Темур Кападзе терма жамоамиздаги йўқотиш ва Мисрнинг имкониятлари ҳақида гапирди
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе эртага бўлиб ўтадиган Мисрга қарши ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди:
Тайёргарлик ҳақида:
— Кеча Нант шаҳрига етиб келдик, тайёргарликни давом эттирмоқдамиз. Олдимизда Мисрга қарши учрашув кутиб турибди. Энг асосийси — ҳамма соғ-саломат, бироқ битта йўқотишимиз бор. Ҳимоячимиз Иброҳимҳалил оилавий сабабларга кўра терма жамоа ихтиёрини тарк этишга мажбур бўлди. Лекин бунга қарамасдан режа бўйича машғулотларни давом эттиряпмиз ва эртанги учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Эртанги рақибимиз Миср терма жамоаси ҳақида:
— Мисрга келсак, Африканинг энг кучли жамоаларидан бири. Улар билан ўтган йили Тошкентда ўйнаганмиз. Рақибимизнинг кучли томонлари ва имкониятларини яхши биламиз. Шунга яраша биз ҳам ўз режамизга кўра тайёргарлик кўрамиз ва ғалаба қозониш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Испанияга қарши кечган ўйин ҳақида:
— Биринчи учрашувдан кейин ўйинимизни таҳлил қилиб чиқдик ва ўзимизга керакли бўлган хулосаларни чиқардик. Ўйин давомида баъзи вазиятларда яхшироқ ўйнадик, баъзида эса камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Бироқ, айтганимдек, хатолар устида ишлаб боряпмиз ва ҳозирда бор эътиборимиз эртанги ўйинга қаратилган.
— Жамоада қолган барча соғ, муаммо йўқ. Иброҳимҳалил кетганидан сўнг захира футболчиларимиздан бирини қайдномага киритишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада ташкилий қўмитага сўров юбордик, ҳозирча жавобни кутмоқдамиз.
Фикрлар