кўпчиликни бошини бирлаштира олди.

Терма жамоамизнинг ашаддий мухлиси Фазлиддин Ҳожимуҳамедов танқидий тактикани қўллаб-қувватлаш билан алмаштирди... Энди халқ бирлашмоқда, санъаткорлардан тортиб, деҳқонларгача, барча “GO UZBEKISTAN!!!” шиори остида терма жамоамиз йигитларини қўллаб-қувватлашмоқда.

Тан олайлик, йўқотадиганимизни йўқотиб бўлдик, энди бирор нарсани ўзгартириш имкони йўқ. Уйда бемалол телеэкран қаршисида футболчиларимизни сўкиб ўтириш варианти ҳам йўқ эмасди. Аммо оғир кунда биродарини ёлғизлатиб қўймайдиган, оқибатли халқимиз бирлашиб йигитларга далда бўлишга аҳд қилишди. Кўчаларда ҳаражатлардан қочмасдан шахсий автомашиналарига “Олға Ўзбекистон” ғалабага даъват қилувчи шиор-у, наклейкаларни ёпиштириб юрган ватандошларимиз шулар жумласидан. Бироқ хали ҳам гина сақлаб юрган мухлислар ҳам йўқ эмас...

Азиз ватандошим, “э, ўша терма жамоангаям...” деб қўл силтаб қўйишга шошилманг. Ватандан кечиб бўлмаганидек, терма жамодан ҳам юз ўгириб бўлмайди. Жаҳон чемпионатига шу сафар чиқишимиз керак, бунинг учун футболчиларимизда имконият бор (Тўғри, бизникиларда доим охиригача имконият бўлган, лекин...). Агар фарзандингиз олийгоҳга кириш имтиҳонидан ўта олмаса уни нари борса сўкасиз, жуда ўтиб кетса урасиз дейлик... Лекин уйдан чиқариб ҳайдай олмайсиз-ку! Терма жамоамизга ҳам мундиал олийгоҳига киришга бироз балл етмай келаётган эди холос, ўйлайманки бу гал ҳаммаси яхши бўлади! Мураббий масаласини эса очиқ қолдирамиз...

Умид қиламизки, футболчиларимиз ҳам бунга муносиб жавоб қайтара олишади. Олдинда бизни кутиб турган икки баҳсда  керакли натижани қайд этиб ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига мундиал чиптасини совға қилишади. ОЛҒА ЎЗБЕКИСТОН!

 

Азамат Умаров

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!