"Турон" футболчиси: "Майдонда мураббий ўйнамайди, биз ўйнаймиз. Шунинг учун мураббийдан муаммо йўқ"

Маълумки, Яйпаннинг “Турон” клуби жорий йилда Суперлигада ҳозирча ғалаба қозона олмаган ягона жамоа бўлиб турибди.

Ўтган йили про лигадан яна кучлилар сафига қайтган жамоанинг қайд этаётган натижалари ашаддий мухлисларини хафа қилаётгани бор гап.

Биринчи давра охирлаб қолди, наҳот яйпанликлар мавсумнинг дастлабки қисмини ғалабасиз тугатишса?!

Жамоанинг асосий футболчиларидан бири Хушнуд Авиловга юқоридаги масалалар бўйича саволлар бердик.

- Чемпионатимизда бироз танаффус эълон қилинди. Бу нарса қийин ўтаётган мавсумда “Турон” учун айни муддаоми? Яъни, танаффус жамоага зарурмиди ёки аксинчами?

- Жамоамизга танаффус керак эди, деб ўйлайман. Нимагаки, янги мураббийнинг ўз ўйин услуби бор. Биз ўша танаффусда иш услубига ўрганамиз.

авилов_1

- Яна 2 та турдан кейин расман биринчи давра баҳслари якунланади. Таркиб жиддий ўзгаришларга муҳтожми ёки шу футболчилар билан ҳам вазиятдан чиқиб кетса бўладими?

- Билмайман, буни мураббийлар ва раҳбарият ҳал қиладилар. Клубга ким келади ёки ким кетади, ҳаммаси бошлиқларга боғлиқ. Ҳозирча шу жамоа билан ўйнаймиз.

- Сиз учун жорий йилда “Турон”даги энг аламли ўйин сифатида қайси учрашувни айтган бўлардингиз?

- Мен учун “Олимпик” билан ўйин жуда қийин бўлди ва жамоамиз ютқазиб қўйди. Мени биринчи бўлимдан кейин захирага олишди. Ўша учрашув мен учун эсда қоладиган бўлди.

авилов3

- “Турон” мураббий ўзгарганидан кейин ҳам ютолмаяпти. Балки ўйинчилар россиялик мутахассиснинг ўйин услубига тўлиқ мослаша олмаётгандир. Бу борада нима дейсиз?

- Буни сабаби кўп. Ўзимиз ғалаба қозона олмаяпмиз. Майдонда мураббий ўйнамайди, биз ўйнаймиз. Шу боис ҳозирча мураббийдан муаммо йўқ.

- Июль ойида трансфер ойнаси очилади. Ўзингизни режангиз қандай? Жамоада фаолиятингизни давом эттирасизми ёки бошқа вариантларни кўриб чиқасизми?

- Жамоам билан икки йиллик шартномам бор. “Турон” хўжайинлари нима деса шу. Лекин фаолиятимни Худо хоҳласа, “Турон”да давом эттираман. Бизга ишонч билдираётган мураббийларга ва раҳбариятга раҳмат. Насиб қилса, “Турон” ҳали ўз сўзини айтади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Muratbay
15/06/2023 21:37
Турон суперлигада калишни хакласа ярдам бераман 949893525