Тимур Кападзе: "Четлатиш бизга қўл келди"

Cоcа-Cоlа Суперлига 10-туридан ўрин олган «Қизилқум» – «Олимпик» учрашувидан сўнг меҳмон жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе ўз фикрларини билдирди.

“Бугунги баҳс қийин бўлишини билар эдик. «Қизилқум»га қарши Навоийда ўйнаш осон эмас, қолаверса, турнир жадвалидаги ўрнидан келиб чиқиб, мезбонларга очко жуда ҳам зарур эди. «Қизилқум»да мураббий ўзгарди. Тачмурод Агамуродовни яхши биламан, ҳурмат қиламан. Шу боис, учрашув биз учун осон ўтмаслиги ва рақиб ҳимоявий ўйин кўрсатиши маълум эди. Биринчи бўлим сўнггида содир бўлган четлатиш бизга қўл келганини таъкидлаш керак.

Селекция ишлари мунтазам олиб борилмоқда. U21 чемпионати беллашувларини ҳам кузатиб боряпмиз. Бу борада мураббийлар штаби иш олиб бормоқда ва кенгайтирилган рўйхатимиз мавжуд.

«Олимпик»нинг асосий мақсади футболчиларни Олимпиадага тайёрлаш ва йўлланмани қўлга киритиш. Балки, бу жамоа бўлмаганида, ушбу футболчилар фаолиятини давом эттираётган бўлармиди ёки йўқ, буни билмадим. Ортда қолган икки йил давомида биз яхши иш олиб бордик ва Суперлиганинг исталган жамоасида ўйнай оладиган футболчиларни этиштира олдик.

«Қизилқум» таркибида ўтган мавсум бизнинг жамоада тўп тепган икки футболчи бор. «Насаф»дан келиб қўшилган Муродбек Раҳматов ҳам ўйинни асосий таркибда бошлади. Бундан хурсандман. Навоийликлар ўзларига ярашмайдиган ўринда боришмоқда. Умид қиламанки, жамоа мавсум сўнггида турнир жадвалининг юқорисида бўлади”, – деди Кападзе.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
● 10 ●
12/05/2023 22:26
Т.Кападзе тугри ва окилона фикр билдирибди.
Бу футболчилар билан олимпиада йулланмасини кулга кирита олмаслиги мумкиндир. Бирок, бу йигитлар Супер Лиганинг исталган жамоасида уйнай олишлари мумкин.
Шунинг узи хам бизнинг ютугимиздир.
Олимпик таркибидаги йигитлар, укаларимизни салохияти анча юкори. Улар келажакда МТЖнинг ишонган футболчилари булиб етишишига ишонаман.