“Кучли ҳаяжондамиз”: “Барса” юлдузи Ўзбекистон билан бўладиган тўқнашув олдидан яна нималар деди?
Жаҳондаги барча спорт ишқибозлари кутаётган Париж Олимпиадасининг футбол мусобақасини Ўзбекистон – Испания ҳамда Аргентина – Марокаш учрашувлари бошлаб беради.
Кўпчиликнинг эътибори терма жамоамизнинг испанлар билан бўладиган ўйинига қаратилади. Чунки Испания миллий терма жамоаси яқинда Германия мезбонлик қилган Европа чемпионатида ғолиб чиққанидан кейин бу мамлакат футболига бўлган қизиқиш янада кучайди.
Қолаверса, Олимпия ўйинлари бу гал Европа қитъаси юраги бўлмиш Парижда ўтказилаётгани ҳам “кўҳна қитъа” мамлакатлари терма жамоалари натижаларига қизиқишни орттириши табиий ҳол сифатида баҳоланмоқда.
Ўзбекистон ва Испания терма жамоаларининг ўзаро беллашуви олдидан рақиб таркибига жалб қилинган “Барселона” тарбияланувчиси Пау Кубарси испан нашрларига ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
- Мен максимал даражада роҳат олишга ҳаракат қиляпман ва бу ерда бўлиш менга жуда ёқяпти. Тўғрисини айтсам, бир йил муқаддам бу ерга клишим мумкинлиги ҳақида тасаввур ҳам қила олмасдим.
Биз ҳақиқатан ҳам мусобақа бошланиши ва биринчи ўйинни сабрсизлик билан кутяпмиз. Дебют ўйинимизга жуда узоқ муддат тайёрландик, жуда ҳаёжондамиз, чунки Олимпия ўйинлари катта ва масъулиятли мусобақа.
Биз бу турнирга жуда катта иштиёқ ва мақсадлар билан киришяпмиз. Ҳар доим максимал натижаларга интиламиз, чунки Испания терма жамоаси аъзоларимиз. Терма жамоамиз доимо юқори натижаларни қўлга киритиши керак.
Агар биз яхши рақобатлага олсак ва ўз ўйинимизни намойиш қила олсак, мусобақани жуда яхши савияда ўткамиз, - деди 17 ёшли ҳимоячи Пау Кубарси.
Испания терма жамоаси “Токио-2024” Олимпиадасида ҳам жуда муваффақиятли иштирок этиб, финалгача етиб борган. Бироқ испанлар ҳал қилувчи баҳсда Бразилия терма жамоасига ютқазиб қўйиб, кумуш медаль билан кифояланган.
Бу гал испан футболчилари олдига миллий терма жамоанинг қитъа чемпионатидаги зафарли юришларини давом эттириб, Олимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритиш вазифаси қўйилган.
Ўзбекистон ва Испания терма жамоаси мусобақанинг “С” гуруҳидан жой олган. Бу квартетда Миср ва Доминикан Республикаси футболчилари ҳам бор.
Олимпия ўйинларининг эркаклар ўртасидаги футбол беллашувларида 16 мамлакат терма жамоалари тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро рақобатлашади. Ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки поғонани эгаллаган жамоала плей-оффга йўлланма олади.
Гуруҳ баҳсларида иштирокчиларнинг очкоси бир хил бўлиб қолса, аввал тўплар нисбатига, кейин эса, терма жамоаларнинг ўзаро ўйиндаги натижасига қараб, кейинги босқичга йўлланма оладиган жамоа аниқланади.
Фикрлар