Темурхўжа Абдухолиқов португалиялик мураббий, тўпурарлар кураши ва ЎФА томонидан тақдирланиш ҳақида гапирди
Ўзбекистон Суперлигаси 7-туридан кейин "Локомотив" 11 очко тўплаган ҳолда, 4-ўринда бормоқда. Сўнгги турда "Машъал" устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
"Темирйўлчилар" етакчиси Темурхўжа Абдухолиқов клуб матбуот хизматига интервью берди. Тажрибали ҳужумчи Муборакдаги баҳс, йирик ғалаба, янги мураббий, яқиндагина тақдирлангани ҳамда тўпурарлик пойгаси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўйин ҳақида
"Машъал"га қарши баҳсни илк дақиқаларданоқ яхши бошладик. Ўйинимиз ҳар томонлама қовушди. Биринчи таймдаёқ масалани деярли ҳал қилдик деб ўйлайман. Об-ҳаво ҳам қулай келди. Муборакда жуда иссиқ бўлади деб ўйлагандик, йўқ аксинча, шамол эсиб салқин бўлди. Бу вазиятда баҳснинг 17:00да бошлангани катта таъсир кўрсатмади".
Йирик ғалаба ҳақида
"Йирик ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз. Бу авваламбор бош мураббийимизнинг кўрсатмасини бехато бажарганимизни англатади. Майдонга тушган ҳар бир футболчи бор кучи билан ҳаракат қилди. Биз бир жамоа бўлиб ўйин кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Мураббийнинг машғулотлари ва кўрсатмасида гап кўп".
Янги мураббий ҳақида
"Бошида ҳаммамизга қийин бўлди. Жамоамизга португалиялик янги мураббий келди. Aлбатта, мураббийга ҳам ўзбек футболига кўникиш учун вақт керак эди. Балки шунинг учун бўлса керак, мавсум аввалида тўртта ўйинда ғалаба қозона олмадик. Микаел Секейра билан ишимиз яхши кетяпти, мураббийимиз жуда талабчан ва ҳақиқий профессионал".
"Бунёдкор" билан ўйиндан олдин тақдирлангани ҳақида
"Бундан жуда хурсандман. Биласиз, ўтган йил 100та гол уриш маррасини забт этиб Геннадий Красниский номидаги тўпурарлар клубига қабул қилингандим. Шу боис ЎФA томонидан махсус соврин билан тақдирландим ва бундан жуда хурсандман. Aлбатта, ҳар бир соврин футболчига қўшимча куч беради".
Тўпурарлик пойгаси ҳақида
"Доим кўп гол уришга ҳаракат қиламан. Ҳозирча Суперлигада тўрт бор гол муаллифи бўлдим. Бошида менга ҳам қийин бўлди, тўлиқ формада эмасдим. Лекин турдан турга ўзимни янада яхшироқ кўрсатишга интиляпман. 2016 йил 22та гол билан чемпионат тўпурари бўлгандим. Бу йил ҳам кўпроқ голлар уришга ҳаракат қиламан. Лекин барибир мен учун жамоамизнинг ютуғи биринчи ўринда туради".
Фикрлар