Тўкилган кўз ёшлар! Кимдир ногирон, кимдир ёлғиз ва бетоб, яна бири қариялар уйида ёхуд "Андижон" клуби кўмакка мухтож футбол фахрийларини унутиб қўймади
Одам тафтини одам олади, деган гап бор, халқимизда. Айниқса, байрамлар арафасида улуғ ёшдаги инсонларни йўқлаш, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишда ҳикмат кўп. Мамлакатимизда янги йил шукуҳи кезиб юрган айни кунларда “Андижон” клуби савобли ишга қўл урди.
Гап шундаки, яқинда ЎФА президенти Абдусалом Азизов Суперлига клублари билан ўтказган йиғилишида футбол фахрийларини унутиб қўймаслик ва уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш зарурлигини жамоаларга эслатган. “Андижон” биринчилардан бўлиб бу масалада ташаббус кўрсатди. Футбол фахрийлари кўпчиликни ташкил қилади. Аммо андижонликлар уларни йўқлашда бошқача мезонлар асосида иш кўрди. Аниқроқ айтсак, ёрдамга мухтож, меҳр-мурувватни соғиниб қолганлар танлаб олинди.
Рости, бундай футбол фахрийлари ҳам кўп экан. Уларни йилда икки марта ёки бирор-бир алоҳида саналардагина кўрмасдан, балки тез-тез ҳолидан хабар олиб туриш мақсадга мувофиқдир.”Андижон” матбуот хизмати бир неча кун давомида клуб томонидан ажратилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам мухтожлиги бор футбол фахрийларига етказилаётгани ҳақида хабарлар бериб турди.
Жумладан, шаҳрихонлик футбол фидойиси Аббос Турғуов олдига йўқлаб боришди. Кексайиб қолган Аббос ака ҳаётини футболга бағишлаган ва кўплаб шогирдларни етиштириб чиқарган. Клуб томонидан ажратилган ҳадяларни қабул қилиб олар экан, бундай эътибордан мамнун эканини яшириб ўтирмади.
Шу билан бирга “Андижон” клуби гендер тенглигига амал қилган ҳолда аёллар футболи фахрийларини ҳам унутиб қўймади. Ҳаммага яхши маълумки, яқин-яқингача “Андижанка” жамоаси тилларда достон бўлиб, унинг қўлга киритган ютуқларидан келиб чиқиб, ҳамиша мақтовлар айтиларди. Ана шундай яқин ўтмишнинг машҳур жамоасида тўп суриб, муваффақиятларининг бир бўлагига айланган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий аёллар эътибордан четда қолмади. Лариса Дрёпина ҳамда Татьяна Свешникова моддий таъминот билан бирга бошқа зарурий маҳсулотлар билан таъминландилар. Дарвоқе, Дрёпинанинг ногиронлиги бор экан.
Эътиборли томони шундаки, “Андижон” клуби томонидан футбол фахрийларини йўқлагани кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди ва айниқса, ЎФА ҳам клубнинг ушбу амалга оширган ишига ижобий реакция кўрсатди. Натижада вилоятда футболнинг ривожи йўлида меҳнат қилган инсонлардан бири сифатида айнан Лариса Дрёпина Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўзбек футболига қўшган ҳиссаси учун кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғалари, Андижон футбол ассоциацияси томонидан эса ногиронлик аравачаси топширилди.
Шунингдек, яна бир фидойи инсон Татьяна Свешниковага ҳам ЎФА томонидан ўзбек футболи ривожи қўшган ҳиссаси учун кўкрак нишон, эсдалик совғалари топширилиб, айни пайтда Татьяна Свешникова ишсиз бўлганлиги сабабли уни иш билан таъминлашга келишиб олинди.
Бундан ташқари, “Андижон” клубига 1990-йилларда раҳбарлик қилган ва футболчи сифатида ҳам тўп сурган Валерий Сафаров ҳолидан хабар олинди. Уни андижонлик ёши катта мухлислар яхши билишади. Рости, унинг ҳозирги ҳолати бироз ачинарли. Кексайиб қолган Валерий Акопович квартирада бир ўзи истиқомат қилади ва бетоблиги ҳам бор. Ундан қўни-қўшнилари хабар олиб туришаркан. Клуб вакиллари Сафаровга ҳам ажратилган ҳадяларни топширди.
Яна бир футбол фахрийси Ринат Воҳидов ҳам бугунги кунда бироз эътибордан четга чиқиб қолганди. У ҳам бир ўзи истиқомат қилади. Клубнинг бундай ғамхўрлигини кутмаган Воҳидов мухтожлиги бўлса-да, буни сездирмасликка уринди. Барибир ўзининг миннатдорчилигини айтганча, жамоага омад тилади.
Шундан кейин қариялар унига йўл олинди. У ерда жамоанинг яна бир фахрий футболчиси бор. Бу – Олег Валиевич Сазонов. 84 ёшда кексалик гаштини сураётган инсон ҳам “Андижон”нинг ўз вақтида энг тажрибали ўйинчиларидан бири бўлган. Бундай эътиборни кутмаган фахрий кўз ёшларини яшира олмади. Худди шундай ҳолат жамоанинг энг ашаддий мухлиси ва фахрийси билан ҳам юз берди. Мухлислар орасида “Славик ака” номи билан танилган. Ҳозирда бетоблиги бор ва ёрдамга мухтож. “Андижон” мутасаддилари фан-клуб етакчиси Нодирбек Тўйчиев билан бирга унинг хонадонида ҳам бўлиб, атаганларини ташлаб чиқдилар.
Бир сўз билан айтганда, “Андижон” яхши бир анъанани бошлаб олди. Клуб вакиллари бундай савобли ишларни тез-тез амалга ошириб турадиган бўлди. Чунки бошқа футбол фахрийлари ҳам бор. Биз истардикки, барча клубларимиз ҳам ўз фахрийларига мана шундай эътибор ва ҳурмат кўрсатса, нақадар олийжаноб иш бўларди-а?
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар