Топ-лига клуби Ҳусановни сўраяпти
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов Европада ўйнаётган энг кучли ҳимоячиларидан бири сифатида эътироф этилган. 22 ёшли футболчи кейинги пайтларда трансфер ойналари арафасида турли клублар нишонига тушмоқда.
Sports.uz портали Франциянинг нуфузли манбаларидан бири – butfootballclub.fr сайтида Ҳусановни Лига 1 клубига қайтариш бўйича эълон қилинган маълумотларни ўзбекистонлик ўқувчилар эътиборига ҳавола қилади.
- Тобора яқинлашиб келаётган навбатдаги ёзги трансферлар ойнаси “Ланс” клубида жиддий ўзгаришларга олиб келиши кутилмоқда.
Чунки бу мавсум Франция чемпионати юқори дивизионида катта кашфиётга айланган марказий ҳимоячи Самсон Байду аллақачон Европанинг йирик клублари қизиқишига сабаб бўлмоқда. Бу трансфер ҳатто Абдуқодир Хусановнинг “Ланс” сафига кутилмаган қайтишига ҳам туртки бўлиши мумкин.
Журналист Экрем Конурнинг маълумотига кўра, “Манчестер Сити” клуби Самсон Байду учун курашда рақобатчиларидан анча илгарилаб кетган. Хабар қилинишича, Англия суперклуби ўзига яхши таниш стратегияни кўриб чиқмоқда: футболчини шу ёзда сотиб олиш ва уни ривожланишини давом эттириши учун яна бир мавсумга “Ланс”да ижарада қолдириш.
Асли келиб чиқиши Ганадан бўлган 21 ёшли австриялик футболчи бугунги кунда лиганинг энг истиқболли ҳимоячиларидан бири сифатида танилди. Яккакурашларда кучли, пас бериши аниқ ва ўйинни жуда мукаммал даражада тушунадиган Байду замонавий ҳимоячига қўйиладиган барча талабларга жавоб беради.
Бу ўйинчи учун курашда “Манчестер Сити” ёлғиз эмас. “Ливерпуль” ҳам вазиятни диққат билан кузатмоқда. Шунингдек, “Боруссия Дортмунд” ва “Интер” каби қудратли клублар ҳам Байдуни олиш ниятида.
Бундай катта қизиқиш шароитида “Ланс” ўз ҳимоячиси учун 45–55 миллион евро атрофида нарх белгилаши мумкин. Бу катта сумма бўлса-да, ҳозирги бозорда ёш ва истиқболли марказий ҳимоячилар учун бу мутлақо муносиб баҳо экани айтилмоқда.
Байду трансфери бўйича ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, яна бир сценарий юзага келиши мумкин. “Ланс”ни тарк этганидан кейин Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида ҳар доим ҳам бошланғич таркибдан муқим ўрин олаётгани йўқ.
Бу ҳолат “Манчестер Сити”ни ўзбек ҳимоячисини ижарага бериш имкониятини кўриб чиқишга ундаши мумкин. Ижарадаги мунтазам ўйин амалиёти Ҳусановни янги босқичга кўтарилишига ёрдам беради.
Экспертларнинг таъкидлашича, “Ланс” клуби Самсон Байду трансфери доирасида Ҳусановни қайта олишга ҳаракат қилишни режалаштираётгани айтилмоқда. Бунда ўзбек легионери маошининг бир қисми инглиз клуби томонидан қопланиши эҳтимолдан холи эмас.
Мана шу йўл орқали лансликлар Байдунинг жамоадан кетишини қоплаш, шу билан бирга клуб муҳитига аллақачон мослашган ўзбек футболчисини қайта қўлга киритиш имконига эга бўлади.
Агар бу режа амалга ошса, Абдуқодир Ҳусановнинг қайтиши Францияда ёзнинг энг кутилмаган воқеаларидан бири бўлади, - деб ёзмоқда butfootballclub.fr сайти журналисти Луи Крестиан.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг ёзидан 2025 йилнинг январига “Ланс” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, бу клуб таркибида жами 31 та учрашувда майдонга тушган.
Фикрлар