Тўлқин Қиличев мағлубиятларга қандай изоҳ берди?

  • 23 сентябрь, 2021, 23:16
  • 2
  • Бокс

МОҚда спортчиларимизнинг Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокига бағишланган йиғилишлар давом этмоқда. Бугун бир қатор спорт турлари бўйича жамоаларимизнинг иштироки таҳлил қилинди.

Куннинг биринчи ярмида боксчиларимизнинг жанглари эътибор марказида бўлди. Йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, ЎзДЖТСУ қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти директори, профессор Рашид Маткаримов, Спортнинг яккакураш турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби директори Баҳодир Маматназаров, Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Мурод Мамадалиев, терма жамоа катта мураббийи Тўлқин Қиличев иштирок этишди.

Қайд этиш жоиз, мухлисларимиз боксчиларимиздан Олимпиадада кўпроқ медаль кутишган эди. Бироқ вакилларимизнинг кўпчилиги омадсизликка учради. Бунга Тўлқин Қиличев қуйидагича изоҳ берди:

“Бизнинг Олимпиада бўладиган мамлакатга 20 кун олдин етиб бориб, у ернинг иқлимига мослашиш методикамиз Токиода бир оз ўзини оқламади. Сабаби сўнгги йиғин учун биз айнан Токио шаҳрини танлаган эдик. У ерда Олимпиададан олдин жуда қаттиқ назорат бўлди. Бизни меҳмонхонадан чиқаришмади. Ажратилган зал, ошхона ва ётоқхонадан ташқарига чиқа олмадик. Боксчиларимиз 20 кун бундай шароитда руҳий жиҳатдан эзилиб қолишди. Бу эса жангларда ўз таъсири ўтказмай қолмади. Ҳа, баъзи йигитларимиз устида ишлашда ҳам камчиликлар бўлди. Ҳакамлар мавзуси эса барчага маълум”.

Учрашув давомида мураббий энди даражаси бизникидан паст бўлган жамоалар билан халқаро ўқув йиғинлари ташкил этилмаслигини айтиб ўтди. Шунингдек, олдиндаги йирик мусобақалардан аввал ҳар бир боксчимизнинг тайёргарлигига индивидуал ёндашиш, ҳар ярим йилда вилоятлардаги мураббийларнинг маҳоратини ошириш мақсадида ўқув-семинарлари ташкил этиш, Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик давомида илм-фан йўналишидан янада кенг фойдаланиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Учрашувда бу йил Сербияда ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Федерация мутасаддиларининг сўзига кўра, жамоамиз дунё биринчилигидан аввал сўнгги йиғинни Тошкентда Куба билан ўтказади ва шу билан Сербияга йўл олади.

Шунингдек, бугун кун давомида МОҚ раҳбари билан камондан отиш, стол тенниси, чим устида хоккей федерациялари, Қўмита раисининг ўринбосари Шерзод Ташматов билан регби, баскетбол каби Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма ололмаган федерацияларнинг фаолияти муҳокама қилинди. Йўл қўйилган хатолар кўриб чиқилиб, янги стратегия ҳақида фикр алмашилди. Унга кўра, аксарият федерациялар хорижлик мураббийлар билан Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик кўриш режасини маъқуллади. Ўз навбатида, МОҚ раҳбарияти бу борада барча ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини билдириб, бунинг учун аниқ режа билан ишлаш кераклигини таъкидлади.

МОҚ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
24/09/2021 17:08
Маглубиятларга изохни МОК раиси ва бош котиби бериши керак! Тренер ва Спортчилардан ташкари борганлар нима учун боришди??? Косимов билан Абдухакимов нима учун бориб келишди? Аппеляция бермаса, Ташкилий ишларни хал килмаса, бу амалдорлар нима килиб келишди?
&
Kankret bola
24/09/2021 01:47
Bunaqa bohona faqat futbolda bo'ladi disam uje boks ham futbolga yetvovotganakanku. Boksdayam soqqashlik futboldayam. Boksdigi treneram soqqakash futboldigiyam bu ketishda boks digi mavqeyimiza futboldigidaka tushib ketadi bu aniq. Yosh bolamasmiza sal kallani ishlatib bohona qisa bolardi odamlani saviyasi shunchali pastmikin a