Тимур Кападзе "Машъал"нинг хатоси, Суперлига ва Про-лигадаги муаммо ҳамда жамоаси ғалабалари сири ҳақида гапирди
Бироз аввал, "Машъал" ва "Олимпик" жамоалари ўртасида ўтиш ўйини бўлиб ўтди. Унда Темур Кападзе бошчилигидаги "Олимпик" камбэк эвазига 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Мазкур учрашувдан сўнг, Кападзе журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб берди.
- Албатта, биринчи навбатда, ҳаммани ғалаба билан табриклайман. Бир йил давомида меҳнат қилдик ва анча ўсишга эришдик. Бизга қараганда, "Машъал"га анча қийин бўлди, деб ўйлайман. Сабаби, биз мағлуб бўлсак, устимизда ишлашда давом этардик ва ўзимизга керакли хулосани чиқардик. "Машъал"га қарши ҳар қандай жамоа қийналади. Чунки улар тартибли ўйнайди. Биз бу жамоани яхши ўрганиб чиқдик ва ҳар тарафлама кучли ўйин кўрсатиб, ғалаба қозондик.
- Суперлигани ўзига яраша талаблари бор. "Олимпик" бунга қай даражада тайёр?
- Биринчидан бу ерда ҳам бизга ўхшаган жамоалар иштирок этади. Шунингдек, бизнинг вазифамиз Олимпиадага бориш ҳисобланади. Энди яна ҳам ўсишга ҳаракат қилишимиз керак. Қандайдир қонуний тарафларини раҳбарият ҳал қилади. Ҳозирги кунда кўп жамоалар ёш футболчиларга кам эътибор бермоқда. Агар шу каби муаммолар бўлмаганда, "Олимпик"нинг кераги ҳам бўлмасди. Йигитлар анча ўсди. Бундан хурсандман.
- Олимпик" жуда чиройли ўйин намойиш этмоқда. Ўзбекистонда ҳеч бир клуб бундай ўйнамайди. Хўш, Суперлигада жамоангизни ўйини ўзгармайдими?
Йигитларни фақат битта нарсага ўргатмаяпман. Уларда импровизация бор. Мана мисол учун, "Машъал" фақат кўрсатмаларга асосланиб ўйнади. Бу хато, деб ўйлайман. Шогирдларимига вазиятдан келиб чиқиб иш тутишни уқтирдим. Ўйлайманки, Суперлигадаги ўйинлар биз учун фойдали бўлади.
Бир йилда нолдан жамоа тузиб, уддалш мумкинлигини исботладингиз. Шу ҳақда нима дея оласиз?
Йигитлар билан тил топишиб, улар нимани хоҳлаётганини билиш муҳимроқ. Айримлар "яхши жамоа қуриш учун вақт керак", - дейди. Менимча, ҳорижлик мураббийга келса, бу фикрни айтса бўлади. Чунки у менталитетни ва ўйинчиларнинг имкониятларини ўрганиши лозим. Аммо биз бу йигитларнинг нимага қодирлигини биламиз. Ҳамма нарса мураббийга боғлиқ.
Кейинги мақсад Суперлигада учталикка кириш бўладими?
Ўйлаб кўрамиз. Аммо бизнинг мақсад қаршимиздаги жамоани мағлуб этиш бўлади. Ҳозир қандайдир вазифа шарт эмас. Бироз дам олиб, режа тузиб чиқишмиз лозим. Бундан ташқари, ҳали иштирок этишимиз ҳам сўроқ остида. Бироқ мақсад доимо олий бўлади.
Келаси йили таркиб тарқаб кетишига қаршимасмисиз ёки Олимпия терма жамоасининг асосий таркибини сақлаб қолмоқчимисиз?
Мен учун ўйинчиларимнинг ўсиши муҳим. Қайсидир футболчини топ жамоага қўйиб юбориш керак бўлса, шундай қиламиз. Агар шогирдларим қаердадир ўсишига кўзим етса, албатта кетишига тўсқинлик қилмайман.
Келаси мавсум Олимпия жамоасига даъвогар бўлган айрим кучли футболчиларни таркибга жалб қилишни иложи борми?
Агар у йигит "Пахтакор"да ўйнаётган бўлса, таклиф юборишдан нима фойда. Унинг ўрнига бошқасини тарбиялаймиз. Лекин қайсидир футболчи ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган тақдирда, албатта таркибга жалб қиламиз.
Про Лига 2021га қандай баҳо берган бўлардингиз?
Про лига яхши ўтди, деб ўйлайман. Бироқ камчиликлар етарли. Нафақат Про Лигада, балки Суперлигада ҳам муаммолар бор. Биринчи навбатда майдонларнинг талабга жавоб бермаслигини айтиб ўтиш лозим. Қачонки, бу муаммони бартараф этсак, фикрлаш, даража ва ўйин сифати ўзгаради.
Фикрлар