Тимур Копадзе "Намангандаги ўйинда "Навбаҳор" футболчиларига икки марта қизил карточка кўрсатилиши керак эди, лекин..."

Ўзбекистон Coca Cola кубоги “F” гуруҳи, 3-туридан ўрин олган “Олимпик” – “Навбаҳор” (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Тимур Кападзе қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
"Жамоамизни ғалаба билан табриклайман. Яхши беллашув бўлди, йигитлар яхши ўйин кўрсатишди, охиригача курашишди. Энг асосийси - ғалаба қозондик. Уч кун олдин Наманганда мағлубиятга учрагандик, ўша баҳсни яхши таҳлил қилиб чиқдик. Бир жамоа билан кетма-кет ўйнаш осон эмас. Лекин йигитлар ўзларини кўрсатиб, ўтган ўйиндаги мағлубиятнинг ўрнини боса олишди. Иккала жамоа ҳам бугун яхши ўйин кўрсатди.
- Ўтган баҳсдаги хатолар устида ишлангани ғалабанинг асоси бўлди, деса бўладими?
- Албатта. Илк навбатда, “Навбаҳор” билан кетма-кет икки ўйин ўтказиш осон эмас. Бугунги баҳсга тайёрланиш учун икки кун вақтимиз бор эди. Айрим вазиятларда ишлар ўхшади, баъзиларида эса йўқ. Меҳмонлар дарвозамиз олдида вазиятлар яратишганида, биз тўғри ҳимояландик. Ўтган икки кун давомида учрашувни тўғри таҳлил қилиб бордик. Ўша кунгидан кўра, бугун йигитлар яхшироқ ўйин кўрсата олишди. Ўтган сафарги ўйиндагидан кўра, бу сафар йигитлар тўғрироқ йўналишда ишлашди. Шунингдек, йигитлар рақибнинг нозик нуқталарини билишарди ва бундан фойдаланишга ҳаракат қилишди.
- Бугунги ғалаба футболчиларнинг руҳий ҳолатлари учун қанчалар муҳим эди?
- “Навбаҳор” устидан қозонилган ғалаба қандайдир маънода йигитларнинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир қилади. Ўтган баҳсда ҳам йигитларнинг яхши ўйин кўрсатган жойлари бўлди. Мағлуб бўлганингиздан кейин, истайсизми, йўқми, ишонч бироз йўқолиб қолади. Ғалаба эса ишонч олиб келади. Бу чемпионат бўладими ёки кубокми, фарқи йўқ. Бугунги ютуқ йигитларнинг руҳий ҳолатларига ижобий таъсир кўрсата олади.
- Бугунги баҳсда футболчиларингиз оддий вазиятларда ҳам ерга йиқилиб олишганини қандай изоҳлайсиз?
- Қайси вазиятларда? Демак, оғригандир, кимдир тепгандир, жони оғригандир. Йигитларимда мен симуляция ҳолатларини кўрмадим. Балки, баъзи жойларда қўполлик бўлгандир. Балки, жарима зарбасига мос бўлмаган контакт бўлгандир. Намангандаги ўйинни кўрган бўлсангиз, у ерда “Навбаҳор” футболчиларига икки марта қизил карточка кўрсатилиши керак эди. Голбан жарима майдончаси ичида футболчимизни қўли билан урган жойи бор. Болтабоев биринчи бўлимда футболчимизни икки марталаб тепган жойи бор. Ҳозир ҳам ўша футболчиларнинг оёғи шишиб кетган. Ҳеч ким индамади. Нима қилиш керак? Бугунги ўйинда ҳакам барча вазиятга яқин бўлди. Борига чалди, йўғига ўйин берди. Умуман олганда, мен курашларга берадиган қарорлар тарафдориман. Ёшларимиз ўйнаган жаҳон чемпионатига қарайдиган бўлсак, у ерда ҳакамлар курашларга беришмоқда. Бизда ҳам шундай бўлиши керак. Чунки биз келгусида терма билан мусобақаларга борсак, бундай ҳолатларга тайёр бўлишимиз керак. Лекин қўполликка йўқ. “Навбаҳор” билан Намангандаги ўйинда рақибимиз қўпол ўйнади, жароҳатлар бўлиши эҳтимоли катта эди. Бунинг ортидан футболчилар нафақат руҳан синиши мумкин, балки, кейинчалик термадаги келажагига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Албатта, бу футбол. Бироқ ҳакамлар қўполликни ҳам, ўйинга бериш кераклигини ҳам билиши керак. Бу уларнинг савиясини билдиради", - Копадзе.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!