"Тирик одамман, ишлаб юрибман, "Нефтчи"ни ким бошқариши мен учун қизиқ эмас" - ўша машҳур Юрий Саркисян суҳбатда яна нималарни айтганини биласизми?
Сиз-у, бизга жуда яхши таниш бўлган ўша машҳур Юрий Саркисянни унутмадингизми? Йўқ, уни унутиб бўлармиди?! Мураббийлар “отаси” “Нефтчи”даги узоқ йиллик фаолиятидан сўнг эндиликда “Бунёдкор”да маслаҳатчи мураббий лавозимида ишлаб келаётганидан яхши хабардорсиз. Куни кеча Юрий Вазгеновични “Бунёдкор” стадионида учратиб қолдик. Фурсатдан фойдаланиб, мутахассис билан суҳбатлашиб олдик.
- Юрий Вазгенович, “Нефтчи”да бош мураббий ўзгарди. Клубни Виталий Левченко бошқарадиган бўлди. Нима деб ўйлайсиз, бу тўғри танловми?
- Менинг бу масаладаги фикрим шундай: ҳар бир раҳбар ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда ишни топширадиган одамни ўзи танлайди. Шундай экан, умрим мобайнида амал қилиб келаётган ақидамга биноан бошқаларнинг ишига аралашишни ёқтирмасдан қолавераман. Менинг тамойилим мана шунақа. Ўз вақтида бундай тамойил менинг асосий принципим бўлиб хизмат қилган. Янги мураббий танлови борасида ҳам бир нарса дейишим қийин.
- “Нефтчи” иштирокидаги учрашувларни кузатиб келяпсизми?
- Албатта, кузатиб келаман. Клуб иштирокидаги баҳсларни бу ерда ҳам, бошқа жойларда ҳам кўришга ҳаракат қилганман. Ҳаммаси имкониятдан келиб чиққан ҳолда.
- Охирги пайтларга келиб “Нефтчи”нинг натижалари жуда қониқарсиз бўлиб кетди. Бунинг сабаби сизнингча нимада бўлиши мумкин?
- Мен доим айтиб келганман: агар футбол ўйнаш ва керакли натижага эришиш осон бўлганидами, ёлланма ишчилар умуман учрамасди (кулади). Агар футбол ўйнаш осон бўлганида мураббийлар ва ёлланма ишчилар ҳам бўлмас, ҳамма фақат футбол билан шуғулланарди! Мени бундай қарашга буюк Лобановский ўргатган. У шундай деган эди: “Юз нафар мураббийдан фақат 3-4 тасигина ўйинчиларни танлашни билиб, яхши натижалар қайд эта олиши мумкин”. Чемпионатда мураббий олдидаги энг ва ўта қийин вазифа бу футболчиларнинг руҳияти ва жисмоний ҳолатини бир хил маромда сақлаб қолишдан иборат. Афсуски, ҳар доим ҳам бунинг имкони топилавермайди. Шундай ишни фақат 100 та мураббийдан атиги 3-4 тасигина эплаши мумкин холос. Бутун умрим давомида “Нефтчи”га ишқибозлик қилганман. Натижалар ёмонлашиб кетди, деб кимдан ҳам ранжишим мумкин?! Жамоада ким мураббийлик қилади, кимлар тўп суришади, буниси энди мен учун унчалик қизиқ эмас. Ўзим “Нефтчи”да ишлаётган давримда клуб учун боримни бағишлаганман. Мен аввал футболчи, сўнгра мураббий сифатида жамоа учун жонимни жабборга бергудек ишладим. “Нефтчи” билан қатор жамоавий ва шунинг баробарида индивидуал мукофотлар ҳамда совринларга эга чиқдим. “Нефтчи” билан қўлга киритган медалларимни жаҳондаги бошқа бирор-бир мураббий қўлга кирита олмаган бўлса ҳам керак (кулади). Биласизми, уйимда ўзига хос музей бор. Унда “Нефтчи” билан эришган ютуқларим акс этган нарсалар жойлаштирилган. Жамоани ким бошқараётгани мен учун қизиқарли эмас. Бу ишни раҳбарият ўз келиб чиқишидан эътиборан амалга оширади.
- Агар Фарғона вилояти ҳокими клубга қайтишингизни сўрайдиган бўлса, бунга розилик билдирасизми? Масалан, маслаҳат мураббий вазифасига...
- Биласизми, бу каби саволларга ҳеч қачон жавоб бермаганман. Чунки мана шундай масала кўтариладими ёки йўқми, бундан бехабарман.
- Барибир шундай имконият туғилса қайтишга тайёрмисиз?
- Мен тирик одамман, кўряпсиз, ишлаб юрибман.
- Демак, “Бунёдкор”даги ишингиздан кўнглингиз тўляпти, шундайми?
- Албатта. “Бунёдкор”да 2014 йилдан бери маслаҳатчи сифатида ишлаб келяпман. Менга кўпинча шундай дейишади: Юрий Вазгенович сиз ўзбек футболи учун шунчалик кўп ишларни амалга оширгансизки, буни бошқа ҳеч ким такрорлай олмайди”. Шунингдек, менга қандай маслаҳат сўрасак, албатта бунга жавоб қайтарасиз деб қўйишади. Ўзбек футболи учун амалга оширган ишларингиздан ҳар қанча қувонсангиз арзийди, деган эътирофларни эшитиш мен учун ёқимли, билсангиз.
- Суперлиганинг бугунги кундаги даражаси ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Ҳар бир жамоанинг ўз даражаси бўлади. Футболда ўйинчиларнинг фаолияти узоқ давом этмайди. Ўзим ҳам мураббий бўлиб ишлаган кезларимда кўплаб футболчилар келиб-кетишарди. Агар жамоа учун кўп меҳнати сингган ижрочи кетадиган бўлса, уни танбеҳ бериб, керак бўлса, сўкардим. Аммо шу билан бирга футболчини тушунишга ҳаракат қилиб келганман. Ахир ўйинчиларнинг ҳам ўз оиласи, ўзига яраша орзу-истаклари бўлади. Шу сабаб жахлим чиққан тақдирда ҳам шогирдларимни тушунардим. Негаки, юқорида айтиб ўтганимдек, ўйинчининг фаолияти узоқ давом этмайди. У шу давр ичида келажак ҳаёти учун мустаҳкам пойдевор қуриб олиши даркор. Харидори кўпайиб, унга яхши маош таклиф қилинган кезларда ҳеч қачон шогирдларимнинг раъйига қарши чиқмасдим. Бир сўз билан айтганда, футболчиларни тушуниб, улардан хафа бўлишни хаёлимга келтирмаганман.
- “Бунёдкор”нинг жорий мавсумдаги потенциалини қандай баҳолайсиз?
- Албатта, яхшироқ натижадан умидвормиз. Бизда ёш, иқтидорли йигитлар талайгина. Улар билан анча жиддий вазифаларни ҳам бажариш мумкин бўлади. Асосийси, йигитларда ўзига хос шижоат, иштиёқни кўряпман. Боз устига бошқалар “Бунёдкор”га доим ҳурмат назари билан қараб келади. Ўз навбатида бундай омиллар клубнинг фойдасига хизмат қилиши тайин, деб ҳисоблайман. Мақсадимиз - чемпионатда яхши иштирок этишдан иборат.
- “Бунёдкор”ни Виктор Карпенко бошқаряпти. У ҳақидаги фикрингизни билиш нафақат мен, балки бошқалар учун ҳам қизиқ. Сизнингча, Карпенкода мураббийларга хос бўлган билим, ўзига хос тажриба ва кўникмалар етарлими?
- Биласизми, Карпенко ўз вақтида жуда яхши футболчи бўлган. Фаолиятини тамомлаганидан кейин омадини мураббийликда синашга қарор қилган. Виктор яхши мактабни ўтаган, футбол борасидаги тажрибаси ҳам катта. У ўйинчилик даврида етакчилардан бири ҳисобланган. Энди мураббий вазифасида ҳам ўзидаги бундай сифатларни намоён қилиб келмоқда. Аввалига Карпенко ўринбосарлар билан ишлади. Жамоаси етакчи бўлди. Сўнгра, асосий клубни унга ишониб топширишди. Мен унинг мураббий ролида ҳам катта натижаларга эришиш ниятида эканлигини четдан кузатиб келяпман. Умид қиламизки, Виктор Карпенкода бу борада ҳам барчаси жойида бўлади.
- Дарвоқе, куни кеча клуб президенти Меҳриддин Абдуллаев йиғилиш ўтказиб, унда мавсум охирига бориб яхши натижа қайд этиш кераклигини клуб олдига асосий вазифа сифатида қўйди. Бунга жамоа тайёрми?
- Албатта, раҳбариятга ҳар доим натижа муҳим бўлган. Шу сабабдан ҳам бундан ажабланиш ярамайди. Клубимиз президенти кўплаб масалаларда бизга хайрихоҳ бўлиб, доим “Бунёдкор” учун амалга оширилиши керак бўлган ишларни бажаришга интилиб келади. Ўз навбатида биз ҳам у кишининг ҳаракатларига муносиб тарзда жавоб қайтармоғимиз даркор. Клуб президентнинг гапи 100 фоиз тўғри. Футболда натижа ҳар доим асосий ўринда бўлиб келган. Умид қиламанки, “Бунёдкор” бунга тайёр. Ҳарқалай шундан умид қилган ҳолда ишлашда давом этишимиз шарт. Мен доим футболчиларга мана шундай гапларни айтиб келганман: ҳар қандай рақиб сизга қўлингиздан келган даражада ўйнаш имкониятини ҳавола этади, буни унутманглар. Ўйинчи учрашувга ўзини мана шундай кайфиятда тайёрлаши мақсадга мувофиқдир: мени бугун ҳеч ким юта олмайди! Майдонга чиқдингми, ҳеч кимдан қўрқмаслигинг керак. Ўйиннинг илк сонияларидан то охирги палласига қадар гарчи кучинг қолмаган тақдирда ҳам керакли натижа учун борингни беришинг даркор бўлади. Шундай кайфиятда футболчи майдонга тушар экан, яхши ва керакли натижа ўзини куттириб қўймайди.
Фикрлар