Токио Олимпиадасига йўлланма олган спортчиларимизга 100 миллион сўм топширилди
Роппа-роса 1 йилдан сўнг шу кунларда барчанинг диққат-эътибори кунчиқар юрт пойтахти ҳисобланмиш Токио шаҳри мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ўйинларида бўлади. Айни пайтга келиб, Ўзбекистон терма жамоаси вакилларининг ҳам мазкур мусобақага қўлга киритган йўлланмалари мавжуд. Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Токио-2020га лицензия қўлга киритган спортчиларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов ва Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳам иштирок этди.
Айни пайтга келиб, делегациямиз Токиода ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари учун 2 та, XVI Паралимпия ўйинлари учун 1 та йўлланма қўлга киритган. Мазкур тадбирда 3 нафар қаҳрамонимиз: Денис Истомин (теннис), Ольга Забелинская (велоспорт) ва Сервер Ибрагимов (Паралимпия ўқ отиши)100 миллион, уларнинг мураббийлари эса 50 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланишди. Пул мукофоти ва сертификатлар ўзбек спортининг фахрийлари Комилжон Худойберганов ва Василий Корбут томонидан тақдим қилинди.
“Олимпия ўйинларига биринчилардан бўлиб йўлланма қўлга киритганим жуда муҳим. Энди Осиё ўйинларидаги олтин медални Олимпиада медалига айлантирадиган фурсат етди. Олимпиадага энг яхши тайёргарлик – кўпроқ турнирларда иштирок этиш. Бу мен учун учинчи Олимпиада бўлади ва тушуниб турибманки, катта эҳтимолда сўнгиси ҳам. Шу боис унда бор куч ва маҳоратимни ишга солишга ҳаракат қиламан. Бундай эътибор, ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлаш учун ҳукуматимизга ташаккур айтиб қоламан”, – деди Денис Истомин.
Айни пайтда Ольга Забелинская ҳамда Сервер Ибрагимов олдинда турган йирик мусобақаларга тайёрланаётгани учун бугунги тадбирда иштирок эта олишмади. Уларга топширилган мукофот пуллари эса федерация расмийлари орқали элтиб берилади. Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор Олимпиада лицензияси учун кураш олиб бораётган қолган атлетларимизга қўшимча мотивация беришини алоҳида таъкидлаш жоиз. Тантанали тадбир якунланганидан сўнг шу ернинг ўзида федерациялар раҳбарияти иштирокида янги спорт объектларини қуриш мавзусига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Манба: olympic.uz
Фикрлар