Темурхўжа Абдухолиқов: “Локомотив”да ажойиб дамларни ўтказдим
Ads

 

Хабарингиз бор, Ўзбекистон чемпионатининг 2016 йилги мавсум тўпурари Темурхўжа Абдухолиқов “Локомотив”ни тарк этди ва Қатарнинг “Ал Сайлия” клубига йўл олди. Эндиликда маҳоратли ҳужумчи араб жамоаси шарафини ҳимоя қилади.

Темурхўжа Абдухолиқов “Локо” сафида анча мазмунли ва муваффақиятли тўп сурди. Унинг жамоамиз олдида хизматлари эътирофга сазовор. Шу сабабли ҳам унинг янги жамоасига қай тариқа ўтгани ва “Локомотив” ишқибозларига тилакларини билиш мақсадида Темурхўжадан интервью олдик. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 

— Темурхўжа, одатий савол. Қатар варианти қандай юзага келди?

— Қишки йиғинларимиз бошлангач “Локомотив” билан янги мавсумга тайёргарлик кўраётган эдим. Бу орада Қатар жамоасидан таклиф келиб тушди. Қолаверса, қатарликлар “Локомотив” раҳбариятини ҳам кўндира олишди. Натижада мен “Ал Сайлия” аъзосига айландим.

— Олдингизда бошқа таклифлар ҳам бор эдими?

— Ростини айтсам, таклифлар бор эди. Бироқ “Локомотив” билан шартномам бўлгани боисдан кўп ҳам бўлаётган таклифларга жиддий қарамаётган эдим. Бироқ бу сафарги таклиф ҳар томонлама қизиқ туюлди ва “Локо”дагилар билан маслаҳатлашгач, унга розилик бердим.

— Таклифга «Локо» раҳбарияти қандай муносабат билдирди?

— “Локомотив” жамоаси раҳбариятидан жуда ҳам мамнунман. Улар мени қўллаб-қувватлашди ва “Ал Сайлия”да менга омад тилашди.

— «Локомотив» билан хайрлашиш қандай кечди? Қийин бўлмадими?

— “Локомотив” билан хайрлашиш осон бўлгани йўқ. Зеро қисқа давр мобайнида мен ушбу жамоада жуда ажойиб дамларни бошдан кечирдим. Аламли мағлубиятлар ва жуда-жуда ажойиб ғалабаларни қўлга киритдим. Шу боисдан “Локо”ни тарк этиш осон бўлмади. Умид қиламанки, ҳали бу жамоага яна қайтаман.

— Маълумки, «Локомотив» таркибида тўп тепиб Ўзбекистон чемпиони ҳамда Кубок соҳиби бўлдингиз. Қолаверса, тўпурарлик ҳам сизга насиб этди. Натижада клуб мухлислари сизни тезда ёқтириб қолишди. Эндиликда кўпчилик ҳайрон: Темурхўжа нима сабабдан жамоани тарк этди? Бу борада нима дея оласиз?

— Ростини айтадиган бўлсам, ўзимни бошқа чемпионатда синаб кўриш иштиёқи жуда кучлилик қилди. Зеро, хорижий лигаларда тўп тепиш орқали футболчи анча ўсади. Мана энди Қатар чемпионатида ўз кучимни синаб кўраман.

— Нима деб ўйлайсиз, «Локомотив»ни бир нечта футболчилар тарк этган бўлишига қарамай, жамоа бу йил ҳам чемпионлик учун кураша оладими? Бу борада фикрингиз қандай?

— Менимча, жамоа ҳеч ҳам кучсизланмайди. Зеро “Локо” қишки трансферлар пайтида анчагина яхши ҳаридларни амалга оширди. Таркибга қўшиб олинган футболчилар анча маҳоратли. Шунинг учун ҳам “Локомотив”нинг янги мавсумда ҳам ўтган йилги муваффақиятларни такрорлай олишига ишонаман. Насиб этса, жамоа янги мавсумда Чемпионлар лигасида ҳам муваффақиятга эриша олади.

— Шу ўринда жамоамиз мухлисларига нима деган бўлардингиз?

— Шу ўринда “Локомотив”нинг аҳил жамоасига ва унинг ажойиб ишқибозларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Зеро бу жамоада ажойиб дамларни ўтказдим. Бу вақт ичида мени барча қўллаб-қувватлаб турди. Ана энди мен ҳам “Локо”га мухлислик қиламан, унинг ҳар бир ғалабасидан қувонаман. “Локомотив”нинг мухлисларига омад ва бир олам қувонч тилайман. Умид қиламанки, ҳали яна учрашамиз!