Тер Штеген энг кам сейв амалга оширган дарвозабон, Левандовски Ла Лиганинг "Нуньеси", Гризманн энг яхши футболчи (Статистик маълумотлар)

Ла Лигада 25-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Биз бу мавсум Ла Лигада антиқа кураш гувоҳи бўляпмиз. "Барселона" чемпион бўлиш учун доим даъвогар бўлиб келган, аммо улардан минимализмни ҳеч ким кутмаганди. Каталония клуби доим ҳужумкор ва очиқ футбол намойиш этган. Майли, шу услуб натижа кўрсатаётган бўлса нима ҳам деймиз. Ҳар ҳолда, "кўк-анорранглилар" айни дам энг яқин таъқибчиси "Реал"дан 9 очко олдинда...

Одатдагидан бошқача ўтаётган Ла Лигада бир қатор қизиқарли маълумотларга кўз югуртириб қўйсангиз ёмон бўлмасди. Агар Испания чемпионатини диққат билан кузатмаётган бўлсангиз, мен сизга умумий хулоса қилиш имкониятни тақдим этаман: 

Келинг, айни вақтда Ла Лигада айрим кўрсаткичлар бўйича энг яхши бўлиб турган футболчилар билан яқиндан танишамиз. 

"SofaScore" версиясига кўра, бир учрашувда ўртача энг юқори баллга лойиқ кўрилаётган футболчилар: 

Мазкур рўйхатда ким етакчилик қилмоқда, деб ўйлайсиз? Бу футболчи "Реал" ёки "Барселона"дан эмас. "Атлетико" ҳужумчиси Антуан Гризманн айни вақтда Ла Лигада энг кўп ассист қилган футболчи бўлиб турибди (8 та). Шунингдек, унинг майдонда бажараётган функцияси ҳам катта. Биласиз, Антуан ҳужум билан биргаликда ҳимояда ҳам жамоасига ёрдам бера олади. Шундай экан, бу масалада ортиқча шубҳага асос йўқ. 

photo_2023-03-13_14-05-08 

Кутилган голлар (xG) 

Ушбу статистикага бироз тушунтириш бериб кетишни маъқул кўрдим. xG - гол уриш учун имкониятнинг рақамлардаги кўриниши. Мисол учун, 3-4 метр масофадан деярли бўш қолган дарвозага зарба берилаётган пайтда xG кўрсаткичи 0,85 ва 0,90 оралиғида бўлиши мумкин. Ла Лигада энг кўп қулай имкониятга эга бўлган футболчи - Роберт Левандовски. Унинг xG кўрсаткичи 14.41'ни ташкил этади,  урган голлари эса 15 та. Қуйида ушбу кўрсаткич бўйича топ-10'лик билан танишиб чиқинг. 

photo_2023-03-13_14-15-06

Бир учрашувда ўртача энг кўп зарба йўллаётган футболчилар

Ушбу статистикадан келиб чиқадиган бўлсак, "Реал" етакчиси Карим Бенземанинг ҳамма зарбалари ҳам дарвозага аниқ бормаяпти ёки дарвозабонларнинг сай-ҳаракатлари эвазига қайтарилмоқда. У бир беллашувда ўртача 4.7 та зарба йўлламоқда. Иккинчи кўрсаткич эса польякка тегишли. 

photo_2023-03-13_14-25-17

Қулай имкониятларни кўкка совуриш ҳолатлари

Қулай имкониятлардан фойдалана олмаслик борасида ҳам яна икки топ ҳужумчи асосий саҳнада. Фақат ўрин алмашган ҳолда. "Барса" форварди жами 18 та қулай имкониятни кўкка совурган. Карим Бензема 15 маротаба голли вазиятлардан фойдалана олмаган. Бешликда "қаймоқранглилар"нинг яна бир аъзоси Винисиус ҳам бор. 


photo_2023-03-13_14-26-58 (2)

Хавфли вазиятлар яратиш

Хавфли вазиятлар яратиш бобида умумий рейтингда энг юқори ўринни банд этиб турган Антуан пешқадамлик қилмоқда. Биз уни ҳужумчилик ва ҳимояга қайтиш сифатларини мақтаб турган бир пайтимизда плеймейкерлик ҳислатини унутиб қўйибмиз. 

photo_2023-03-13_14-37-04

Паслар аниқлиги

Паслар аниқлиги бўйича энг яхши натижа "Барселона" футболчиларидан бирига тегишли, деб ўйлагандим. Бироқ ҳозир "Реал" ҳам анча позицион футбол намойиш этмоқда. Шунингдек, ярим ҳимоя ҳамда ҳужумни боғлаб берувчи Тони Кроос камдан-кам хато пас бериши табиий ҳол. Одатда бу типдаги футболчилар таваккал паслар ёки  узатмаларни кўп ҳам амалга оширавермайди. Мазкур кўрсаткич бўйича иккинчи ўрин "Барса" ҳимоячисига тегишли. Каталония клуби футболчилари тўпни шунчаки тепиб юбормайди. Майда ва аниқ паслар Хави ўз ўйинчиларидан талаб қиладиган энг муҳим элементлардан бири ҳисобланади. 

photo_2023-03-13_14-42-28 (2)

Битта учрашувда ўртача энг кўп сейв амалга ошираётган дарвозабонлар

Ла Лигада энг кўп қуруқ ўйин ўтказаётган ва энг кам гол ўтказган дарвозабон - Марк-Андре тер Штеген. Бироқ мен сизга бир қизиқ фактни айтаман. Ла Лигада энг кам сейв амалга оширган посбон айнан "Барселона" кипери ҳисобланади. Қандай қилиб? "Ахир, у кўплаб вазиятларда жамоасини қутқармоқда", дейишингиз мумкин. Унинг жарима майдони ичида амалга оширган сейвлари сони кўп. Шунингдек, "Барса" мудофааси жуда ишончли ўйин кўрсатаётган бир пайтда дарвозабонга кўп ҳам иш топилавермайди.  Ўта қийин ҳолатларда тер Штеген ёрдамга келади, қолганини эса ҳимоячиларнинг ўзи эплайди. 

photo_2023-03-13_13-57-52photo_2023-03-13_13-58-08

Ла Лига тўпурарлари: 

Левандовски - 15 та 
Хоселу - 12 та 
Энес Унал - 12 та 

Энг яхши ассистентлар: 

Гризманн - 8 та 
Микел Мерино - 7 та 
Алеш Гарсия - 5 та 

Гол + ассист тизимида энг яхшилар: 

Роберт Левандовски - 20 (15 та гол, 5 та ассист) 
Антуан Гризманн - 16 ( 8 та гол, 8 та ассист) 
Энес Унал - 15 та (12 та гол, 3 та ассист) 


                                                                                             Худайқулов Карим тайёрлади 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!