Туркия Суперлигасининг 23-туридан ўрин олган барча учрашувлар якунига етди.

Туркияда 23-тур баҳслари сенсацияларга бой тарзда ўтди. Турнир жадвали етакчилари очко йўқотди. Ушбу турни Ҳусниддин Алиқулов тўп тепадиган "Ризеспор" жамоаси "Кожаэлиспор"га қарши баҳс билан бошлаб берди. Ўйинни Алиқулов жароҳати сабабли ўтказиб юборди. Учрашув мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. 
Image

21 февраль куни эса Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ҳаракат қиладиган "Истанбул Башакшехир" жамоаси сафарда "Аланяспор" меҳмони бўлди. Учрашувнинг 14-дақиқасида истанбулликлар форварди Давье Зельке Амин Ҳаритнинг узатмасидан сўнг, тўпни дарвоза тўрига жойлаб ҳисобни очди. 41-дақиқага келиб, жарима майдончаси ичида Аббосбек Файзуллаевга нисбатан қўполлик ишлатилди ва учрашув бош ҳаками мезбонлар дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрли жарима зарбасини амалга оширган Элдор Шомуродов мўлжалда адашмади ва ҳисобни ишончли кўринишга келтирди. Иккинчи бўлимда ҳам жамоалар чиройли футбол намойиш этиб берди. 67-дақиқага келиб, "Аланяспор" футболчиси орадаги фарқни биттага қисқартирди. Таблодаги ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади ва "Истанбул Башакшехир" муҳим 3 очкони қўлга киритди.
Image

 Суперлига пешқадами бўлиб турган "Галатасарой" ушбу турга келиб иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. "Коняспор" меҳмони бўлган истанбулликлар 2:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Гарчи "Галатасарой" тўп назорати ва ўйинни тўлиқ назорат қилган бўлса-да вазиятлардан фойдаланишда мезбонлар яхшироқ ҳаракат қилди ва якунда сенсацион тарзда ғалаба қозонди.

Image

Турнинг марказий учрашувида "Бешиктош" ва "Гўзтепе" жамоалари баҳс олиб борди. Ўйин давомида мезбонлар тўлиқ устунлик билан майдонда ҳаракат қилди. Рақиб дарвозаси томон 7та аниқ зарба берган "Бешиктош" уларнинг 4тасини голга айлантиришга муваффақ бўлди. Мезбонларнинг голларига Оҳ Хюн Гю, Олаитан Жуниор, Уилфред Ндиди ва Амир Муриллолар муаллифлик қилди. Якуний ҳисоб 4:0 "Бешиктош" 3 очкони қўлга киритди.

Image

Мавсумни мағлубиятсиз тарзда ўтказаётган "Фенербахче" клуби "Галатасарой"нинг қоқилишидан фойдалана олмади. Ўз уйида "Касимпаша"га қарши баҳс олиб борган истанбулликлар муҳим очколарни йўқотди. Учрашувнинг энг кульминацион нуқтаси ўйиннинг қўшиб берилган дақиқаларида кузатилди. 95-дақиқага келиб, "Фенербахче"нинг испаниялик юлдузи Марко Асенсио гол уриб, ҳисобни очди аммо мезбонларнинг қувончи узоққа чўзилмади ва 90+11 дақиқада меҳмонлар жавоб голини уриб, 1 очкони қўлга киритди. 
Image

23-турдан сўнг турнир жадвалида ҳали ҳамон "Галатасарой" пешқадам бўлиб қолмоқда.
Image

24-тур беллашувларига 27 февраль санасида старт берилади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!