Токио-2020. Яна бир спортчимиз Олимпиадани тарк этди LIVE
15:20. Сузиш бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Хуршиджон Турсунов 50,14 сония натижа билан ўз гуруҳида 4-ўринни эгаллади. Афсуски, у ўз иштирокини якунлашга мажбур бўлди. Регламентга кўра, энг яхши 16 та спортчи танлаб олинади. Турсунов ўша 16 нафар сузувчи қаторидан жой ола олмади.
13:44. Шарофиддин Болтабоев Олимпиада билан хайрлашди. Ҳамюртимиз вазари баҳоси билан имкониятни бой берди. Энди унинг рақиби битта ғалаба орқали бронза медалига эга чиқиши мумкин. Афсус, яна медалсиз қолдик.
13:40. Шарофиддин Болтабоев - Тато Григалашвили жанги бошланди!
13:30. Медаль учун имконияти сақланиб қолган Шарофиддин Болтабоев навбатдаги жангини Тато Григалашвилига қарши ўтказади. Томонлар жанг олдидан машғулот олиб бормоқда.
11:20. Афсус, "олтин очко" австриялик спортчига насиб этди. 6 дақиқа 15 сония ўтиб бораётган бир пайтда Борчашвили вазари очкоси билан вакилимизни мағлубиятга учратди. Бироқ Болтабоевда бронза медали учун имконият сақланиб қолмоқда.
11:17. Бу жангда ҳам асосий вақтда кучлар тенг келди. Ҳисоб очилмаганлиги туфайли ғолиб номи "олтин очко" қоидаси бўйича аниқланади.
11:10. Шарофиддин Болтабоевнинг чорак финалдан ўрин олган астриялик Шамиль Борчашвилига қарши жанги старт олди. Олға, Шарофиддин!
10:20. Ҳамюртимизга чорак финал беллашувида австриялик Шамиль Борчашвили рақиблик қилади. Мазкур қарама-қаршилик яқин соатлар ичида старт олади.
10:17. Шарофиддин Болтабоев чорак финалда! 15 дақиқа давом этган муросасиз баҳс ўз якунига етди. Вакилимиз вазари баҳоси билан ғалаба қозонди.
10:07. Асосий вақтда кучлар тенг келди, ҳисоб 0:0. Энди ҳаммаси "Golden score"да ҳал бўлади. Бўшашма, Шарофиддин!
10:02. Нимчорак финал босқичи доирасида Шарофиддин Болтабоев ўз жангини бошлади. Унинг рақиби болгариялик Ивайло Иванов.
09:30. Жанги бошланишига бир неча дақиқа қолган Болтабоев татами четида машғулотларни олиб бормоқда.
08:34. Шарофиддин Болтабоевнинг жанги муддатидан олдин якунланди! Вакилимиз 1-раунддаёқ рақибини иппон баҳоси эвазига мағлубиятга учратди ва кейинги босқичга йўл олди! Энди унга болгариялик Ивайло Иванов рақиблик қилади.
08:31. -81 кг вазн тоифасида баҳсларга киришган дзюдочимиз Шарофиддин Болтабоев ванатулик Хьюго Кумбога қарши татамига чиқди.
07:38. Энди Ботуров 1/8 финал босқичида Буюк Британиядан ташриф буюрган Пэт МакКормакка қарши рингга кўтарилади. Ушбу жанг 30 июль куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Маълумот учун, унинг рақиби 2019 йилги Европа чемпиони ҳисобланади.
07:26. 3-раундда ҳам катта қийинчиликка дуч келган Бобоусмон ғалаба қозонишни уддалади. Жуда қийин кечган жангда ҳамюртимиз 4:0 ҳисобида зафар қучди. Бардавом бўлсин!
07:22. Негадир вакилимиз иккинчи раундда бироз тезликни пасайтирди ва бу унинг зарарига ишлади. Ҳисоб ҳам 19:19 кўринишига келди. Уйғониш керак, Бобоусмон!
7:19. Биринчи раундни яхши бошлаган ҳамюртимиз уни ўз фойдасига ёздириб қўйишга муваффақ бўлди. Ҳакамларнинг барчаси унинг ғалабасини таъкидмоқда.
7:16. Бобоусмон Ботуров Олимпиададаги иштирокини бошлаш учун рингга кўтарилди. Унинг рақиби Доминикан Республикасидан Эмилиано Поланко.
7:13. Афсуски, Осипова 3-раунда бироз пассив ҳаракат қилди. Асосий вақт якунланишига 1 сония қолганда унинг рақибаси, қозоғистонлик Жензель Дениз ҳисобни 10:9 кўринишига келтирди ва кейинги босқичга йўл олди.
07:07. Ажойиб! Осипова иккинчи раундда тезликни оширди ва ҳисобни 8:5 кўринишига келтириб қўйди. Шундай давом этиш лозим!
07:05. Илк раундда Светлана 0:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Аммо умид ҳали сўнмади. Бизда 2 раунд бор.
07:03. Светлана Осипованинг жанги бошланди!
07:03. Дзюдочимиз илк раундда иппон баҳоси билан имкониятни бой берди ва турнир билан хайрлашди.
07:00. Фарангиз Ҳожиева татамига кўтарилди. Жанг бошланди!
06:55. Биринчи бўлиб курашга киришадиган дзюдочимиз Фарангиз Ҳожиева аренага етиб келди. Унинг рақибаси Кабо Верде шарафини ҳимоя қилаётган Сандрин Биллиет бўлади. -63 кг вазн тоифасида ўтказиладиган баҳс бошланишига бир неча дақиқа қолди.
Ассалому алайкум, муҳтарам спорт ихлосмандлари! Бугун, 27 июнь санасида 5 нафар вакилимиз Ўзбекистон шарафини халқаро майдонда ҳимоя қилади. Қуйида Олимпиаданинг 4-кунида курашга киришадиган спортчиларимиз билан танишинг:
1.Фарангиз Ҳожиева (дзюдо, аёллар -63 кг) – 07:00
2.Светлана Осипова (таэквондо, аёллар, +67) – 07:00
3.Бобоусмон Ботуров (бокс, эркаклар, 63-69 кг) – 07:15
4.Шарофиддин Болтабоев (дзюдо, эркаклар, -81 кг)
5.Хуршид Турсунов (сузиш, эркаклар) – 15:09.
Фикрлар