Терма жамоани тарк этган мураббий: "Ўзбекистон варианти ҳам йўқ эмас"

Яқинда Қирғизистон терма жамоасида бош мураббий ўзгартирилди. Сизу-бизга яхши таниш бўлиб қолган россиялик Александр Крестинин лавозимидан бўшади.

У бир неча йил мобайнида қирғиз футболида ишлади ва ўзининг катта ҳиссасини қўша олди. Мутахассис истеъфога чиққанидан сўнг Sports.uz журналисти у билан боғланди.

- Александр Сергеевич, Қирғизистон термасидан кетишингиз сабаби нима билан боғлиқ? Буни ўзингиз хоҳладингизми ёки...

- Биз ўзаро келишган ҳолда бир-биримиз билан хайрлашдик. Ҳаммаси маданиятли инсонлар томонидан қўлланилган асослар билан юз берди. Ҳеч қандай гина-қудратлар бўлмади. Мен фурсатдан фойдаланган ҳолда Қирғиз футбол федерацияси ва ишим давомида мени қўллаб-қувватлаган барча ходимлар ва мухлисларга миннатдорчилик билдириб қоламан.

- Кейинги режангиз қандай? Қирғизистондан бутунлай кетдингизми?

- Айни пайта мен уйда, дам оляпман. Хизматимга қизиқиш билдирилаётган таклифларни ўрганиб чиқяпман. Айтишим керакки, бундай таклифлар оз эмас. Аввал ҳаммасини обдон ўйлаб хаёлда пишириб олай, кейин бир қарорга келарман.

крестинин2

- Терма жамоада ўрнингизга бошқа мутахассис тайинланди. Лекин унгача Канчельскиснинг келиши ҳақида эшитгандик. Шу ростмиди?

- Қирғиз футбол федерацияси томонидан расман хабар чиқди. Унда айтилишича, терма жамоани Канчельскисга эмас, балки словакиялик бошқа мутахассисга ишониб топширилгани баён қилинган. Сизга фақат шуни айтишим мумкин.

- Олдингизда аниқ таклифлар борми?

- Юқорида айтганимдек, хизматимга таклифлар йўқ эмас. Ҳаммасини ўрганяпмиз ва якуний тўхтамга келганимдан сўнг буни барчага эълон қилиш ниятим йўқ эмас.

- Александр Сергеевич, Ўзбекистон чемпионатида ишлаш иштиёқингиз борми? Сир бўлмаса, юртимиздан ҳам аниқ таклиф олдингизми?

- Албатта, биз нафақат Ўзбекистон, балки бошқа вариантларни ўрганиб чиқяпмиз ва ҳозир изланиш жараёнидамиз. Бинобарин, Ўзбекистон чемпионати варианти ҳам йўқ эмас. Шуни биламанки, ўзбек чемпионати анча кучли ва қизиқарли лига саналади. Унда ўз ишининг тажрибали мутахассислари ишлаб келаётганидан хабарим бор.

крестинин3

- Бизнинг футболни яхши биласиз. Про лицензияси учун ҳам шу ерда ўқигансиз. Айтинг-си, сизга қайси жамоамиз кўпроқ ёқади?

- Ҳа, Тошкентдаги ўқишим асносида ўзбек чемпионатини анча томоша қилганман ва буни қандай биринчилик эканидан хабарим бор. Биз ўйинларни муҳокама қилардик, таҳлил қилиб ўрганардик. Лигангизда кучли клублар талайгина. Айни пайтда менга яқин танишим Тимур Кападзе бошқариб бораётган жамоа анча ёқмоқда. Шуниси кўриниб турибдики, мураббий жамоадан нимани хоҳлаётганини намойиш этмоқда. Ўз навбатида клуб ҳам бунга интилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Кападзе бошқараётган жамоани кузатиш менга мароқ бағишлаяпти.

- “Динамо”да легионер ўйинчи Жоэл Кожо тўп суряпти. Эшитишимча, у Қирғизистон терма жамоаси учун ўйнаркан. Мабодо, уни сиз “Динамо”га таклиф қилмаганмисиз?

- Шуни айтмоғим керакки, миллий терма жамоада бирорта ўйинни ўтказмаган. Ҳа, у терма жамоа учун номзод саналади. Уни “Динамо”га мен таклиф қилмаганман. Клубнинг селекция хизмати ходимлари бор. Айни пайтда жамоани бошқараётган Вадим Карленович билан яхши танишман. Унга ушбу жамоадаги иши давомида омад ёр бўлишини тилаб қоламан.

- Қирғиз футболидаги асосий муаммо нимада?

- Қирғизистон футболида қандай муаммолар борлигини олдин ҳам айтганман. У ерда моддий техник база яхши шаклланмаган. Тўғри, бугунги кунда федерация раҳбарияти ҳаммасини ижобий томонга ўзгартириш учун астойдил енг шимариб ишга киришган. Футболни ривожлантириш учун улар тўғри йўлни танлаб, асосий эътиборни инфратузилмани яхшилашга ва ёш ўйинчиларни тарбиялашга қаратганлар.

крестинин

- Мураббий сифатида нимани орзу қиляпсиз?

- Орзуми? Бу хусусида бир нарса дейишим сал қийинроқ. Фақат шуни айта оламанки, футболда узоқ вақт хизмат қилишни истайман. Ахир бу ҳаётда нимага эришган бўлсам, шу ажойиб мафтункор ўйин орқали эриша олдим. Мақсадим бундан кейин ҳам футболда узоқ йиллар қолиш. Мен бу касбни севаман.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!