Токио-2020. ХОҚ бокс беллашувларининг қандай ўтказилиши бўйича қарор қилди

Айни кунларда Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро Олимпия қўмитаси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғилишда кўриб чиқилган дастлабки масала келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида бокс бўйича баҳсларнинг йўлланмалари қай тартибда тақсимланиши бўлди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Токио-2020 Олимпиадасида бокс баҳслари учун эркаклар ўртасида -52, -57, -63, -69, -75, -81, -91 ва +91 килогармм вазн тоифалари амал қилади. Аёллар ўртасида эса -51, -57, -60, -69 ва – 75 килограмм вазн тоифалари бўйича жанглар олиб борилади.

Осиё-Океания минтақаси учун жами 63 та лицензия ажратилиб, улардан 41 таси эркаклар, 22 таси аёллар бокси ўртасида тақсимланади. Олимпия вазн тоифаларида қитъалар учун турли миқдорда йўлланмалар ажратилди. Масалан, бизнинг минтақамизда -52, -57 ва -63 кг килограмм вазн тоифаларига 6 тадан, -69, -75 ва -81 кг вазн тоифаларига 5 тадан, -91 ва +91 кг вазн тоифалари учун 4 тадан ўрин ажратилган. Аёллар тоифасида эса -51 кг вазн учун 6 тадан, қолган категорияларга 4 тадан ўрин берилди.

Олимпиада учун саралаш турнирлари келаси йилнинг январь-май ойларида ўтказилиши белгиланди. Бу оралиғда 4 та қитъавий ва 1 та жаҳон миқёсида саралаш турнирлари ўтказилади. Ҳозирча саралаш мусобақа мезбонлари эълон қилинмаган. Январь-апрель оралиғида барча қитъалар бўйлаб минтақавий саралаш турнирлари ўтказилса, унда йўлланма ололмаганлар учун 2020 йилнинг май ойида жаҳон миқёсидаги лицензион мусобақа бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Токио Олимпиадасида бокс беллашувлари 25 июль-9 август кунлари бўлиб ўтади.

Маньа: olympic.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!