The-afc.com: Конде, Бунеджа, Машарипов - нимчорак финалда порлаши кутилаётган футболчилар
Биз эса ушбу мақолани тўлиқ таржимасини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Доҳада Осиё Чемпионлар Лигаси Ғарб минтақаси баҳслари энг қизғин паллага кириб бормоқда. Нимчорак финал бошланиши арафасида ушбу босқичда эътиборингизни ўзига тортиши мумкин бўлган футболчилар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Салман Ал-Мувашшар (“Ал-Аҳли”)
Саудияликлар “А” гуруҳини пешқадам сифатида якунлади. Бунда 31 ёшли вингер Салман Ал-Мувашшар етакчи ролни ўйнади.
2014 йилда ушбу жамоа сафига келиб қўшилган футболчига бош мураббий майдон бўйлаб эркин ҳаракатланиш имконини берган. Уни ҳар иккала қанот ва марказда фаоллик кўрсатаётганига кўп бора гувоҳ бўлиб улгурдик. Дриблингларидаги самарадорлик 50 фоизни ташкил этаётганининг ўзиёқ, ундан хавфсираш учун етарли сабаб.
У гуруҳ босқичи доирасидаги 4 та учрашувда майдонга тушиб, 2 маротаба рақиб дарвозасига тўп киритган. Ҳар икки гол ҳам “Истиқлол”га қарши учрашувда киритилган.
Амир Асалан Мотаҳари (“Истиқлол”)
Эронликлар плей-оффдаги ўринларига сўнгги турда “Ал-Аҳли”ни йирик ҳисобда енгиб эга чиқди. Гуруҳ босқичи доирасида улар жами 6 та гол урди. Шулардан 2 таси Мотаҳари номи билан боғлиқ.
Атиги 27 ёшда эканлигига қарамай, Амир Асалан Осиё Чемпионлар Лигасининг ветеран футболчилари қаторига киради. Боиси, у 4 та клуб сафида ушбу турнирда иштирок этиб улгурди: “Нафт” Теҳрон, “Тракторсози”, “Зобаҳан” ва “Истиқлол”.
Мотаҳари гуруҳ босқичи давомида жами 21 та дуэлда ғалаба қозонган.
Айниқса, “Ал-Аҳли” ва “Ал-Шорта”га қарши учрашувларда биз унинг янада ёрқинроқ ҳаракатларини кўришга муваффақ бўлдик.
Жалолиддин Машарипов (“Пахтакор”)
“Пахтакор” 10 йил ўтиб яна плей-оффга йўл олди ва бу тарихий натижада ҳеч ким Жалолиддин Машариповчалик кўп меҳнат қилмади. У биринчи голини “Шабаб Ал-Аҳли”га қарши беллашувнинг 18-дақиқасида киритганди. Сўнгги голи эса “Шаҳр Ходро”га қарши беллашувда жамоасига ғалаба келтирди. 2 та голдан ташқари у яна 2 та ассистни амалга оширди.
Ушбу мавсум ОЧЛда ўйнаётган ҳеч бир футболчи “Пахтакор” вингеридан кўп муваффақиятли дриблинг ишлатмаган (27).
Педро Конде (“Шабаб Ал-Аҳли”)
“Шабаб Ал-Аҳли” ОЧЛда энг омадли жамоалардан бири бўлиб турибди. “Ал-Ҳилол”нинг мусобақадан четлатилиши оқибатида амирлик клуби “Пахтакор”дан кейинги ўринни эгаллаб, плей-оффга йўл олди. Эътиборлиси, улар киритган 3 та голнинг 2 таси айнан Кондега тегишли. 2019 йил январида жамоага келиб қўшилган испаниялик форвард ҳужум чизиғига ранг-баранглик бағишлай олди.
Шунингдек, 32 ёшли ҳужумчи ОЧЛда энг кўп аниқ зарба йўллаган футболчи бўлиб турибди.
Шожаи Халилзода (“Персеполис”)
“Персеполис” гуруҳ босқичидаги голларини анча қийинчилик билан киритди. “Шаржа”га қарши учрашув бундан мустасно. Улар сўнгги турга ўзгача тайёргарлик кўргани яққол сезилди. БАА клуби эронлик рақибларига ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади.
Марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, Шожаи Халилзода 2 та гол киритишга муваффақ бўлди. Ушбу голлар жамоасига плей-офф чипталарини тақдим қилди.
2017 йилда “Сепахон”дан “Персеполис” таркибига кўчиб ўтган Халилзода ҳимоя марказида Сайид Жалол Ҳусайний билан яхши тандем ҳосил қила олди.
У гуруҳ босқичи давомида 18 маротаба рақиб ҳужумларини бартараф этишга эришди.
Абдулмажид Ал-Сват (“Ал-Таавон”)
Бу каби катта мағлубиятлар билан “Ал-Таавон”ни нимчорак финалда кўраётганимиз - сенсация. “С “ гуруҳидаги ўйинларида ушбу клуб анча “нотекис” футбол намойиш этди, аммо муҳими кичик миссия бажарилди.
Клуб академияси вакили ҳисобланган Абдулмажид 2017 йилда катта жамоага жалб қилинганди. “Локомотив”га қарши беллашувда киритган дебют голининг ўзиёқ анча катта шов-шувларга сабаб бўлганди.
"Ал-Сват" гуруҳ босқичида иштирок этган қолган барча футболчилардан кўпроқ (6 та) вазиятлар яратган.
Абдураззоқ Ҳамдаллаҳ (“Ал-Насср”)
Ушбу мавсумнинг энг хавфли жамоаларидан бири ҳисобланган клуб дастлабки 5 та ўйинда ғалаба қозонди. Сўнгги турда “Ал-Айн”дан учралган мағлубият амалда ҳеч нарсани ўзгартирмади.
Руи Виториа шогирдлари орасида марокашлик ҳужумчи ажралиб туради. “Гуанжоу”, “Ал-Жаиш”, “Ал-Райян” таркибида ҳам ОЧЛда ўйнаган футболчи анча тажрибали футболчилар сирасига киради.
У 4 та учрашувда 5 та гол киритиб, тўпурарлар рўйхатида пешқадамлик қилмоқда.
Бағдод Бунеджа (“Ал-Садд”)
“Ал-Садд” “Д “ гуруҳида иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди. Сабаби, “Ал-Наср”ни тўхтатиб бўлмади. Қатарликлар етакчиси Бунеджа ҳам айнан Ҳамдаллаҳдан кейин тўпурарлар жадвалида иккинчи бўлиб турибди.
2018 йилда у энг яхши тўпурар бўла олганди. Ушбу мавсумда эса Бунеджа гуруҳ босқичининг 1-даврасида 4 та гол киритишга эришди. Иккинчи даврада эса унинг тўпурарлик маҳорати бирдан йўқолиб қолди.
Санти Касорла ва Акрам Афифнинг кўмаги билан ҳужумчи 11 та аниқ зарба йўллаб, гуруҳ босқичининг энг яхши вакили бўлиб турибди.
Абдулвосид Валихонов таржимаси
Фикрлар