"Терма жамоа мураббийининг қисмати шунақа, Страмаччони билан Элдор ҳақида гаплашамиз, у ердаги фаолиятимни якунладим" - Ислом Тўхтахўжаев

Қатар чемпионатига кўчиб ҳамюртимиз Ислом Тўхтахўжаев “Ал-Гарафа”да қисқа фурсат ичида ўз ўрнига эга бўла олди. Мураббийлар ишончини оқлаяпти ва ўзидан илиқ таассурот қолдиряпти. Куни кеча Тўхтахўжаев Sports.uz учун интервью берди.

- “Ал-Гарафа”га қанчалик мослашдингиз? Бу ерга кўникишингизга кўпроқ ким ёрдам берди? Ҳозирча барчаси сиз ўйлагандекми?

- Худога шукр, ҳаммаси яхши. Жамоадаги барча менга ёрдам беряпти, клуб президентидан тортиб ҳамма! Доим футболчилар учун яқин алоқада.

- Яқинда “Ал-Гарафа” бош мураббийи Андреа Страмаччони билан суҳбат уюштирдим. Футболимиз ва терма жамоамиз ҳақида яхши гапларни айтди. Мураббий қайси хусусияти билан сизни ҳайрон қолдиряпти?

- Биринчи навбатда у жуда ҳам яхши инсон экан. Тўғри айтдингиз, юртимиз ҳақида ҳам илиқ фикрда. Албатта, интервьюни ўқидим. Чунки бунга мен ҳам ҳисса қўшдим-ку (кулади).

ислом_2

- Яқинда сиз Алишер Никимбаев, Сардор Рашидов ва Бахтиёр Қосимов билан бирга учрашдинглар. Бу кимдан чиққан ташаббус? Умуман, тез-тез учрашиб турасизларми?

- Алишер акадан чиққан ташаббус. Доимо алоқадамиз. Деярли ҳар ҳафта кўришиб, суҳбатлашиб турамиз.

- “Ал-Гарафа” ўйинларини кузатяпмиз. Майдон идеал ҳолатда, ҳавас қилдик. Яна Қатар чемпионатида қайсидир жиҳатлар бўйича ҳам сизни ҳайрон қолдирган хусусиятлари бўляптими?

- Ҳа, майдонлар сиз айтганингиздек, жуда ҳам аъло даражада. Бизга ҳам насиб қилсин шунақа стадион, шароитлар ва майдонлар. Бу ҳайрон қоладиган нарса эмас, ҳавас қиладиган нарсалар жуда кўп.

ислом1_1

- Қатарга кетган легионерларимиз учун терма жамоа эшиги ёпилади, деб ўйлайсизми? Чунки Қатардаги футболчиларимиз доим четлаб ўтилади? Бу нима билан боғлиқ?

- Нимага, кўпчилик ўйнарди-ку! Бу борада мураббийни ўзи кимни хоҳласа ўша ўйинчини чақиради. Унинг қарорларини ҳурмат қилиб, қўллаб-қувватласак, унга кўзланган мақсадга эришиш осонроқ бўлади.

- Катанец бошчилигидаги термамизга чақирилган таркибни ҳам кўрдингиз. Қайси футболчи ёки футболчиларнинг чақирилмагани сизни ҳайрон қолдирди?

- Таркибдаги ҳаммаси ажойиб футболчилар. Кимни энг кучли деб ҳисоблаган бўлса, ўшаларни чақирган. Бугунги кунда яхши формада бўлган 3-4 нафар Суперлигадаги энг яхши ўйинчиларга имконият берилса ҳам яхши бўларди.

ислом4

- Олдин Эктор Купер, энди Сречко Катанец ҳам вақти-вақти билан танқид қилиняпти. У билан мақсадга эриша оламизми? Сиз учун қандай мураббий?

- Терма жамоа мураббийининг қисмати шунақа. Доимо босим остида бўлади. Худо хоҳласа, ҳамма қўлидан келганча ёрдам берса, албатта мақсадга эришса бўлади.

- Страмаччони сиз билан қайси ҳамюртимиз ҳақида гаплашади?

- Элдор Шомуродов.

ислом3_1

- Айнан нима ҳақида ёки қайси хусусиятлари бўйича гаплашасизлар?

- Ажойиб ҳужумчи экани, Италияда ўзини яхши томонлама кўрсатаётгани италияликларда Ўзбекистонга қизиқиш кўпайгани ҳақида гапиради.

- Терма жамоадаги фаолиятингизни якунладингизми?

- Шунақа деса ҳам бўлади. Ёшлар ўйнасин. Бизда жуда ҳам кўп иқтидорлар бор.

"Шомуродов орқали футболингиз европалик скаутлар кузатувида, сизларда "олтин авлод" шаклланяпти, ўзбек маданиятини эшитганман" - "Интер"нинг собиқ устози SPORTS.UZга эксклюзив интервью берди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!