"Турон"ни бошқариш учун менинг ҳам номзодим борлигини эшитдим" ёхуд "Сурхон" мураббийи клубдаги тақдири қачон ҳал бўлишини айтди

Термизнинг “Сурхон” жамоаси оғир кечган мавсумда бир амаллаб, Суперлигада қолиш вазифасини уддалай олди.

Хабарингиз бўлса, иккинчи давра ўрталарида клубга Ёрқин Назаров таклиф қилинди ва мураббийлар штабида ишга киришди. Бир сўз билан айтганда, “Сурхон” жамоаси Суперлигада қолиш учун муносиб ўйин кўрсата бошлади.

Албатта, бу борада бош мураббий Баҳром Ҳайдаровнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Шу билан бирга Ёрқин Назаров билан ҳамкорликда яхши иш олиб бордилар. Ушбу мутахассис “Андижон”ни ҳам бошқарганини биласиз. Кейин асосий рақобатчиларидан бирида ишга киришди ва якунда “Сурхон” билан элитада қолди.

- “Андижон”дан кетганимдан сўнг, бироз дам оламан, деб ўйлагандим, - дея гап бошлади Назаров. - Аммо “Сурхон” раҳбари қўнғироқ қилиб иш таклиф қилди. Яъни, клуб директори лавозимини ўртага ташлади. Ўйлаб кўрганимдан кейин кўришдик ва шартнома имзоладик. Лекин битта ўйин ўтганидан кейин раҳбар мени чақириб, жамоа ўйини муҳимроқ, директорликдан кўра, айнан ўйинни йўлга қўйиб, клубни Суперлигада олиб қолишимиз бўйича вазифа юклади. Ўзим билан бирга Тимур деган ёрдамчимни “Сурхон”га олиб келдим. У “Андижон”да ҳам менга ёрдам берган. Шундай қилиб, ишга киришиб кетдим. Машғулотларда футболчиларни ўзимизни ўйин услубимизга мослаштириб, шунга яраша таркибни шакллантирдик. Кейин билсам, футболчиларни шартномаларида агар клуб 10-ўринни олса бонуслар бор экан. Мендаги вазифа “Сурхон”ни Суперлигада олиб қолиш эди. Кейин ўйинчиларнинг шартномаларида ёзилган бандга асосан биз нафақат элитада қолиш, балки 10-ўринни эгаллаш вазифасини ҳам бажардик. Биринчи навбатда, раҳбариятнинг олдида юзимиз ёруғ бўлди. Худога шукр, қилган ишимиздан қониқишди. Сурхондарёлик мухлислар ҳам биздан хурсанд.

назаров_2

- Клубда бош мураббий Баҳром Ҳайдаров эди. Натижага ким жавобгар бўлганди?

- Тўғрисини айтсам, натижа бўйича раҳбариятга мен жавоб беришим керак эди. Умуман олганда, бутун мураббийлар штаби жавоб берарди. Аммо ҳар ўйиндан кейин мен раҳбарнинг олдига кириб ҳисобот топширишим керак эди. Клубда ҳамма мураббийлар – Баҳром Ҳайдаров, Рустам Орипов, Шавкат Абдухўжаев, барчамиз ишладик. Ҳаммага ташаккур айтамиз. Чунки клубдаги барча бир жамоа бўлиб меҳнат қилдик.

назаров2

- Янги мавсумда ҳам “Сурхон”да ишлашда давом этасизми?

- Мени “Сурхон” раҳбарияти жамоада қолдирмоқчи. Лекин хабарингиз бўлса, клубга янги ҳомийлар келяпти. Фақат уларни келаётгани ҳозирча оғизда гапириляпти. Расмий равишда “Сурхон”ни бошқаришга киришгани юзасидан қарор чиққани йўқ. Улар академия ва болалар футболини кўтаришадими ёки бош жамоага ҳам раҳбарлик қилишадими? Ҳозирча менда бу борада аниқ маълумот йўқ. Кейинги фаолиятим бўйича бир ҳафтадан кейин ойдинлик киритилади. Бундан ташқари, Суперлига ва про лигадан таклифлар тушяпти. Ҳозирча ҳеч қандай жавоб бермадим. “Сурхон”даги тақдиримга қараб кейин жавоб айтаман.

- Мендаги маълумотга қараганда, сизга “Турон” клуби қизиқяпти экан. Бу жамоадан таклиф бўлдими?

- “Турон” бош мураббийлиги учун менинг ҳам номзодим турганини эшитдим. Аммо расман бу клубдан ҳеч ким менга алоқага чиққани йўқ. Боя айтганимдек, ҳозирча “Сурхон”даги ишимни ҳал қилиб олганимча йўқ.

назаров1

- Собиқ клубингиз - “Андижон”нинг Суперлигани тарк этишига қандай муносабат билдирасиз?

- Суперлигани тарк этиш учун номзодлар бешта эди. “Сурхон”, “Турон”, “Металлург”, “Андижон” ва “Машъал”. Шулардан исталган иккита жамоа тушиб кетиши мумкин эди. Лекин охирги турларда “Сурхон” билан “Металлург”га омад кулиб боқди ва биз Суперлигада қолдик. “Андижон”ни ҳам қолиш учун имконияти бор эди. Ўз майдонида “Металлург”ни ютаётиб охирги дақиқаларда иккита тўп ўтказиб юбормаганида иккала жамоани ўрни ўзгарган бўларди. “Андижон”ни тушиб кетганини бошқалардан қидирмаслик керак, ҳаммаси ўзида бўлди. Ўйинларда жамоага омад кулиб боқмади. Футболчилар яхшими-ёмонми, бюджетига яраша ўйинчилар бор эди. Уларнинг орасида яхши футболчилар ҳам борлигини айтишим керак.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!