Токио-2020. Икки нафар пара сузувчимиз медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлди
Паралимпиячиларимизнинг Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларидаги иштироки давом этади. Бундан бироз аввал 4 нафар пара сузувчимиз S13 классда 100 метрга чалқанча усулда сузиш бўйича саралаш баҳсларида иштирок этди.
Жумладан, эркаклар ўртасида Музаффар Турсунхўжаев ва Ислам Асланов, аёллар ўртасида эса Шоҳсанамхон Тошпўлатова ва Нигорахон Мирзоҳидова стартга чиқди. Афсуски, йигитларимизга бироз омад етишмади ва улар саралашда 5- ва 6-ўринларни эгаллаб, финал босқичига ўта олишмади. Бироқ аёллар ўртасидаги саралаш баҳсларида қатнашган иккала спортчимиз – Шоҳсанамхон Тошпўлатова ҳамда Нигорахон Мирзоҳидова финал босқич йўлланмасини нақд қилди. Нигорахон финишга 2-бўлиб етиб келган бўлса, Шоҳсанамхон 5-ўринни эгаллади.
Аёллар 100 метрга чалқанча усулда сузиш бўйича финал баҳси бугун Тошкент вақти билан соат 15:12 да бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларини Uzreport TV телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда томоша қилишингиз мумкин.
Фикрлар