Тожикистон терма жамоаси сардори: "Жамоамизда муҳит супер, Ўзбекистон термаси ҳақидаги янгиликларни ўқиб боряпман"
Яна бир неча кундан сўнг Қатар яшил майдонларида Осиё Кубоги мусобақаси бошланади. Албатта, биринчи навбатда миллий терма жамоамизни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда биз учун энг муҳими саналади.
Шу билан бирга у ерда бизга бегона бўлмаган ён қўшниларимиз – Қирғизистон билан Тожикистон термалари ҳам мусобақада иштирок этадилар. Ушбу терма жамоалар таркибида мухлисларимизга яхши таниш футболчилар тўп суришяпти.
Жумладан, Тожикистон миллий терма жамоаси сардори ва етакчиси Ахтам Назаров ўтган мавсумнинг биринчи ярмида “Андижон” шарафини ҳимоя қилган ва кейин “Истиқлол”га қайтди.
Sports.uz журналисти Дубайда шуғулланаётган Тожикистон терма жамоасининг ушбу ўйинчиси билан суҳбатлашди.
- Осиё Кубоги мусобақаси бошланишига оз фурсат қолди. Тожикистон терма жамоаси ушбу турнирда дебютини ўтказади. Тайёргарлик қандай олиб борилмоқда? Мусобақа бошланишига яқин ҳаяжон сезиляптими?
- Ассалому алайкум, футболнинг қадрли мухлислари! Осиё Кубогига яхши кайфият билан астойдил тайёргарлик кўряпмиз. Ҳеч қандай ҳаяжон йўқ, ҳаммаси, жумладан муҳит супер.
- Тожикистон гуруҳда Қатар, Ливан ва Хитой билан баҳс олиб боради. Нима деб ўйлайсиз, фаворит мезбон – Қатарми?
- Бизнинг гуруҳда ҳамма жамоа яхши ва ўйлайманки, турнир мезбони гуруҳимиз фаворитидир. Боз устига Қатар 2019 йили Осиё Кубогини қўлга киритган.
- Ўзбекистон миллий терма жамоамизни ҳам кузатяпсизми? Осиё Кубогидаги имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Ўзбекистон терма жамоасини синчковлик билан кузатаётганим йўқ. Лекин янгиликларни ўқиб боряпман ва тайёргарлик кўриш ишлари қандай кетаётганидан бохабарман.
- Шунингдек, собиқ клубингиз – “Андижон”га ҳам бефарқ эмассиз. Жамоа чемпионатни 7-ўринда тугатди ва бу борада нима деган бўлардингиз?
- Ҳа, “Андижон” клубини кузатиб келаман ва 7-ўринни эгаллаб мавсумни тугатганидан хурсанд бўлдим, баракалла! Жамоа ўз олдига қўйилган вазифани бажарди, деб ўйлайман.
- Сизнингча, Тожикистон Осиё Кубогининг сирли жамоасими?
- Тожикистон терма жамоаси Осиё Кубогида илк бор иштирок этади ва бизнинг мухлисларга қандай жамоа эканлигимизни баҳолаш осонроқ. Нимани кутяпман: энг муҳими турнирга тайёр ҳолда етиб бориш ва томошабоп футбол кўрсатишдир!
- Илк учрашувни Хитойга қарши ўтказасизлар. Баҳс олдидан нималарни ўйлаяпсиз?
- Тўғриси, ҳозир хаёлимизни бўлажак мусобақа билан боғлиқ масалалар билан банд этмай, асосий урғуни тайёргарликка қаратганмиз. Албатта, бизга осон бўлади, деб ўйлаётганимиз ҳам йўқ. Муҳими, терма жамоамиз Осиё чемпионатига деярли тайёр ва у ерда нима бўлишини вақт кўрсатади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар