U-16 Осиё чемпионати саралаш баҳслари Тошкентда бўлиб ўтади

Хабарингиз бор, айни кунларда Азамат Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон U-16 терма жамоаси ўқув-машғулот йиғинлари орқали Осиё чемпионати саралаш баҳсларига тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан терма жамоамиз бўлажак муҳим мусобақага етарлича тайёргарлик кўриши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб берилмоқда.
 
Жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ўзбекистон U-16 терма жамоасига саралаш ўйинларида қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, Осиё чемпионати саралаш ўйинларига мезбонлик қилиш бўйича Осиё футбол конфедерациясига сўровнома юборганди. ОФК мазкур сўровномага ижобий жавоб қайтариб, U-16 Осиё чемпионати саралашидан ўрин олган тегишли гуруҳдаги ўйинлар Тошкентда бўлиб ўтишини тасдиқлади. Саралаш баҳслари шу йилнинг октябрь ёки ноябрь ойларида ўтказилади. Мазкур саралаш ўйинларига қуръа ташлаш маросими санаси ОФК томонидан алоҳида эълон қилинади.

Умумий ҳисобда U-16 Осиё чемпионати саралаш баҳслари қуйидаги мамлакатларда ўтказилади:
 
Ғарбий ҳудуд: Иордания, Саудия Арабистони, Эрон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қатар.
 
Шарқий ҳудуд: Индонезия, Лаос, Мьянма, Сингапур, Вьетнам. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!