Токио-2020. Ўзбек спортчиларининг 30 июль кунги натижалари қандай бўлди?
Ассалому алайкум, муҳтарам спорт ихлосмандлари! Токио шаҳри мезбонлик қилаётган Олимпия ўйинларининг энг сўнгги янгиликларини эътиборингизга ҳавола этишда давом этамиз. Бугун, 30 июль куни 5 нафар юртдошимиз ўз юришини бошлайди. Кун давомида уларнинг натижаларини онлайн ёритиб борамиз! Янгиликларни SPORTS.uz сайти орқали кузатиб боринг!
16:06. Худоёрова сўнгги уринишида 13.01 метр натижани қайд этди ва 14-поғонани эгаллаган ҳолда, Олимпиада билан хайрлашди.
15:49. Енгил Атлетика. Роксана Худоёрова ўзининг иккинчи уринишида 13.02 метр кўрсаткични қайд этди. Аммо онлайн жадвалда 13-поғонани банд этиб турибди.
15:45. Қолган гуруҳлардаги 16 нафар спортчининг натижаси 26.93 сониядан яхши бўлганлиги учун, Крититина Олимпиада билан хайрлашди.
15:37. Сузиш. Наталя Крититина 50 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида 26.93 сония натижани қайд этиб, 8 кишилик гуруҳнинг сўнгги поғонасида финишга етиб келди. Маълумот учун, энг яхши натижага эришган 16 спортчи кейинги босқичга йўл олади. Иштирокчилар сони эса 83 тани ташкил этади.
15:27. Ҳамюртимиз ўзининг илк уринишида 12.63 метр масофага сакради ва онлайн жадвалда 16 спортчи орасида 11-ўринга жойлашди.
15:05. Енгил Атлетика. 3 хатлаб сакраш баҳсларида иштирок этаётган Роксана Худоёрова юришини бошлади. Ҳозирча, у ўз навбатини кутмоқда.
14:12. Бокс. Энди вакиламизга ярим финал остонасида бразилиялик Беатрис Феррейра Соарес қаршилик қилади. Маълумот учун, Соарес 2019 йилги Жаҳон чемпионати ғолибаси саналади.
13:32. Дзюдо. Бекмурод Олтибоев бронза медали учун курашда украиналик рақибига имкониятни бой берди ва турнирни медалсиз якунлади.
13:30. Бокс. Райхона Қодирова чорак финалда! У Конго Демократик Республикаси вакиласини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
13:27. Дзюдо. Бронза медали учун ўтиш баҳсида Олтибоев татамига чиқиб келди. Жанг бошланди!
13:24. Иккинчи раундни ҳам яхши темпда ўтказган вакиламиз 4:1 ҳисобида олдинда бормоқда.
13:21. Биринчи раунд вакиламиз ҳисобига 5:0 кўринишида ҳал бўлди. Яшавор!
13:17. Бокс. -60 кг вазнда рингга чиққан Райхона Қодированинг Наоми Юмбага қарши жанги бошланди.
09:25. Энди Олтибоев бронза медали учун ўтиш баҳсида украиналик Якив Хаммога қарши татамига кўтарилади.
9:23. Асосий вақтда Бекмурод вазари баҳоси эвазига Лукаш Крпалекка мағлубиятга учради. Аммо ҳали медаль учун имконият йўқ эмас.
9:18. Бекмуроднинг Олимпиада чемпионига қарши жанги бошланди. Олға, ўзбек ўғлони!
09:00. Дзюдо. Олтибоев чорак финал беллашувида чехиялик Лукаш Крпалек қаршилигини синдиришга ҳаракат қилиб кўради.
08:51. Афсуски, Бобоусмон Ботуров Олимпиада билан хайрлашди. Жанг рақиб боксчисининг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
08:48. Иккинчи раундда вакилимиз 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Энди бизни фақат нокаут қутқара олади.
08:45. Афсуски, Ботуров илк раундни 2:3 ҳисобида британиялик рақибига бой берди. Аммо ҳали олдинда 2 раунд бор ва биз умид қилишда тўхтамаймиз!
08:42. Бокс. Бобоусмон Ботуровнинг Пэт МакКормакка қарши жанги бошланди! Ғолиб ярим финалга йўл олади!
08:30. Даҳшат! Вакилимиз илк сониялардаёқ тажрибали рақибини иппон баҳоси эвазига мағлубиятга учратди ва чорак финалга йўл олди!
08:30. Дзюдо. Олтибоев ҳамда Грол татамига чиқиб келди. Жанг бошланди, ғолиб чорак финал йўлланмасини қўлга киритади.
08:00. Бокс. Тахминан ярим соатларда -69 кг вазн тоифасида баҳсларга киришган Бобоусмон Ботуров 1/4 финал босқичида Буюк Британиядан ташриф буюрган Пэт МакКормакка қарши рингга кўтарилади.
7:50. Айни дақиқаларга келиб, Олтибоев - Грол жанги бошланишига 8 та беллашув қолди. Баҳс 2-татамида бўлиб ўтади.
07:38. Ҳамюртимизнинг 1/8 финал босқичидаги рақиби Хенк Грол бўлади. Нидерландиялик спортчи бунга қадар Пекин ва Лондон Олимпиадасида бронза медалларини қўлга киритган тажрибали дзюдочи ҳисобланади.
07:33. Ғалаба! Кунни муваффақиятли бошлаб олдик. Вакилимиз иппон баҳоси эвазига рақибидан доғда қолдирди ва ўз юришини кейинги босқичга давом эттирадиган бўлди!
07:30. Дзюдо. +100 кг вазнда баҳсларга киришган Бекмурод Олтибоевнинг мўғулистонлик Дууренбаяр Улзибаярга қарши жанги бошланди.
Бугун баҳсларга киришадиган спортчилар рўйхати билан танишиб олишингиз мумкин:
1.Бекмурод Олтибоев (дзюдо, эркаклар +100 кг) –07:30;
2.Бобоусмон Батуров (бокс, эркаклар -69 кг) – 08:36;
3.Райхона Қодирова (бокс, аёллар, -60 кг) 13:15;
4.Роксана Худоярова (уч хатлаб сакраш, аёллар, саралаш) – 15:05;
5.Наталья Критинина (сузиш, аёллар, 50 м эркин усулда) – 15:34.
Фикрлар