Тиаго Безерра: “Пахтакор” лойиҳасининг жиддий экани ўзига жалб қилди

 

“Пахтакор” тарихида Фабиано Андерсон ва Фабио Пинтодан кейин учинчи бразилиялик футболчига айланган Тиаго Безерра айни кунларда тошкентликлар билан иккинчи даврага тайёргарликни давом эттирмоқда. "Пахтакор" матбуот хизмати унинг клубга келиб қўшилгандан сўнг биринчи интервьюсини тақдим қилди.

- Тиаго, Тошкент ва “Пахтакор” хусусида нима дея оласиз?

- Тўлақонли таассуротга эга бўлиб улгурмадим, аммо барчаси жуда яхши кетмоқда. Машғулотларга киришдик. Ҳозир ҳеч кимга осон эмас. Тайёргарлик даврида жиддий тер тўкиш талаб этилади. Жамоадошларим билан бирга янги мураббий қўл остида машғулотларда қатнашяпмиз. Бу ерда барча бир-бирига нисбатан жуда илиқ муносабатда. Машғулотлар ўтказиш учун қулай шароитлар яратилган.

Ўзбекистон ҳақида бу ерга келишдан аввал жуда кўп маълумот билмасдим, аммо таклиф тушиши билан клуб ва мамлакатни интернет орқали ўрганишга киришдим. Ривалдо ва Сколарининг бу ерда ишлаганини эшитгандим. Тошкент чиройли ва қулай шаҳар эканини кўриб турибман. “Пахтакор” эса катта тарихга эга катта клуб эканидан хабар топдим.

Клуб ва жамоадагилар янги муҳитга мослашишга ёрдам беришга ҳаракат қилишяпти. Ҳеч ким ёрдамини аямайди. Бунинг учун барчага раҳмат айтаман.

- Музокаралар қандай кечди?

- Бразилияда таътилда эканимда менежерим менга Ўзбекистондан таклиф бўлаётгани ҳақида айтди. Олдимда бошқа вариантлар ҳам бор эди. Биринчи навбатда “Пахтакор”да янги лойиҳанинг жиддийлиги ва узоқ муддатга мўлжаллангани эътиборимни тортди. Қолаверса, янги мамлакатда ярим ёки бир йил ўйнашни истамасдим. Бундай кўчиб ўтишлар оилам учун қулай эмас. Музокаралар жараёнида клуб олдига катта вазифалар қўйилгани таъкидланди. Қолаверса, Туркияда ишлаган Шота Арвеладзени яхши биламан. Шу сабабли “Пахтакор” билан шартнома имзолашга розилик билдирдим.

- Якуний қарорга келишдан олдин ким билан маслаҳатлашдингиз?

- Менежерим ва оила аъзоларим билан. Қувайт ва Саудия Арабистонида ярим йилдан ўйнаганман. Шу сабабли узоқроқ муддат мобайнида тўп тепадиган бирор клубда ўйнашни истаётгандим. Таклифларни ўрганишда шунга эътибор қаратдим. Бирор жойда узоқроқ вақт давомида ўйнасам, бу оилам учун ҳам фойдали бўлади.

- Болалигингиз ҳақида айтиб берсангиз. Профессионал футболга йўлингиз қандай бошланган?

- Бразилиядаги барча болалар сингари футбол ўйнаб катта бўлганман. Отам ва акам ҳам футболга жуда қизиқишган. Улар туфайли мен футболчига айланганман. Отам мени машғулотларга олиб борарди. У бунинг учун бор кучини сарфлаган. Профессионал футболга кириб келишимда оиламнинг ҳиссаси энг катта бўлган. Шу тариқа аста-секин улғайиб, катта футболгача бўлган йўлни босиб ўтдим.

- Илк жамоангиз Бельгиянинг “Ла Лувьер” клуби бўлган. 18 ёшда қай тариқа у ерга бориб қолгансиз?

- Бир агент бир неча нафар футболчини Европа клубларига кўрикка олиб борган. Мен Бельгияга, кимнидир Германия ёки бошқа давлатга. У ерда бир ойдан кўпроқ вақт машқ қилдим ва кейин шартнома таклиф қилишди. Энди ўйнашни бошлаган пайтимда жамоада келишилган ўйинлар бўйича можаро юзага келди. Клубни қуйи дивизионга тушириб юборишди. Кейин Туркиядан таклиф тушди. У ерда “Олтой” ва “Карсияка” клубларида ўйнадим. Сўнг Бразилияга қайтиб, “Васко Де Гама” билан 5 йиллик келишув туздим. Шундан кейин турли клубларда ижарада ўйнашга мажбур бўлдим. Тез-тез клуб алмаштирдим. Ниҳоят, бу муддат тугагач, эркин агент сифатида жамоалар танладим. Саудия Арабистони ва Туркиядан сўнг “Пахтакор”га келдим.

- Туркиянинг турли клубларида турли мавсумларда ўйнагансиз. Бунинг сабаби нимада?

- Менга бу мамлакат маъқул бўлган. Турк тилини ўрганиб олдим. Натижада у ерда яшаш қулай ҳолатга айланди. Оилам учун ҳам учиб келиш осон эди. Натижада катта маош олмасам ҳам ушбу юрт жамоаларида тўп тепишни афзал билдим. Ҳозир ўғлим ҳам турк билини ўрганмоқда.

- Турк ва ўзбек бир-бирига жуда ўхшаш эканини биласизми?

- Ҳа, буни келган пайтимдаёқ сездим. Жамоадошларим ўзаро суҳбатлашаётган пайтда ҳам уларни озроқ тушундим. Бу менга қулайлик туғдирмоқда. Аста-секинлик билан ўзбек тилини ҳам ўрганиб бораман. Бу жамоа ичида ҳам қўл келиши аниқ.

- Ўзбекистонда нималарни ўрганяпсиз? Маданият, тарих ёки бошқа нарса?

- Машғулотлардан бўш чоғимда сайр қилган ҳолда маҳаллий одамлар билан мулоқот қилишга уриняпман. Аста-секин улар билан суҳбатлашиб, турли нарсалар борасида маълумотга эга бўлишга интиламан. Ўзинг ўйнаётган мамлакат маданияти, анъаналари ва тарихи ҳақида билиб бориш зарур.

- “Пахтакор”даги мақсадларингиз қандай?

- Жамоага янги амалга оширилаётган лойиҳада ёрдам беришни хоҳлайман. Клуб раҳбарияти барча зарур шароитларни яратиб бермоқда. Бу мавсум чемпионлик учун имкониятимиз юқори эмас, буни тан олиш керак. Аммо Чемпионлар лигасида иштирок этишга имкон берувчи иккинчи поғонани эгаллашга интиламиз. Ярим мавсум мобайнида кучайиб борсак, кейинги йил барчасини бошидан бошлаймиз. Ҳаммаси ўз қўлимизда бўлади. Навбатдаги мавсумда чемпионликни нишонлашни истаймиз. Замонавий қарашларга эга мураббий бошчилигида бунинг учун дастлабки қадамларни ташлаяпмиз.

- Мухлисларга нима дейишни хоҳлардингиз?

- Улардан стадионга кўпроқ келиш ва бизни қўллаб туришни сўраган бўлардим. Клуб узоқ муддатли лойиҳага киришган. Ишқибозларга натижа ва чиройли футбол муҳим, буни биламан. Клуб ва жамоадаги ҳар бир ходим ёки футболчи жиддий тер тўкмоқда. Биз уларни хурсанд этиш учун бор кучимиз билан уринамиз. Биргаликда ажойиб ғалабаларни нишонлаймиз деб умид қиламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!