Тимур Кападзе: "Учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик. Афсуски..."
Ўзбекистон Суперлигаси 26-туридан ўрин олган "Металлург" - "Олимпик" баҳси бўлиб ўтди. Унда бекободликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида "олимпиячилар" бош мураббийи Тимур Кападзе ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ассалому алайкум. Биринчи навбатда, "Металлург" жамоасини ғалаба билан табриклаймиз! Ўйин яхши бўлди, турнир жадвалидаги ўрнидан келиб чиқсак, икки клубга ҳам бу баҳс катта аҳамият касб этмасди. Шунга қарамай, икки томон ҳам ғалаба учун майдонга чиқди.
Учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик. Афсуски, нимадир ўхшаган бўлса, нимадир ўхшамади. Умуман олганда, йигитлар яхши ҳаракат қилди.
"Металлург" ҳам яхши ҳимояланди. Тезкор голдан сўнг рақиб қарши ҳужумда ўйнашни бошлади ва бизга қийинчиликлар туғдира олди. Биринчи таймда уларнинг прессинги ҳам бизга муаммо бўлди. Футболчиларим яхши курашишди, мағлубиятдан чиқиб кетишимиз ҳам мумкин эди.
Шогирдларим аввалгига қараганда анча ўсишга муваффақ бўлди. Улар тажриба тўплай олди, деб ўйлайман. Шунга қарамай, таркибда айрим йигитлар учун бу мавсум биринчиси экани ҳам факт. Уларнинг хатолари устида ишлашимиз лозим. Айниқса, ҳимоячилар борасида. Чунки уларнинг қўпол хатоси сабаб жамоа гол ўтказиб юборади. Лекин ҳар бир футболчи хатолар қилиб ривожланиб боради", - деди мутахассис.
Фикрлар