Тур сенсацияси “Бунёдкор” стадионида қайд этилди, энг кўп томошабин яна Бухорода
Ads

Хабарингиз бор, 3-4 ноябрь кунлари олий лига 27-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Икки кун давом этган баҳсларнинг батафсил натижалари билан сайтимиз орқали танишиб олгансиз.

Энди эса SPORTS.uz сайти ҳар доимгидек эътиборингизга ушбу тур беллашувларига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан таништириб ўтади.

27-тур учрашувларида стадионларимизга жами 31473 томошабин ташриф буюрди. Бу ўртача бир ўйинга 4496 мухлис дегани. Энг кўп ишқибоз бўйича кўрсатгич Бухородаги "Бухоро" – "Қўқон-1912" баҳсига тўғри келди - 14605. Бу турнинг энг кўп томошабин ташриф буюрган беллашуви ҳисобланади. 27-турнинг марказий ўйини “Қизилқум” – “Динамо” қарама-қаршилигини 8107 мухлис шоҳиди бўлди. Иккинчи ўрин учун курашаётган ва айни пайтда ғалабалари билан барчани хурсанд қилаётган “Насаф”нинг Қаршидаги ўйинини 3350 ишқибоз гувоҳига айланди. 

Энг кам мухлис борасидаги статистика “Бунёдкор” клубига тегишли. Бир тур аввал “Пахтакор”га имкониятни бой берган “қалдирғочлар” ишқибозларни ўзидан анча узоқлаштириб юборди. Натижада, “Бунёдкор” – “Навбаҳор” беллашувини 728 ишқибоз стадиондан кузатди холос. Эътиборли томони шундаки, наманганликлар қаерда бўлмасин ўз суюклиларини қўллаб туришарди. Бундан кўпроқ томошабин ўйингоҳга ташриф буюрарди. Ҳатто, “лочинлар” сафарда тўп тепсалар ҳам.

Қуйида ушбу тур томошабинлар энг кўп кузатган ўйинлар кетма-кетлиги билан танишишингиз мумкин:

“Бухоро” (Бухоро) – “Қўқон-1912” (Қўқон) 2:2.  14605 томошабин.

“Қизилқум” (Навоий) – “Динамо” (Самарқанд) 1:0.  8107 томошабин.

“Насаф” (Қарши) – “Металлург” (Бекобод) 2:0.  3450 томошабин.

“Сўғдиёна” (Жиззах) – “Пахтакор” (Тошкент) 0:1.  2350 томошабин.

“Нефтчи” (Фарғона) – “Локомотив” (Тошкент) 0:0.  1121 томошабин.

“Олмалиқ” (Олмалиқ) – “Шўртан” (Ғузор) 3:1.  1112 томошабин.

“Бунёдкор” (Тошкент) – “Навбаҳор” (Наманган) 2:2. 728 томошабин.