Тимур Кападзе: "Аббос фақатгина мени эмас, бутун ўзбек футболини хурсанд қиляпти"
Ўзбекистон Суперлигаси 24-туридан ўрин олган "Нефтчи" - "Олимпик" баҳси якунланди. Унда меҳмонлар 0:1 ҳисобида зафар қучди.
Ягона голга Алишер Одилов муаллифлик қилди. Унинг голига Жасур Жалолиддинов ассистентлик қилди.
Учрашувдан сўнг "Олимпик" устози Тимур Кападзе фикрларини билдириб ўтди.
"Жамоамизни ғалаба билан табриклайман. Йигитларим яхши ўйин кўрсатишди, улар ғалабага ҳақли эди деб ҳисоблайман. Бу бизга керакли уч очко эди. Чунки жамоада босим бор эди. Ўйин осон бўлмади. "Нефтчи" ҳам кучли жамоалигини билган ҳолда тайёрландик. Ғалабадан хурсандман. "Нефтчи" ҳам тажрибали жамоа, яхши ўйин кўрсатишади. Бу футбол, балки, пеналтидан гол урилганида, ўйин бошқачароқ кетарди. Аммо биз биринчи бўлимданоқ яхши ўйин намойиш қилдик. Биз учун бундай ўйинлар катта ишонч беради.
Бугун Бўриев ўйнамади. Унинг ўрнида бўлган футболчилар эса вазифаларини бажара олишди. Ҳа, қаердадир камчиликлар бўлди, нималардир ўхшамади. Баъзи ҳолатларда "Нефтчи" имконият бермади. Жасур индивидуал кучли футболчи, қайсидир эпизодларда яхшироқ ҳаракат қилади. Лекин бизда жамоавийлик асосий ўринда туради. Турли хил вазиятларга тушиб қолсак, уларнинг ўрнига тушадиган футболчилар ҳам бемалол ўйнаб кета олади.
Ўйинни назорат қилиб, вазиятлар яратишга ҳаракат қилдик. "Нефтчи" ҳам осон жамоа эмас, 5-3-2 тактикасида ўйнайдиган рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш исталган жамоага қийинчилик туғдиради. Рақибларнинг ҳимояда кўпчилик бўлганлиги сабабли ҳужумда ишларимиз доим ҳам ўхшамади. Шукр-ки, бир эпизодимиздан гол урдик, бундан хурсандмиз. Биринчи бўлимда ҳам имкониятларимиз, зарбаларимиз бўлди, лекин ноаниқ ўйнадик. Бироқ асосийси - ғалаба.
"Олимпик" жамоасидан келажакда нималарни тасаввур қилсак бўлади?
- Ушбу жамоа нима сабабдан ташкил қилинганлигини яхши билсангиз керак. Футболчиларга катта ўйин амалиёти, тажриба бериш учун тузгандик. Уч йил олдин тузилган жамоада ҳар йили ўзгаришлар бўлди. Айрим етакчилар бошқа жамоаларга ўтишди, бу йил ҳам ўзгаришлар бўлди. Жасур ва Иброҳимни ҳисобга олмаса, бошқа футболчилар ўз жамоаларида деярли ўйин амалиётига эга бўлмаётганди. Уларни ўстиришга ҳаракат қилдик. Терма жамоа учун ҳам кўпчилик бўлгани яхши. "Олймпиc" ўтган уч йилда ушбу вазифани бажара олди. Жамоада кўзга кўринган футболчилар айни дамда Суперлиганинг бир қанча жамоаларида ўйнашмоқда. Бундан хурсандман. Термага ҳам энг кучли футболчиларни чақирамиз. Жамоадаги кейинги йил режаларини эса кейинчалик қараймиз. Чунки апрель ойида бизда расмий турниримиз бор. Насиб бўлса, Олимпиада ҳам бўлади. Режаларни мавсум якунида раҳбарият билан тузиб чиқамиз.
Аббос фақатгина мени эмас, бутун ўзбек футболини хурсанд қиляпти. Яхши даражада ўйнамоқда, жамоанинг асосий таркиб футболчиси сифатида етакчилардан бири бўлиб олди. Уйда дадам ҳам унинг ўйинларини хурсанд бўлиб томоша қиляптилар. Россиядаги экспертлар билан ҳам гаплашиб турибмиз, улар ҳам Аббосбекнинг ўйинларидан ҳайрон. Бундай гавдаси билан тўп учун курашларда ҳам, бошқа ҳолатларда ҳам яхши ўйин кўрсатмоқда. Шу орқали у жамоасининг натижаларига катта ҳисса қўшмоқда. Шундай легионерлар Ўзбекистоннинг репутациясини кўтармоқда. Буни билган ҳолда футболчилар ҳам яхши ўйнашмоқда. Аббосбекда Европанинг кучли чемпионатларидан бирида ўйнашга етарли иқтидори бор, - деди Кападзе.
Фикрлар