Тожикистон чемпионатида жами неча нафар легионер тўп сурмоқда?

Коронавирус туфайли дунё деярли футболсиз қолган бир вазиятда Тожикистонда чемпионат ўйинлари ўтказилаётгани сабабли ўз-ўзидан бизда ҳам кўпчиликнинг эътибори қўшни юртдаги футбол баҳсларига қаратилган бўлса ажаб эмас.

Яқинда хабар берганимиздек, Тожикистон чемпионатидаги энг кўп легионер Ўзбекистондан эканлиги маълум бўлганди. Гап шундаки, у ерда 20 нафар ҳамюртимиз фаолият олиб бормоқда. Хўш, Тожикистон чемпионатида 20 нафар ўзбекистонлик футболчилардан ташқари яна қанча легионер тўп сурмоқда?

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик ўйинчилардан ташқари у ерда Ганадан келган 10 нафар легионер ҳам бор. Шунингдек, Украинадан таклиф қилинган 4 нафар ўйинчи асосан Тожикистоннинг етакчи жамоаларида тўп сурмоқда.

Бундан ташқари, Камерун ҳамда Эрондан иккитадан футболчи борлигини ҳам таъкидлашимиз жоиз. Россия, Сербия, Туркманистон ҳамда Қирғизистондан эса биттадан легионер бор. Умумий ҳисобда эса Тожикистон чемпионатида 42 нафар хорижлик ўйинчи фаолият олиб бормоқдалар.

Уларнинг орасида мухлисларимиз учун бегона бўлмаган легионер ҳам йўқ эмас. Олдин хабар берганимиздек, ўтган йили “Қўқон-1912”да тўп сурган сербиялик ҳимоячи Марко Милич эндиликда Тожикистон етакчиси ва чемпиони “Истиқлол”да ўйнамоқда. Айнан у қўшни чемпионатда ўйнаётган ягона сербиялик футболчи бўлиб турибди.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!