Тухель Париждаги мағлубиятлар учун “Олд Траффорд”да қасос ола биладими? (превью)
Ушбу икки клубни бир-бирига мутлақо тескари типда, деб айта оламиз. Бири ҳатто футболнинг ўзи билан ҳам қарийб тенгдош бўлган, доим ўз анъаналари ва дунё миқёсидаги мухлислари билан мақтаниб келган буюк тарих бўлса, иккинчиси сўнгги декада мобайнида тўғри йўналиш танлаган ҳолда, “кўҳна қитъа” грандлари орасига кира олган “бойвачча”! Уларнинг бир-бирига қарама-қарши бўлган йўллари ўзаро беллашувларда ҳам акс этиб келмоқда. Парижда кечган сўнгги икки баҳсда майдон эгалари аламли мағлубиятларни қабул қилиб олишди. Бугун улар мана шу муваффақиятсизликлар учун ўч олиш ҳамда гуруҳни “манкуниянлар” 1-поғонада якунлашига ўзаро баҳсда йўл қўймаслик мақсадида “орзулар театри”да саф тортадилар. Ушбу майдонда кечган охирги ўйинда парижликлар мезбонларни қийинчиликсиз таслим этган. Тарих такрорланадими?
“Манчестер Юнайтед”
“Қизил иблислар” матбуот хизмати вакили Мэтью Ховартнинг таъкидлашича, Оле-Гуннар Сульшер ПСЖга қарши учрашувда рақибга тактик сюрпризлар тайёрлаб қўйган. Албатта, ушбу беллашувда ҳар қандай ҳолатда ҳам меҳмонлар ҳужумкор футбол намойиш этади. Бундай ҳолда манчестерликларда қарши ҳужумдаги улкан имкониятлар пайдо бўлади. Мэтью ўз фикрини давом эттирар экан, мана шу қарши ҳужумларда Бруну Фернандешнинг кесувчи паслари ва Рэшфорднинг тезлиги ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган омил бўлишини айтиб ўтган. Дарҳақиқат, ҳимоядаги муаммолари доим бўй кўрсатиб келган ПСЖ бу каби қарши ҳужумлардан бугунги баҳсда кўп бора азият чекиши аниқ. Қувонарлиси, бугунги ўйинга “қизил иблислар” деярли йўқотишларсиз ташриф буюрмоқда. Оле-Гуннар Сульшер жамоасидан фақатгина Люк Шоу майдонда кўриниш бермайди. Аммо норвегиялик мутахассис мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, трансферлар ойнаси мобайнида Алекс Теллесни харид қилиб қўйганди. АПЛнинг якунига етган турида ушбу футболчи МЮ сафида асосий таркибда майдонга ташланди ва ўзини анча яхши тарафдан кўрсата олди. Майдонга тушиши сўроқ остида бўлиб турган Де Хеа ўрнига эса Дин Хендерсон дарвозани эгаллай олади. “Шеффилд”даги ажойиб ўйинларини кўргач, бош мураббий уни ижарадан қайтариб олганди. АПЛнинг якунига етган турида ушбу футболчи МЮ сафида асосий таркибда майдонга ташланди ва ўзини анча яхши тарафдан кўрсата олди.
Бугун шунингдек, евромайдонда миллий биринчиликдан яхшироқ ўйин намойиш этадиган Донни ван де Бекнинг ҳаракатларини кузатиш ҳам анча қизиқ бўлади. Аарон Уан-Бисакка Европа топ-5 чемпионатидаги энг яхши қанот ҳимоячиларидан бири. У рақибдан тўпни олиб қўйиш кўрсаткичи бўйича энг зўр кўрсаткичларга эга. Унинг ушбу иқтидори “финтлар машинаси” Неймарга қарши иш берармикан?!
Бугун яна Скотт МакТоминей таянч зонасига жавоб беради. ПСЖга қарши ўйинларда у доим асосий роллардан бирини ўйнаган.
“Манчестер Юнайтед” кетма-кет 4 та ўйинда ғалаба қозониб келмоқда. Бу Париж клубини ўйлантириши лозим бўлган жиҳат.
Тахминий таркиб: Де Хеа, Уан-Бисакка, Линделёф, Магуайр, Теллес, Ван де Бек, Фред, Рэшфорд, Фернандеш, Марсьяль, Кавани.
Сўроқ остида: Де Хеа, МакТоминей, Байи, Погба, Лингард.
Иштирок эта олмайди: Шоу, Туанзебе.
ПСЖ
Бугун Париждаги спорт газеталарининг асосий мавзуси: “Манчестер Юнайтед”ни қандай енгиш мумкин? “L’Equipe” ўзига хос тактик ишланмаларни ҳам тақдим этмоқда. Нашр бераётган ғояларга кўра, рақиб ўйинини бузиб қўйиш учун Бруну Фернандешни назорат қилиш лозим бўлади. Рақиб марказий ҳимояси нисбатан заифроқ эканини инобатга олган ҳолда. Марказдан уюштириладиган ҳужумлар кўпроқ самара келтириши мумкинлиги тахмин қилиняпти. “Le Parisien” нашри эса ушбу вазифани яқиндагина Париж клуби сафидаги 100-голини киритган Килиан Мбаппе бемалол бажара олишини айтиб ўтмоқда.
ПСЖ сўнгги турда миллий чемпионатдаги учрашувда очко йўқотди. “Бордо”га қарши баҳс якунда бой берилиши ҳам мумкин эди. Унда аввалроқ эса Томас Тухель шогирдлари “Монако”га имкониятни бой берганди. Француз ОАВда немис мутахассисининг истеъфоси ҳақидаги гап-сўзлар ҳам кўпайиб қолди.
Евромайдонда жорий мавсумдаги натижалар ҳеч кимни қониқтирмаслиги аниқ. Жамоа ўзига нисбатан ишончни айнан мана шундай ўйинларда қўлга олиши мумкин. Мағлубият уларнинг кейинги босқичга чиқиш масаласини ҳам оғирлаштириб юборади.
Тахминий таркиб: Навас, Флоренци, Маркиньос, Кимпембе, Баккер, Эррера, Данило, Вератти, Ди Мария, Мбаппе, Неймар.
Иштирок эта олмайди: Бернат, Дракслер, Икарди, Сарабиа.
Мураббийлар
Оле-Гуннар Сульшер: “Тезроқ плей-оффга чиқиб олганингиз яхши ҳолат. Биз гуруҳни ғолиб сифатида якунламоқчимиз. Биз ушбу ўйинга ўз услубимизда тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ҳужумдаги интенсивлик ва ҳимоядаги тартиб орқалигина бу каби юқори даражадаги рақибларни енгишимиз мумкин. Хаёлимизни фақат ғалаба банд этган.
Кавани тайёр, ПСЖга қарши баҳсда майдонга туша олади. Бугунги ўйин у учун катта аҳамиятга эга. ПСЖ тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланган Эдинсон собиқ жамоасига қарши ҳаракат қилиши у учун руҳий томондан оғир эканлигини тушунаман. Аммо айнан шу жиҳат унга қўшимча энергия беради”.
Томас Тухель: “Олд Траффорд”даги ушбу ўйин финалга тенг. Баҳона излашга ҳаққимиз йўқлигини тўлиқ англаб турибман. Ғалаба қозониш учун қўлимиздан келганини қилиш ва унга эришиш ўзимизгагина боғлиқ. Ҳа, бу қийин топшириқ, аммо уддалаш мумкин.
Бир соат олдин Мбаппенинг бир йилдан бери ЕЧЛда гол ура олмаётгани ҳақидаги статистикани эшитиб қолдим. Балки, бугунги ўйин мана шу нохуш анъанага барҳам беришнинг айни пайтидир. Балки, айнан мана шу жиҳат бизнинг атиги 6 очкога эга эканлигимизнинг сабабидир. Мен унинг кам гол ураётгани ҳақида гапира олмайман. Сабаби, унда ҳужумчига керакли барча ҳислатлар мавжуд”.
Хулоса ўрнида
Бугун принципиаллик ва иштиёқ жиҳатидан энг юқори даражадаги ўйинлардан бирини кузатиш имкониятига эга бўламиз. Одатда, ҳаёт-мамот ўйинлари бу типдаги грандлар учун плей-оффдан бошланарди. Аммо бугунги футболда ҳамма кучли ва ЕЧЛда оддий рақиблар қолмаган. Шунинг учун ҳам энди топ-5 чемпионатлар вакиллари ҳам қолган жамоаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга мажбур.
Ўйинда жанговар дуранг ёки голларга бой баҳсдаги қайсидир жамоанинг ғалабасини тахмин қилишимиз мумкин. Бу ўйин олдидан билдирилаётган одатдаги фикрлар. Барчасини ижро этадиган ва ўзгартирадиганлар футболчилардир. Биргаликда томоша қиламиз!
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар