Токио-2020. Ўзбекистонлик спортчилар бугун қандай натижалар қайд этишди?
Ўзбекистон делегацияси учун Токио-2020 Олимпия ўйинларининг тўртинчи кунида 5 нафар ҳамюртимиз иштирокидаги баҳслар гувоҳига айландик.
Қуйида Олимпиаданинг 4-кунида курашга киришган спортчиларимиз билан танишинг:
1.Фарангиз Ҳожиева (дзюдо, аёллар -63 кг)
2.Светлана Осипова (таэквондо, аёллар, +67)
3.Бобоусмон Ботуров (бокс, эркаклар, 63-69 кг)
4.Шарофиддин Болтабоев (дзюдо, эркаклар, -81 кг)
5.Хуршид Турсунов (сузиш, эркаклар)
Дзюдо. Фарангиз Ҳожиева Кабо Верде шарафини ҳимоя қилаётган Сандрин Биллиет билан куч синашди. -63 кг вазн тоифасидагилар баҳсида ҳамюртимиз илк раундда иппон баҳоси билан имкониятни бой берди ва турнир билан хайрлашди.
Токио-2020. Ўзбекистон медаллар жамғариш бўйича рейтингда пастлашда давом этмоқда. Қолган давлатларда вазият қандай? (Фото)
-81 кг вазн тоифасида баҳсларга киришган дзюдочимиз Шарофиддин Болтабоев вануатулик Хьюго Кумбога қарши татамига кўтарилди. Жанг муддатидан олдин якунланди. Вакилимиз 1-раунддаёқ рақибини иппон баҳоси эвазига мағлубиятга учратди. Болтабоев нимчорак финалда болгариялик Ивайло Иванов билан кураш олиб борди. Асосий вақтда кучлар тенг келди - 0:0. "Golden score"да Шарофиддин Болтабоев вазари баҳоси билан ғалаба қозонди.
Ҳамюртимиз чорак финалда австриялик Шамиль Борчашвили билан тўқнашди. Жангнинг асосий вақтида кучлар тенг келди. Ҳисоб очилмаганлиги туфайли ғолиб номи "олтин очко" қоидаси бўйича аниқланди. "Golden score" австриялик спортчига насиб этди. 6 дақиқа 15 сония ўтиб бораётган бир пайтда Борчашвили вазари очкоси билан вакилимизни мағлубиятга учратди. Бироқ Болтабоевда бронза медали учун имконият сақланиб қолганди.
Медаль учун курашда Шарофиддин Болтабоев грузиялик Тато Григалашвилига қарши жанг ўтказди. Болтабоев вазари баҳоси билан имкониятни бой берди ва мусобақа билан хайрлашди.
Таэквондо. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Светлана Осипова қозоғистонлик Жензель Денизга қарши даянга чиқди. Курашларга бой ўтган 3 раундда 10:9 ҳисоби қайд этилди ва Жензель Дениз кейинги босқичга йўл олди.
Бокс. Бобоусмон Ботуров Олимпиададаги иштирокини Доминикан Республикаси вакили Эмилиано Поланкога қарши бошлади. 3 раунд этиб белгиланган жангда ҳамюртимиз 4:0 ҳисобида зафар қучди. Энди Ботуров 1/8 финал босқичда Буюк Британиядан ташриф буюрган Пэт МакКормакка қарши рингга кўтарилади. Ушбу баҳс 30 июль куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Маълумот учун, унинг рақиби 2019 йилги Европа чемпиони ҳисобланади.
Сузиш. Сузиш бўйича баҳсларга киришган Хуршиджон Турсунов 50,14 сония натижа билан ўз гуруҳида 4-ўринни эгаллади. Афсуски, у ҳам иштирокини якунлашга мажбур бўлди. Регламентга кўра, энг яхши 16 та спортчи танлаб олинади. Турсунов ўша 16 нафар сузувчи қаторидан жой ололмади.
Фикрлар