"Тоттенхэм"га жавобсиз 3 та гол урган "Сити" энг яқин таъқибчисини 7 очкога ортда қолдирди
Англия Пермьер-лигаси 24-тур учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Турнинг марказий беллашувида пешқадам "Манчестер Сити" Лондондан ташриф буюрган "Тоттенхэм" жамоасини қабул қилди. Ўйин мезбонларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Дастлаб, ҳакам томонидан белгиланган пенальтини Родри аниқ амалга ошириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда фаол ўйин намойиш этишда давом этган "шаҳарликлар" Гюндоганнинг дубли эвазига ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
"Этиҳад"да муҳим ғалабани тантана қилган "Сити" очколари сонини 53 тага етказиб олган ҳолда, онлайн жадвалда иккинчи ўриндаги "Лестер"ни 7 очкога ортда қолдирмоқда. "Тоттенхэм" 36 очкоси билан ҳозирча 8-поғонани банд этиб турибди.
- 90+3'
Учрашув якунланди. Матнли трансляция Жавоҳир Азимов томонидан олиб борилди!
- 90+1'
Рақибига нисбатан қўполлик ишлатган Бен Дэвис огоҳлантирилди.
- 90'
Ўйиннинг асосий вақтига 3 дақиқа қўшиб берилди.
- 89'
Стерлинг яқин масофадан зарба берди. Льорис бу сафар тўпни қайтарди.
- 86'
"Тоттенхэм"га гол зарур. Бироқ тўп "Сити"да.
- 84'
Лондонликлар қанча ҳаракат қилмасин, деярли ҳеч нима қила олмаяпти.
- 81'
Уч рақибини алдаб ўтган Бэйлнинг кучли зарбасини Эдерсон бартараф этди.
- 80'
Габриэль Жезус ўз ўрнини Рияд Маҳрезга бўшатиб берди.
- 79'
Сон майдон марказида оёғини ушлаб ётибди. Унга тиббий ёрдам керакка ўхшайди.
- 77'
Эрик Дайр Жезусга нисбатан ишлатилган қўполлик учун огоҳлантирилди.
- 74'
"Шаҳарликлар" доимгидек тўпни бир-бирига узатишдан чарчамаяпти. Тўп назорати - 63:37%
- 72'
Эрик Ламела ўрнига Гарет Бэйл майдонга тушди.
- 69'
Гвардиола таваккал қилишни истамади: Гюндоган ўрнига Ферран Торрес майдонга тушди.
- 68'
Илькай Гюндоганга тиббий ёрдам керакка ўхшайди.
- 66'
ГООООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ! "Сити" ўйин тақдирини ҳал этди!
Дарвозабон! дан тўпни қабул қилиб олган Гюндоган Санчесни доғда қолдириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди!
- 65'
Қарши ҳужумга ўтаётган Канселуни қоида бузиш эвазига тўхтатган Ламела огоҳлантирилди.
- 64'
Ндомбеле ўз ўрнини Деле Аллига бўшатиб берди.
- 61'
Катта тезликда жарима майдонига ёриб кирган Стерлингни Сиссоко тўхтатди.
- 61'
Тўп назорати "Сити"га қайтди.
- 59'
Ндомбеленинг зарбасидан кейин Эдерсон тўпни ушлаб олди. Ўйин жонланмоқда, азизлар!
- 57'
Филь Фоден жарима майдони ичида йиқилиб тушди. Кичик контакт бор эди, бироқ ҳакам буни етарли эмас деб топди.
- 55'
Моуриньо шогирдлари олдинга ўтмоқда. Бироқ сўнгги паллада вазиятни якунлашда оқсашлар кузатиляпти.
- 53'
Ҳисобда олдинга ўтиб олган мезбонлар ҳамон устунликни ўз қўлларида ушлаб турибди.
- 50'
ГОООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ! Гюндоган ҳисобни ишончли кўринишга келтирди!
Ажойиб комбинация билан жарима майдонига ёриб кирган Илькай дарвозани аниқ нишонга олди. Дарвозабон тўпни қайтара олмади.
- 48'
Таймни лондонликлар фаолроқ бошлади. Бироқ мезбонлар дарҳол тўпни олиб қўйишга интиляпти.
- 46'
Иккинчи тайм бошланди!
- 46'
Бўлимлар оралиғида Моуриньо ўзгариш амалга оширди: Лукас Моура ўрнига Мусса Сиссоко ўйинни давом эттиради.
- 46'
Футболчилар майдонга қайтди. Биз ҳам қайтамиз!
- 45+1'
Танаффус!
- 45+1'
Канселунинг узоқ масофадан йўллаган зарбасига аниқлик етишмади.
- 45'
Биринчи бўлимга 1 дақиқа қўшиб берилди.
- 44'
Тайм сўнгини манчестерликлар доимгидек тўп назорати билан ўтказмоқда.
- 42'
Канселунинг узатмасини қабул қилиб олган Жезус жуда қулай имкониятни кўкка совурди.
- 40'
Гвардиола шогирдлари тўп рақибда бўлган вақтда эрта прессинг уюштиряпти.
- 38'
Бурчакдан оширилган тўпни "шпорлар" узоқлаштирди. "Сити" позицион ҳужумни қайтадан бошлайди.
- 36'
Стерлингнинг узатмасидан кейин тўп Дэвиснинг қўлига тегиб кетди. Бироқ ҳакам вазиятни табиий деб баҳолади.
- 33'
Гюндоган жарима майдонига узатма амалга оширди. Дарвозабон тўпни эгаллаб олди.
- 31'
Қулай имкониятга эга бўлган Бернарду Сильва кучли зарба берди. Тўп йўлига ҳимоячи ғов бўлди.
- 29'
Дэвисга нисбатан қоида бузган Бернарду сариқ карточкага лойиқ кўрилди.
- 28'
Учрашувдаги кескинлик ортди. Футболчилар бир-бирини аямай ҳаракат қиляпти.
- 26'
Майдон марказида Жезусга нисбатан жиддий қўполлик ишлатган Ламела огоҳлантирилиши мумкин эди. Бироқ ҳакам бу сафар оғзаки тушунтириш билан чекланди.
- 23'
ГОООООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ! Учрашувда ҳисоб очилди!
Нуқта қаршисига кутилмаганда Родри келди ва ўзидан чап бурчакка зарба йўллади. Тўп йўналишини топиб, унга тегинган бўлсада Льорис жамоасини голдан қутқара олмади.
- 21'
Жарима майдони ичида Гюндоган йиқилиб тушди. Ҳакам 11 метрлик нуқтага ишора қилди.
- 19'
Зинченко узоқ масофадан ўз омадини синаб кўрди. Зарба тўсин юқорисидан ўтиб кетди.
- 18'
Кейннинг ўткир бурчакдан берган зарбасига аниқлик етишмади.
- 16'
Гюндоган ўз узатмасига ўзи ҳам тушунмади, чоғи. Пас жуда ҳам ноаниқ кетди.
- 14'
Стандарт вазиятни ижро этган Харри Кейннинг зарбаси устундан қайтди. "Тоттенхэм" рақибни анча хавотирга солиб қўйди.
- 12'
Жарима майдони марказига етказиб берилган тўпни Санчес узоқлаштирди. Бу жамоасининг тезкор қарши ҳужумига уланиб кетди.
- 10'
Тўп майдони марказида. Уни манчестерликлар бир-бирларига узатмоқда.
- 8'
Габриэль Жезуснинг зарбаси ҳимоячилардан ўтмади.
- 7'
Зинченконинг узатмаси шерикларига қадар етиб бормади.
- 5'
"Шаҳарликлар" майдоннинг ҳар бир қаричи учун қаттиқ курашмоқда.
- 3'
Фоденнинг жарима майдони томон оширган тўпига Родри ноаниқ зарба йўллади.
- 2'
Илк дақиқалардан олдинга ўтган мезбонлар бурчак тўпи ишлаб олди.
- 1'
Ўйин бошланди!
- 0'
Футболчилар майдонга тушиб келди. Старт учун барчаси тайёр!
Фикрлар