Терма жамоа - Абрамов ёки бошқасиники эмас... Ёхуд мутахассис муносабати

Собиқ футболчи Шуҳрат Раҳмонқулов ҳам ҳамма қатор миллий терма жамоамизга бефарқ эмас. У бош жамоамизнинг ҳар қандай учрашувларини ва натижаларини диққат билан кузатмоқда.

Раҳмонқулов шунингдек, яқинда “Сурхон” клубига бош директор этиб тайинланди. У sports.uz сайтига терма жамоа ҳамда “Сурхон” ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Тўраевни камситмоқчи эмасмиз, аммо ундан кучлироқ ўйинчилар бор”

-  ФИФА кунларидан фойдаланишяпти. Бир томондан, Абрамовни ҳам тўғри тушуниш керак. У иқтидорли ёшларни синаб кўряпти. Терма жамоада ишлаш осон эмас. Албатта, таркибга нима учун ёши катта бўлган Лутфулла Тўраевни ёки “Бунёдкор”дан бир қатор футболчиларни оляпти, деган савол кўпайиб кетди. Тўғри, Тўраев тажрибали ўйинчи. Лекин унинг позициясида барибир ушбу футболчидан кучлироқ ўйинчилар бор. Бунинг учун Лутфуллани камситмоқчи эмасмиз. Шунчаки, бошқа номзодларга ҳам эътибор қаратса яхши бўларди. Тўраев эса ҳар қандай клубга керакли ўйинчи. Аммо жиддий учрашувларда барибир унга қараганда кучлироқ футболчилардан фойдаланиш лозим. Ўртоқлик ўйинида ҳам барибир ютиш керак. Чунки бу рейтинга таъсир қилади. Бир қатор легионерларни чақира олмади. Бу йиғин ФИФА кунларида ташкил этилаётгани учун ҳамма легионерларни таклиф қилиш керак. Барча футболчилар жамланганида улар қанча кўп бир-бири билан ўйнаса, ана шунда ҳамжиҳатлик ортади.

“Ўзим ишлаганимда барча легионерларни чақирардим”

-  Ҳаммамиз ҳам Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига чиқишини хоҳлаймиз. Бу йўлда Вадим Абрамов ҳам ҳаракат қилиб юрибди. Мана, ҳозир ўртоқлик учрашувларида Тўраевдан фойдаланяпти, эртага расмий баҳсда эса ўрнида бошқаси ўйнайди. Шунинг учун ФИФА кунларидан максимал фойдаланиб, легионерларимиз қаерда тўп сурмасин барчасини йиғиб, уларни кўрса яхши бўларди. Абрамов билан мундиалга чиқа оламиз ёки чиқа олмаймиз, деган фикрни билдириш қийин. Терма жамоага келганда футболчиларда жароҳат олиб қоламан ёки клубимда ўйнай олмай қолишим мумкин, деган гаплар ҳам бўлиши мумкин. Бундай хаёлларни унутиб, миллий жамоага келганда бутун эътиборини бир жойга қаратиши лозим. Агар ўзим ишлаганимда имкони қадар ҳамма легионерларни чақиртирардим. Албатта, таркиб борасида хавотирларим бор. Ахир бизда хорижда тўп сураётган футболчилар борку, ўшаларни барчасидан фойдаланиш керак-да.

“Термани қўллаб-қувватлаш керак”

-  Ўртоқлик ўйинидаги мағлубиятлардан фожеа ясамаслик керак. Ҳали олдинда жиддий учрашувлар турибди. Уларни ҳадеб танқид қилавермасдан қўллаб-қувватлаш муҳим. Сайтларда қанча кўп ёзилса барибир буларни футболчилар ҳам ўқийди. Иложи борича йигитларнинг кўнглини кўтариш керак. Терма жамоа – Абрамов ёки бошқасиники эмас, бутун халқники. Улар ватанимиз жамоасини ҳимоя қилишаётгани учун ҳар жиҳатдан қўллаб турсак яхши бўларди.

“Сурхон”да вақтинча бош директорман”

-  “Сурхон” раҳбарияти билан яхши алоқадамиз. Ўзим мураббий бўлсам-да, илгари “Пахтакор”да ҳам ташкилий ишларда фаолият олиб борганман. Бироз бўлса-да, тажриба бор. Шуларни ҳисобга олиб, “Сурхон” раҳбарияти мени вақтинчалик бош директор лавозимига таклиф қилди.

“Кўп очколар йўқотилгани боис клуб Суперлигада қолиш учун курашяпти”

-  Тўғри, “Андижон”, “Бухоро” ва “Сурхон” қийин вазиятда. Пандемиядан кейин ҳаммага қийин бўлиб қолди. Аслида “Сурхон”да ҳам яхши жамоа шаклланган. Тажрибали футболчилар бор. Ўтган йили қандай ўйнаганди-а? Бу йил ҳам таркибнинг ўзаги қолган. Фақат қаердадир омад юз ўгирди. Бир қатор учрашувларда йўқ жойдан голларни ўтказиб юбордик. Барибир карантиндан сўнг ҳам бироз бўшашишлик бўлди. Кўп очколарни йўқотганимиз туфайли энди Суперлигада қолиш учун курашяпмиз.

“Ҳайдаров қўлидан келганича ёрдам бериб турибди”

-  Равшан ака Ҳайдаров кўпроқ эътиборини олимпия терма жамоасига қаратяпти. Клубда унинг ўрнида Владимир Андреев ишлаб турибди. Барибир Ҳайдаров ҳам қўлидан келганича маслаҳатлари билан ёрдам беряпти. Миллий терма жамоадан кейинги ўринда олимпия жамоамиз туради.

“Қийинчилик битта бизда эмас, бошқа клубларда ҳам бор”

-  Аслида пандемиядан кейин кўплаб клубларга қийин бўлиб қолди. Қарздорлик бор, йўқ эмас, бироқ ҳаммаси бартараф этилади. Футболчиларнинг кайфияти ҳам яхши. Вилоят ҳокимининг ўзи бош-қош бўлиб турибди. Битта бизда эмас, бошқа клубларга ҳам қийин. “Пахтакор”, АГМК, “Металлург” каби жамоаларни ҳисобга олмаганда, қолган жамоалар қийинчиликларни енгиб ўтишга ҳаракат қилмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!