Тимур Кападзе: Бу бизнинг "касаллигимиз"
Суперлига 22-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Олимпик” (1:2) учрашувидан сўнг меҳмон жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе ўз шогирдларининг ноодатий “касаллиги”, уларнинг жисмоний ҳолати ва “Локомотив”нинг Суперлигадаги имкониятлари ҳақида гапирди.
– Суперлигада осон ўйиннинг ўзи йўқ. Рақиб ҳозирги ҳолатида бор кучини бериб ўйнашини билар эдик ва шунга яраша тайёргарлик кўрган эдик. Биринчи бўлим қийин кечди. Дарвозамиздан тезкор гол ўтказиб юбордик. Бу бизнинг “касаллигимиз”. Рақибга гол уришга имкон бериб, кейингига вазиятни ўнглаяпмиз. Бугун ҳам шундай бўлди. Шунга қарамай бугун ғалаба қозондик. Иккинчи бўлимни деярли хатоларсиз ўтказдик.
Менга мураббий сифатида футболчиларни бир жамоа сафида ўйнаб турганлари яхши. Чунки, менинг қўл остимда ўйнасалар имкониятларини баҳолай оламан. Кучлироқ жамоаларда уларга ўйин вақти кафолатланмаган. Муҳим мусобақаларга тайёргарлик кўраяпмиз. Шу боис, уларнинг бир жамоа сафида ўйнаб туришлари яхшироқ деб ўйлайман.
Менинг шогирдларим чарчоқ нималигини билишмайди. Уларга машғулотларда зарур юкламаларни бераяпмиз ва жисмоний ҳолатларини яхши ушлаб туришларига ҳаракат қилаяпмиз. Агар эътибор қилсангиз, биз эмас, балки рақиблар бизга қарши ўйинларда кўпроқ чарчашаяпти.
“Локомотив” менга бегона эмас. Стадионга келсам, ўз уйимга келгандек бўламан. Уларнинг ҳозирги ҳолатидан ҳавотирдаман, албатта. Бу жамоани Суперлигада кўрмаслик ғалати. Ўйлайманки, уларда ҳамон имконият бор ва улар Суперлигада қолади.
Фикрлар