Темур Кападзе: "3-турда қашқадарёлик мухлислар бизни бугунгидан кам қўллаб-қувватламайди деган умиддаман!"
23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубогининг 2-турида Ўзбекистон Қатар устидан 6:0 ҳисобида зафар қучди. Ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида бош мураббийимиз Темур Кападзе қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Авваламбор, Ассалому алайкум. Бутун ўзбек халқини ғалаба билан табриклайман. Стадионга ташриф буюрган мухлисларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар бизга катта куч берди. Бу - барчамизнинг ғалабамиз!
Жасур Жалолиддиновда жароҳат йўқ. Шунчаки, уни захирага олишни истадим. Боиси, қолган футболчилар ҳам ўйин амалиётига эга бўлиши зарур.
Беллашув олдидан Қатарни обдан ўрганиб, уларга қарши яхши тайёргарлик кўрдик. Вазиятлар яратиш бўйича ҳам яхшироқ ҳаракат қилдик ва уларни голга айлантирдик.
Шогирдларимнинг барчаси индивидуал жиҳатдан кучли йигитлар. Шунинг учун ҳам улар бугун жуда кўп бор йиқитилди. Бизнинг футболчилар сариқ олган вазиятда эса, нотўғри ҳаракат қилишди. Менимча, ҳаводаги тўп учун курашда бундай ўйнаш яхши эмас.
Илк турда Туркманистон анча ҳимоявий футбол намойиш этганди. Бугун Қатар очиқ ўйин намойиш этди ва биз бундан унумли фойдаландик.
Келаси баҳсда таркиб бироз ротацияга учраши мумкин. Чунки қолган футболчилар ҳам яхши даражада, улар ҳам ўйин амалиётига эга бўлишни истайди.
Мухлислар босими ҳам ўз таъсирини кўрсатди, аммо биз ҳам уларни тактик жиҳатдан ўрганиб, яхши тайёргарлик кўргандик.
Футболчилар иложи борича тезроқ тикланиши лозим. Боиси, эртага тушда Қарши шаҳрига учамиз. Менимча, Қашқадарёдаги мухлислар ҳам бизни бундан кам қўллаб-қувватламайди".
Ҳожимат Эркинов:
"Ассалому алайкум! Умуман олганда, очилиш ўйини доим қийин ўтади. Қатарга қарши баҳсга эса, тайёргарликни яхшироқ қилгандик. Бундан ташқари, бугунги ғалаба бизни муддатидан олдин плей-оффга олиб чиқишини билган ҳолда, янада кўпроқ мотивация билан ҳаракат қилдик".
Фикрлар