
Тезкор: Манчестерликлар суперҳужумчи трансферини эълон қилди
Мавсумни муваффақиятсиз якунлаган “Манчестер Юнайтед” келаси мавсум олдидан бор эътиборини янги таркиб шакллантиришга қаратади.
Бош мураббий Рубен Аморим мавсум давомида кўп гол ура оладиган ҳужумчига эҳтиёж сезди. Аввалги мавсумларда ана шу мақсадда клубга олиб келинган Расмус Хёйлунд ва Жошуа Зиркзее каби форвардлар ишончни оқламади.
Манчестерликлар бу бўшлиқни тўлдириш учун “Вулверхэмптон”дан 26 ёшли Матеус Куньяни олди. Клуб ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаси орқали бу трансферни эълон қилди.
Манбага кўра, “Манчестер Юнайтед” бразилиялик футболчи учун “бўрилар”га 74 миллион евродан ортиқроқ бадал пули тўлайди.
Шартнома 2030 йилнинг ярмигача тузилади. Кунья якунланган мавсумда барча турнирларда 36 маротаба майдонга тушиб, 17 та гол ва олтита ассист муаллифи бўлди.
Фикрлар