Тимур Кападзе: "Турон"ни яхши тайёргарлик кўргани сезилди, лекин биз яхши ўйнадик"
Cоcа-Cоlа Суперлига 18-туридан ўрин олган “Олимпик” – “Турон” (2:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Тимур Кападзе ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Турон” бугунги учрашувга яхши тайёргарлик кўргани сезилди. Илк дақиқаданоқ бизни прессинг ва босимда ушлаб қолишга ҳаракат қилишди. Лекин, бугун биз яхши ўйнадик. Хатолар ҳам бўлди. Умуман, ғалабага ҳақли эдик. Бу эса асосийси.
Жамоамизда муҳит жуда ҳам яхши. Ҳа, анча вақтдан буён натижа кўрсата олмаётган эдик. Боиси, ўз хатоларимиз сабаб тўплар ўтказиб юбордик. Таркибимизда кўп ўзгаришлар бўлди. Мослашиш жараёни ҳам бор, сабаби янги жамоага киришиб кетиш каби ҳолатлар роль ўйнаётгандир. Давралар оралиғида кўплаб футболчилар жамоамизни тарк этди, уларнинг ўрнига янгилар келди. Барибир вақт керак. Ишлар давом этмоқда. Ҳар куни ўсиш учун ҳаракат қиляпмиз. Бугун хатолар бўлмади. Кўпроқ гол киритишимиз ҳам мумкин эди. Иккита гол ғалаба учун етарли бўлди. Асосийси, дарвозамиздан тўп олиб чиқмадик.
Икки хил тайм гувоҳи бўлдик. Биринчи бўлимда жамоаларда куч кўп бўлгани учун барча вазиятларга улгуришга ҳаракат қилишди. Иккинчи таймда эса голдан сўнг “Турон” катта куч билан ҳужумга зўр берди. Натижада бизда вазиятлар кўп бўлди.
Легионерларимизнинг ўрни бошқа. Биз уларнинг нималарга қодир эканлигини яхши биламиз. Норчаев билан ҳам, Жиянов билан ҳам доимий алоқадаман. Машғулотларда тўлиқ ҳажмда ишлашни, керак бўлса, якка тартибда ҳам шуғулланишини таъкидлаяпман. Менимча, ҳаммаси яхши. У ерда рақобат бор. Мураббийлари ҳам ўзгарди. Иқтидорли футболчиларимизнинг у ерда захирада ўтириши яхши эмас. Бундай вақтда кўп нарса агентларга ҳам боғлиқ. Асосий таркибдан ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Курашиш лозим. Ҳеч бўлмаса, 10 кун вақтимиз бўлганида, ўртоқлик учрашуви ташкил этиб, уларнинг ҳолатини яхшилашга ҳаракат қилардик”, – деди Кападзе.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар