Тарихни эслаймиз. "Насаф" 8-марта финалга чиқди ёхуд Қарши клуби олдинги ўйинларда қандай натижа қайд этган эди?

Кеча Ўзбекистон кубоги ярим финали доирасидаги “Насаф” – АГМК беллашуви бўлиб ўтди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтган баҳсда “аждарлар” 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, финал йўлланмасига эга чиқди.

Қарши клуби бунгача 7 бор финалга чиққан эди. Кеча эса улар 8-марта буни уддалашди.

“Насаф” олдин 7 бора финалга чиққан бўлса-да, икки марта кубокни ўзиники қилган. Шу боис, бугун қаршиликларнинг олдин қайд этган натижалари ҳақида тўхталишга қарор қилдик.

“Аждарлар” илк марта 2003 йилда финалга чиққан. Ўша мавсум мусобақада 43 нафар профессионал клублар иштирок этган эди. “G” гуруҳидан ўрин олган насафчилар “Гулистон”, “Шўрчи”, “Динамо” Қарши, “Нефтчи” Жарқўрғон каби жамоаларга қарши майдонга тушди ва 12 очко билан плей-офф йўлланмасига эга чиқди.

1/8 финал босқичига йўл олган “Насаф” Самарқанднинг “Динамо”си билан чорак финал учун кураш олиб борди. Икки ўйин натижасига кўра Қарши клуби 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.  “Аждарлар” 1/4 финалда Фарғонанинг “Нефтчи” клубини (2:1, 3:1), ярим финалда “Навбаҳор”ни (2:1, 3:1) мағлуб этиб финалга йўл олди.

Ўз тарихида илк бор финалга йўл олган “Насаф” бош соврин учун “Пахтакор” билан кураш олиб бориши керак эди. Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида ўтган баҳсда “шерлар” 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Пойтахт клубининг голларига Сервер Жепаров, Леонид Кошелов ва Миржалол Қосимов каби футболчилар муаллифлик қилган бўлса, “Насаф”нинг ягона голи Дилшод Мавлонов номига ёзилган.

Ўзбекистон кубоги| Финал
2003 йил

Тошкент, “Пахтакор” стадиони, 15000 томошабин

“Пахтакор” – “Насаф” 3:1

Голлар: Сервер Жепаров 13', Леонид Кошелев 33', Миржалол Қосимов 84', Дилшод Мавлонов 38'

Пахтакор” - Игнатий Нестеров, Асрор Аликулов, Ярослав Крушельницкий, Гочкули Гочкулиев, Камолиддин Тожиев, Леонид Кошелев, Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Владислав Кирьян, Анвар Солиев, Зайниддин Тожиев.

Насаф” - Наримон Османов, Жасур Хамроев, Даврон Файзиев, Рустам Хакимов, Камолиддин Кенжаев, Ботир Қораев, Рўзиқул Бердиев, Вали Келдиев, Бахром Хайдаров, Зафар Холмуродов, Дилшод Мавлонов.  

“Насаф” иккинчи марта 2011 йилда финалга чиққан. Ўша йили қаршиликлар мусобақани 1/16 босқичидан бошлаган. “Аждарлар”нинг дастлабки рақиби Тошкентнинг “НБУ-Осиё” жамоаси эди. Қизиқарли кечган беллашувда насафчилар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Улар учун ҳақиқий синов кейин бошланаган. Сабаби, “Насаф” кейинги босқичларда кучли жамоаларга қарши майдонга тушиши керак эди. Хусусан, Қарши клуби 1/8 финалда пойтахтнинг яна бир жамоаси “Локомотив”га қарши баҳс олиб борди ва икки ўйин натижасига кўра 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

Чорак финалда эса мухлислар воҳа дербисига гувоҳ бўлишди. Муборакда кечган баҳсда “Насаф” “Машъал”ни синовдан ўтказди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтган ўйинда “аждарлар” умумий 3:0 зафар қучди (2:0, 1:0). Қаршиликлар ярим финалда яна пойтахтликларга қарши майдонга тушиши керак эди. “Насаф” бу сафар “Бунёдкор” билан ўйнади ва пенальтилар сериясига кўра ғалаба қозониб, финалага йўл олди (0:1, 1:0. Пенальти – 4:3).

Финал учрашувида қаршиликлар “Пахтакор”га қарши саф тортди. Тошкентдаги бўлиб ўтган беллашувда “шерлар” зафар қучди – 3:1. Иккинчи бор финалга чиққан “Насаф” яна кубоксиз қоладиган бўлди.

Ўзбекистон кубоги| Финал
2011 йил

Тошкент, “Пахтакор” стадиони, 12005 томошабин

“Пахтакор” – “Насаф” 3:1

Голлар: Ираклий Климиашвили 5' 82', Александр Клецков 29', Жаҳонгир Жиямурадов 90+3' пен.                     

“Пахтакор” – Темур Жўраев, Егор Кримец, Акбар Исматуллаев, Кахи Махарадзе, Темурхўжа Абдихолиқов, Александр Клецков, Шерзод Каримов, Даврон Ҳошимов, Ираклий Климиашвили, Дилшод Шарофутдинов, Станислав Андреев.

“Насаф” - Дмитрий Козаченко, Мақсуд Каримов, Ботир Қораев, Жаҳонгир Жиямуродов, Андрей Переплёткин   , Илҳом Шомуродов, Лутфилла Тўраев, Артур Геворкян, Иван Бошкович, Эркин Бойдуллаев, Боян Малишич.

2011 йилда финалга чиқиб, мағлуб бўлган қаршиликлар 2012 йилда яна якуний босқичга чиқишади. “Насаф” мусобақани ўтган йилги каби 1/16 финал босқичидан бошлайди ва рақиб яна “НБУ-Осиё” бўлди. Қарши клуби бу сафар ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба қозонади.

1/8 босқичда “аждарлар” Сирдарёнинг “Гулистон” клубини синовдан ўтказади. Қарши клуби мазкур ўйинни умумий 8:1 кўринишида ўз фойдасига ҳал қилади. Финалга чиқишга анча ўрганиб қолган насафчилар чорак финалда “Металлург”ни икки ўйин натижасига кўра 5:4 (1:2, 4:2), ярим финалда “Бухоро”ни умумий 5:3 (2:0, 3:3) ҳисобида мағлуб этган ҳолда финалга йўлланма олади.

3-марта финалга чиққан “Насаф”га яна Тошкент клуби рақиблик қилади. Аммо бу сафар пойтахнинг бошқа жамоаси – “Бунёдкор”.  

Ўзбекистон кубоги| Финал
2012 йил

Тошкент, “Пахтакор” стадиони, 7000 томошабин

“Бунёдкор” – “Насаф” 3:0

Голлар: Шавкат Саломов 8', Камолиддин Мурзоев 34', Виктор Карпенко 45'       

“Бунёдкор” – Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов, Анвар Ғофуров, Артём Филипосян, Хайрулла Каримов, Жавлон Иброҳимов, Лутфилла Тўраев, Жасур Ҳасанов, Виктор Карпенко, Шавкат Саломов, Камолиддин Мурзоев.

“Насаф” – Мурод Зуҳуров, Мақсуд Каримов, Шавкат Раимқулов, Иван Бошкович, Ботир Қораев, Кенжа Тўраев, Артур Геворкян, Фозил Мусаев,  Мирзакамол Камолов, Илҳом Юнусов, Шоҳруҳ Гадоев.

2013 йилда “Насаф” кетма-кет учинчи марта Ўзбекистон кубоги финалига йўл олишади. Олдинги натижалари сабаб Қарши клуби мусобақани 1/8 финал босқичидан бошлашади.

“Аждарлар”нинг биринчи рақиби Ғузорнинг “Шўртан” клуби бўлади. Воҳа дербиси остида ўтган беллашувда насафчилар умумий 3:0 ҳисобида ғалаба қозонади (2:0, 1:0). “Насаф” чорак финалда “Нефтчи”ни (2:0, 3:1), ярим финалда эса “Пахтакор”ни мағлуб этиб (0:0, 2:0,) кетма-кет 3-марта, ўз тарихида эса 4-марта финалга чиқишади.

Аммо бу сафар ҳам омад қаршиликларга кулиб боқмайди. Тошкентдаги “Пахтакор” стадиони мезбонлик қилган учрашувда “Насаф” яна “Бунёдкор”га имкониятни бой беради – 1:2.

Ўзбекистон кубоги| Финал
2013 йил

Тошкент, “Пахтакор” стадиони, 5228 томошабин

“Бунёдкор” – “Насаф” 2:1

Голлар: Александр Пищур 52', Александр Пищур 85', Илхом Юнусов 63'

“Бунёдкор” – Мурод Зуҳуров, Акмал Шораҳмедов, Анвар Ғофуров, Артём Филипосян, Хайрулла Каримов, Жавлон Иброҳимов, Лутфилла Тўраев, Жасур Ҳасанов, Сардор Рашидов, Игорь Таран, Александр Пищур

“Насаф” – Элдорбек Суюнов, Ҳамза Каримов, Лазиз Убайдуллаев, Шерзод Аъзамов, Ботир Қораев, Фарруҳ Сайфиев, Артур Геворкян, Эркин Бойдуллаев, Азамат Алланиязов, Илҳом Юнусов, Илҳом Шомуродов.

Кетма-кет уч мавсум финалга йўлланма олган қаршиликлар 2014 йилда буни уддалай олмайди. Аммо орадан бир йил ўтиб, аниқроғи 2015 йилда “Насаф” яна Ўзбекистон кубогининг якуний босқичига йўлланма олади.

“Аждарлар” мусобақани нимчорак финалдан бошлайди. Улар аввалига “Оқтепа”ни (2:1, 3:1), чорак финалда “Пахтакор-2”ни (6:0, 2:0), ярим финалда “Локомотив”ни (2:0, 0:1) мағлубиятга учратиб финалга чиқишади.

Қарши клубига бу сафар ҳам “Бунёдкор” рақиблик қилади. Жиззахдаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтган беллашувда “Насаф” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади ва ўз тарихида илк марта Ўзбекистон кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

 Ўзбекистон кубоги| Финал
2015 йил

Жиззах, “Марказий” стадиони, 11650 томошабин

“Бунёдкор” – “Насаф” 1:2

Голлар: Шерзод Аъзамов 84 (автогол)′, Артур Геворкян 71′, Шерзод Аъзамов 74′

“Бунёдкор” – Муроджон Зуҳуров, Акмал Шораҳмедов, Анвар Ғофуров, Шакер Зуаги, Минори Сато, Иван Милошевич, Достонбек Ҳамдамов, Забиҳилло Ўринбоев, Рустамжон Ашурматов, Элдор Шомуродов, Акрамжон Комилов

“Насаф” – Элдорбек Суюнов, Мақсуд Каримов, Илҳом Шомуродов, Артур Геворкян, Баҳром Абдураҳимов, Эркин Бойдуллаев, Шохруҳ Гадоев, Шерзод Аъзамов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Одил Ҳамробеков, Фарруҳ Сайфиев.

2016 йилда “Насаф” ўз унвонини ҳимоя қилиш учун мусобақадаги юришини бошлади. Қарши клуби 1/8 финал босқичида “Нефтчи” устидан умумий 5:1 ҳисобида ғалаба қозониб (4:1, 1:0), чорак финал йўлланмасига эга чиқишади.

Навбатдаги босқичда “Андижон” “аждарлар”нинг рақибига айланди. “Насаф” сафарда кечган беллашувда 2:0, Қаршидаги баҳсда эса 2:1 ҳисобида рақибини мағлуб этиб, ярим финални нақд қилди. Ярим финалда “аждарлар” “Бухоро”ни синовдан ўтказди ва умумий 4:1 ҳисобида зафар қучган ҳола (2:0, 2:1) финалга чиқишди.

Кўҳна Самарқанд мезбонлик қилган баҳсда “Насаф” “Локомотив”га қарши саф тортди. 8150 мухлис кўз остида ўтган беллашувда “темирйўлчилар” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўзбекистон кубоги| Финал
2016

Самарқанд, “Динамо” стадиони, 8150 томошабин.

“Локомотив” – “Насаф” 1:0

Гол: Темурхўжа Абдухолиқов 2’

Локомотив” – Маъмур Икромов, Кахи Махарадзе, Темурхўжа Абдухолиқов, Сардор Мирзаев, Салим Мустафоев, Тимур Кападзе, Ислом Тўхтахўжаев, Санжар Шоаҳмедов, Икром Алибоев, Шерзод Файзиев, Артур Геворкян.

Насаф” – Элдорбек Суюнов, Азиз Ғаниев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Баҳром Абдурахимов, Игорь Голбан, Шерзод Аъзамов, Фозил Мусаев, Одилжон Ҳамробеков, 34.Фарруҳ Сайфиев, Дониёр Нарзуллаев, Драган Черан.

Ўтган мавсум “Насаф” яна финалга чиқди. Бу сафарги баҳсда Қарши клуби ирода кўрсата олди. 2016 йил Самарқанд “аждарлар” учун омадсиз якунланган бўлса, 2021 йилги Самарқанд финали “Насаф” фойдасига ҳал бўлди.

Қарши клуби турнирни “E” гуруҳида бошлади. “Насаф”нинг рақиблари эса “Сўғдиёна”, “Бунёдкор” ва “Рубин” эди. Қизиқарли кечган беллашувларда “аждарлар” 5 очко билан плей-офф босқичига йўл олишди.

Нимчорак финалда насафчиларга “Металлург” рақиб бўлишди. Қизиқарли ва голларга бой ўтган баҳсда “Насаф” 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди (плей-офф ўйинлари битта баҳс). Кейинги босқичда “аждарлар” “Сўғдиёна” клубига қарши саф тортишди. Жиззахда кечган беллашувда Рўзиқул Бердиев шогирдлари минимал ҳисобда ғалаба қозонди – 1:0.

Ярим финал Олмалиқда АГМКга қарши бўлиб ўтди. Экстра таймларгача давом этган ўйинда “аждарлар” 2:0 ҳисобида зафар қучди.

Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида “Пахтакор” ва “Насаф” жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги финали бўлиб ўтди. Унда қаршиликлар 2:1 ҳисобида ғалабага эришди.

Биринчи таймнинг 28-дақиқасида Одил Ҳамробеков “Пахтакор”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, 34-дақиқада Ойбек Бозоров рақиб футболчисига нисбатан ишлатган қўполлиги учун қизил карточка олиб, майдонни эрта тарк этди.

Бироқ қаршиликлар улкан ирода намойиш эта олишди. 38-дақиқада Баҳром Абдураҳимов рақиб ҳимоясидаги бўшлиқдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. 75-дақиқада эса Ғолиб Ғайбуллаев “аждарлар”га ғалаба келтирган голни рақиб дарвозасига жойлади.

Шу тариқа, қаршиликлар ўз тарихида 2-марта Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.

Ўзбекистон кубоги| Финал
2022 йил

Самарқанд, “Динамо” стадиони.

“Пахтакор” – “Насаф” 1:2

“Пахтакор” – Элдорбек Суюнов, Хожиакбар Алижонов, Анзур Исмоилов, Одил Ҳамробеков, Шерзод Темиров, Достонбек Ҳамдамов, Ҳожимат Эркинов, Сардор Собирхўжаев, Фарруҳ Сайфиев, Аббосбек Файзуллаев, Шаҳзод Азмиддинов.

“Насаф” – Умиджон Эргашев, Ғолиб Ғайбуллаев, Дилшод Саитов, Баҳром Абдураҳимов, Ҳусаин Норчаев, Суҳроб Нуруллоев, Акмал Мозговой, Шерзод Насруллаев, Абубакр Ризо Турдалиев, Ойбек Бозоров, Умар Эшмуродов.

Кеча “Насаф” 8-марта финалга чиқишни уддалади. Хўш, улар бу мавсум ҳам бош совринга эга чиқа оладими?

 

Жамшидбек Маҳмудов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
15/10/2022 09:30
Alik Marozov. degan murabbiy yomon gapiruvdi lekin. Uzbek fudbolchilari qachonki jahon chempionatiga chiqadi. qachonki yoqoridakilarni. tozalasa devdi. haqiqatdan ushandan beri hech narsa uzgargani yuq. shunchaki ohirgi 12. 13. yilda Nasaf Uzbek fudboliga uyinchi etkazib berish uyin falsafasi. buyicha muhlislarmi uziga jalb qilib turibti. halos.
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
15/10/2022 09:26
Aynan 2011 yil. Uzbek fudboli yoqorisiga haromla utirgani his qiluvdim. maydonga nagli bilinib qoluvdi. Nasaf OFK olib. boruvdi uyinga. Nasaf Pahtakordan har japhaga ustun edi Nasaf 70 foiz uynasa ham solardi. lekin nagli bilinib qoluvdi. eng qizigi maydonga tinimsiz kursatma deradigan. Demiyanikka bemolol kulib. utiruvdi.
&
Mirjalol official playon6062@gmail.com
15/10/2022 06:41
Бу йил худо хохласа олтин дубил кайт килади "НАСАФ"