
Тугамайди бу ташвишлар, кунигадир янгича "ишлар!"
АПЛда 20-тур стартида бўлиб ўтган ўйинларни мавсумга қиёсласак:
Дастлаб "Челси" "Лутон" билан ўйнади. 3:0 ҳисоби бир қарасак 3:2 бўлиб қолди. Бу мавсумдаги "Челси" ҳам шундай: Бир қараса, жамоада ҳаммаси яхшидек, бир қараса акси. Улар 2023 йилни мана шундай беқарор ўтказди. Гоҳида "аристократлар" ўта ҳужумкор ва чиройли футбол намойиш этиб, ажойиб ғалабаларни қўлга киритди, баъзан эса улар томонидан мағлубиятлар ва муваффақиятсизликлар сериясини кўрдик.
"Сити" 2:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди. Гвардиола шогирдлари бутун йил худди шу зайлда ўйнади. Айрим паллаларда АПЛда бироз қоқилишларни инобатга олмаса, умумий картина ўзгармас. Бу жамоа 2023 йилда дунёнинг энг зўри бўлди.
"Астон Вилла" иштирокидаги ўйинни ҳам кўрдингиз. Жамоа 2:0 ҳисобида ютаётганди. Бироқ беллашув сўнггида ҳисоб 2:2 кўринишига келиб қолди. Унаи Эмери шогирдлари эса учинчи голни уришга ўзида куч топди. Ҳа, ростдан ҳам бу клуб бутун йил давомида қаердандир куч топиб келди. Катта клубларга қарши ўйинларда туриб бера олди ва мана 2023 йилни ҳамда мавсумнинг ярмини кучли тўртликда якунлаяпти.
Ўйнаб бўлганлардан навбат МЮга келди. Жамоа "Ноттингем"га 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Нақадар мантиқан, деган бўлардим-у, аммо "қизил иблислар" 2023 йилни бошлаб то ёзга қадар ишончли ҳаракат қилганди. АПЛда кучли тўртликка кирди ва Англия лига кубогида зафар қучди. Янги мавсумда эса ҳолат кўриб турганингиздай. Тен Хаг ишлаб турган механизмга ўзгартириш киритаман деб уни бузиб қўйдими? Ёки ярим йиллик яхши натижалар шунчаки эйфориямиди? Хуллас, бутун йил учун эмаску, аммо 2023/24 йилги мавсумдаги МЮнинг ҳолатидан келиб чиқсак, бу натижа ярим йиллик ҳаракатларнинг мантиқий якуни бўлди.
Балки яна бир мантиқий якунликка яқин келаётгандирмиз. Бошқача бўлиши мумкинмикан? Айб кимда бўлмасин, ўзгариш қилиш керакдир, балки.
Беморга шифокор тўғри ташхис қўймоқда дейлик. Аммо бемор нега тузалмаяпти? Балки, шифокор ёқмаётгандир? Инжиқ беморга янги шифокор топиш керакмикан, деб қоламан.
Худайқулов Карим мақоласи
Комментарии